18:34 / 13.02.2019
5 094

Наманганда сохта «прокурор»га жазо тайинланди (фото)

Наманганда сохта «прокурор»га жазо тайинланди (фото)
Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида фирибгарликка қўл урган Х.Б.га оид жиноят иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда «Дарё»га суд раиси Бахтиёр Таваккалов маълум қилди.

Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган Х.Б. оилали, 2 нафар фарзанди борлигига қарамай, яна жиноятга қўл урди. Муқаддам у 2013 йилда ҳам фирибгарлик ва бошқа жиноятларни содир этганлиги боис жавобгарликка тортилган эди. Аммо ўзига тегишли хулоса чиқармади.

Х.Б. вилоятдаги турли идоралар қабулхонаси телефон рақамларини билиб олиб, сўнг мазкур идораларга қўнғироқ қилади. Ўзини вилоят прокуратураси ходими «Бекзод» деб таништиради ва раҳбарлар у билан боғланишларини тайинлайди.

Жумладан, 2018 йил 6 ноябрь куни Норин туман қишлоқ қурилиш касб-ҳунар коллежи раҳбари унга телефон қилганида Республика прокуратурасидан меҳмонлар борлиги, уларнинг тушлиги учун ёрдам қилишини сўраб, коллеж раҳбари олдига ўзи боради. Прокуратура ходими «Бекзод» юборганлигини айтиб, ундан 300.000 сўм олиб кетади.

Шунингдек, 2018 йил 7—13 ноябрь кунлари оралиғида Норин туман газ таъминоти бўлими бошлиғидан 100.000 сўм, Норин тумани тиббиёт бирлашмаси бош врачидан 300.000 сўм, Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси бош врачидан 300.000 сўм, Мингбулоқ туман газ таъминоти бўлими бошлиғидан 400.000 сўм, Поп туман газ таъминоти бўлими бошлиғидан 1.500.000 сўм, жами 2.900.000 сўм пулларни фирибгарлик йўли билан олиб, шахсий эҳтиёжи учун ишлатиб юборади.

Х.Б.Чортоқ туман электр тармоқлари корхонаси бошлиғи, Чортоқ туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи, Поп туман солиқ инспекцияси бошлиғи, Учқўрғон туман солиқ инспекцияси бошлиқларига ҳам ўзини вилоят прокуратураси ходими «Бекзод» деб таништириб, Республика прокуратурасидан меҳмонлар келганлиги, уларнинг тушликлари учун ёрдам беришни сўрайди, бироқ ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар туфайли жиноятни охирига етказа олмайди.

2018 йил 14 ноябрь куни Х.Б.Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси бош врачига телефон қилиб, эски усул бўйича Республика прокуратурасидан вакиллар борлигини айтиб, уларни меҳмон қилиш харажатларга 200 АҚШ доллари беришни сўрайди. Бош врач рози бўлиб, айтилган пулларни ходими М.Ф. дан бериб юборишини айтади ва бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилади. Шундан сўнг ўтказилган тезкор тадбир давомида Х.Б. 800.000 сўмни М.Ф. дан олаётган вақтда ушланади. Унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилади.

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида ушбу жиноят иши кўриб чиқилди. Қизиқ томони, жабрланувчилардан сохта «прокурор»га нима учун пул берганлари сўралганида, бу ишни «одамгарчилик юзасидан» амалга оширганларини билдирди.

Фото: Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди
Х.Бга нисбатан ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Судланувчи 2018 йил 14 ноябрдан 2019 йил 30 январга қадар қамоқда сақланган кунларини чегириб ташлаб, узил-кесил ўташ учун учун 2 йил 9 ой 14 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси ўташ белгиланди.

Суд мазкур иш бўйича жабрланувчиларга етказилган 2.900.000 зарар тўлиқ қопланганлигини инобатга олди. Жиноят кодексининг 168-моддаси 5-қисмига асосан зарарлар қопланган тақдирда қонун санкциясида кўрсатилган озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланиши белгилаб қўйилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Наманганда сохта «прокурор»га жазо тайинланди (фото)