21:30 / 13.02.2019
6 477

Ўзбекистонда қанча амалдор коррупцияга қўл урди?

Ўзбекистонда қанча амалдор коррупцияга қўл урди?
Коррупцияга қарши курашнинг олтин қоидалари мавжуд эмас: у турли жамиятларда ҳар хил кўринишда намоён бўлади. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси маълумотига кўра, республика бўйлаб, 2018 йилда 1561 нафар турли тоифадаги мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Бу шахсларнинг 821 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш, 138 нафари пора олиш ва бериш, қолганлари эса бошқа мансабдорлик жиноятларида айбланган.

Ҳисоботда келтирилаётган рақамлар кичик ё катталигини тасдиқлаб бўлмайди. Шунга қарамай, коррупцияга қарши кураш қандай кечаётганини таҳлил қилиш мумкин.

Нималар қилинди?

Ўзбекистоннинг замонавий тарихида коррупцияга қарши курашиш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди: БМТ Коррупцияга қарши конвенциясига қўшилиш, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун, «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори кучга кирди.

Коррупцияга қарши курашишнинг институционал тузилмаси сифатида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилди. Аммо 2018 йил давомида фақат 138 нафар амалдорнинг пора олиш ва бериш ҳолати билан қўлга тушгани, ишлар самарали ташкил этилганини англатмайди.

Негаки, коррупцияга алоқадорликда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилган шахсларнинг аксариятини - хўжалик юритувчи субъект раҳбарлари (580 киши), таълим соҳаси вакиллари (247 киши), соғлиқни сақлаш тизими вакиллари (83 киши) ва қолган қисмини бошқа соҳа вакиллари ташкил қилади. Яъни, коррупцион ҳолатларни фош этиш ижтимоий соҳа вакиллари орасида тез-тез учраб турибди, аммо жамиятнинг бошқа касб эгалари ҳақида маълумот мавжуд эмас. Жинояти фош қилинган мансабдор шахсларнинг 39 нафари республика, қолганлари вилоят туман-шаҳар миқёсидаги вазирликлар, идоралар ҳамда корхона ва ташкилотларда ишлаб келган.

Коррупцияга қарши курашнинг 5 йўли

1. Коррупцияга қарши курашнинг асосий ричаги — жазонинг муқаррарлиги ва жавобгарлик мавжудлигида. Қонунларда жавобгарликни қатъийлаштирмасдан, ҳар бир ҳаракат учун жазо муқаррарлигини белгиламасдан, ҳеч қайси жамиятда коррупцияга қарши самарали кураш тизимини ташкил этиб бўлмайди. Масалан, Ўзбекистон Жиноят кодексида коррупция ҳолатларида баъзан етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги ҳам мумкин.

Масаланинг бошқа томони эса жазо мавжуд бўлса-ю, жавобгарликка тортиш ҳолати ёхуд ишлари суст кечса, у ҳолда нима қилмоқ керак? Ўйлашимча, бунинг учун қуйидаги бандаларга эътибор қаратиш лозим.

2. Маъмурий ва молиявий иш юритиш услубини ислоҳ этиш керак. Молиявий ресурсларни самарали бошқариш, аудит агентликлари ролини ошириш жамият ҳаётида кутилган ва ижобий янгиликларга сабаб бўлади. Фуқаролар учун бюджет эълон қилинди, аммо давлат харидлари масаласида якуний нуқта қўйилмаган. Халқаро молиявий ташкилотлар тақдим этаётган кредитлар нима мақсадда, қандай сарфланаётгани ҳақида ҳам очиқ маълумотлар базаси мавжуд эмас.

Ўзбекистонда жуда кўп коррупциоген ҳолатлар маиший юмушлар, хусусан идора ё ташкилотлар томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари билан боғлиқ. Жаҳон тажрибасида экспресс касса тушунчаси юритилади, яъни хизматларнинг тезкор кўрсатилиши учун қўшимча пул тўлаш легаллаштирилган. Коррупцияга қарши курашнинг бундай ечими ҳақида ҳам ўйлаб кўрса бўлади, чунки пора бериш масаласи айнан давлат хизматларини кўрсатишда кўп учрайди. Шунингдек, маъмурий бошқарувдаги бюрократик тўсиқлар, сансалорликка солиш ҳам коррупциянинг ривожланишига жиддий сабаб бўлувчи омиллардан саналади. Бунинг учун қонунчиликнинг коррупцияга мойил нормаларини қайта кўриб чиқиш тавсия этилади.

3. Матбуот эркинлиги ва маълумотлар очиқлиги коррупциянинг ашаддий кушандаси ҳисобланади. Freedom House инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти «Freedom in the world 2019» ҳисоботида 195 мамлакатидаги вазиятни қиёсий таҳлил қилиб, Ўзбекистонни сўз эркинлиги мавжуд бўлмаган давлатлар қаторига қўшган. Бундай салбий кўрсаткич матбуот эркинлигига ҳам тааллуқлидир.

Давлат ташкилотлари, идора ва хўжалик субъектларининг молиявий шаффофлиги мақтовга арзигулик даражада эмас, йиллик ҳисоботлар эса давра суҳбатида айтиладиган умумий гаплар билан тўлдирилади. Аҳамиятга молик тендер, танлов ва имтиёзлар қай тартибда тақдим этилиши, берилгани деярли мавҳум қолади. Расмий статистиканинг имижи узоқ пайтлар салбий фонда қолганди.

4. Парламент олдида мансабдорлар, ташкилот вакилларининг ҳисобдорлигини ошириш керак, бу жараёнлар кенг жамоатчиликка етиб боришида кўмак зарур. Ўзбекистонда давлат бюджетидан ташқари, вазирлик, ташкилотлар ҳузурида турли мақомдаги жамғармалар мавжуд. Унинг маблағлари қандай сарф этилаётгани, баланс ҳақида умумий маълумот ҳам оммага эълон қилинмайди. Масалан, шу пайтгача ўтган Ўзбекистондаги сайлов кампаниялари учун қанча пул сарфлангани ОАВга маълум қилинмаган.

5. Лоббизм ва давлат хизматчилари, уларнинг яқин қариндошларига оид маълумотлар очиқланиши керак. Соддароқ қилиб айтганда, тор доира шахслар манфаатида парламент муҳокамасида (бизнинг вазиятда ҳукумат ва қуйи бўғинларда ҳам) бир ёқлама иш кўрувчилар мақоми расман келтирилиши, давлат амалдорлари ва бизнес доирасининг ҳар бир учрашуви расман рўйхатга олиниши лозим. Акс ҳолда, рўйхатга олинмаган учрашув ёхуд алоқанинг узвийлиги аниқланса, жавобгарлик пайдо бўлиши керак.

Шу билан бирга, давлат хизматчиларининг алоҳида мақомини белгилаб берувчи қонун қабул қилиниши лозим. Давлат хизматчиси ва унинг яқин қариндошлари қанча мол-мулкка эгалиги, орттираётган бойлиги ҳақида расмий маълумот тарқатилиши лозим.

Коррупция давлат ва фуқаро ўртасидаги ижтимоий шартномага рахна солади, жамиятда вайронкор ғояларнинг пайдо бўлишига, ривожланишига сабаб бўлиши мумкин. Коррупцияга қарши кураш масаласи қанчалик сиёсий ирода боғлиқ ҳолат кўринса-да, унга бефарқлик оқибатлари фақат иқтисодий бўҳронларга олиб келади. Коррупцияга қарши кураш соҳада юқори технологияларни жорий этмасдан туриб, яхши натижага эришиш мумкин бўлган ҳаракат эмас.​
Алишер Рўзиохунов

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда қанча амалдор коррупцияга қўл урди?