23:53 / 02.03.2019
4 764

Ногирон боладан сабоқ...

Ногирон боладан сабоқ...
Йўлда кетаётиб машаққат билан юраётган болага кўзим тушди. Қўлтиқтаёққа суянган, гавдасини тутолмай чапга-ўнга чайқаларди. Ўн уч-ўн тўрт ёшлар чамасида эди. Болага тикилиб қолгандим, тўсатдан ерга йиқилиб тушди. Югургилаб ёнига бориб, турғизишга уриндим.

Сассиз йиғларди.
– Иншаа Аллоҳ, бирор еринг оғримагандир,- дедим. – Бўлиб туради, хафа бўлма, болам.
– Хафа бўлмаяпман,- деди.- Аслида кўп ҳам хафа бўлавермайман.
– Лекин нега йиғлаяпсан? –дея сўрадим.
– Қўлим оғриди,- деди.- Шунинг учун кўзимдан ёш чиқиб кетди.
Қараб қўяй деб, кўйлагини сидирдим. Чап қўли билагидан кесилган эди. Шунинг учун бир қўлтиқтаёғини яхши тутолмасди.

Ўрнидан қўзғалиб:
– Кунда бир неча марта йиқилишга одатландим,- деди. – Ўтган йили йиқлиб тушганимда қўлим машина остида қолиб кетганди.
Сўз тополмай қийналдим. Тасалли бериш учун:
– Ўкинма!- дедим.- Бундан ҳам ёмони бўлиши мумкин эди.

Юзимга тикилган кўйи:
– Ўкинмайман,- дея жилмайди. – Аслида мен кўп хафа бўлмайман. Ўксинмайман.
– Бироз олдин ҳам шундай дединг,- дедим. – Нега бунақа деяпсан?

Қалтираётган гавдасини тик тутишга уриниб:
– Чунки мен Аллоҳга ишонаман,- деди.- Унга ишонганлар гўзал вужудли, соғлом бўлмайдиларми? ..
Бу гал индамай қолдим. Бир сўз айтолмасдим...

Табассум билан миннатдорчилик билдириб, ёнимдан узоқлашди...
Қаҳрамон боланинг ортидан қараб “Ажабо, қай биримиз бахтиёр эканмиз?..” дея ўйга ботиб қолдим...
Жунайд Суави
Умида Адизова таржимаси

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ногирон боладан сабоқ...