date
views 4 401

Абдулазиз Комилов “Толибон” раҳбарларидан бири билан учрашди

Абдулазиз Комилов “Толибон” раҳбарларидан бири билан учрашди
Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Қатардаги “Толибон” ҳаракати сиёсий офиси раҳбари мулла Бародар Ахунд билан амалий учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Музокараларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев ҳам иштирок этди.

Мулла Бародар Ахунд Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Афғонистондаги тинчлик жараёнига кўмаклашишга қаратилган сиёсатини юқори баҳолади. У ўтган йилнинг март ойида ўтказилган ҳамда афғон можаросини тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларнинг фаоллашишига кучли туртки берган Афғонистон бўйича Тошкент конференцияси аҳамияти ва якунларини ҳам алоҳида таъкидлади.

Бундан ташқари “Толибон” ҳаракати раҳбарияти вакили транспорт, энергетика ва таълим соҳаларидаги муҳим иқтисодий лойиҳаларни Афғонистонда амалга ошириш бўйича Ўзбекистон ташаббусларини ижобий баҳолади. Унинг алоҳида қайд этишича, Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган йирик инфратузилма лойиҳалари нафақат Афғонистоннинг иқтисодий ривожланишига, балки мамлакатда тўла қонли сиёсий жараён бошланиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга хизмат қилади. Натижада Афғонистон келажакда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида “ишонч ва ҳамкорлик кўприги” бўлиши мумкин.

Мулла Бародар Афғонистонда тинчлик жараёнини янада тараққий эттириш борасида Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини маълум қилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Абдулазиз Комилов “Толибон” раҳбарларидан бири билан учрашди
-->