Сурхондарёда Миллий гвардия, ички ишлар ва чегара қўшинларига ишга жойлашни ваъда қилган «ДХХ ходимлари» ушланди

  • 06 март 2019, 09:57
  • 2 097
  • Жамият
  • Сурхондарёда Миллий гвардия, ички ишлар ва чегара қўшинларига ишга жойлашни ваъда қилган «ДХХ ходимлари» ушланди
    Фото: UzNews
    Фирибгарлик ҳаракатлари учун муқаддам судланган Жонибек Азимов ва Нурали Худойбердиевнинг охирги ови бароридан келмади. Улар Давлат хавфсизлик хизмати Сурхондарё вилоят бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинди, дея хабар бермоқда ЎзА.

    Мазкур шахслар ўзларини гўёки Давлат хавфсизлик хизмати идораларида ишлайман дея таништириб, содда одамларнинг ишончига кириб, уларнинг фарзандларини олий ўқув юртига ўқишга киритиш, муддатли ҳарбий хизматга юбориш ва ҳуқуқ-тартибот идораларига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, улардан пул талаб қилиб келган.

    Лекин бу кимсаларнинг кейинги фириби иш бермади. Бу гал улар яна бир фуқарони ички ишлар органларига ишга киритиш эвазига Термиз шаҳрида 2,2 миллион сўмни олаётган вақтда ашёвий далил билан ушланди. Маълум бўлишича, Ж.Азимов ва Н.Худойбердиев ушбу шахсни ишга жойлаш баҳонаси билан муқаддам ундан 3900 АҚШ доллари ҳам ундирган.

    Бундан ташқари, яна бир фуқарони Миллий гвардияга ишга киритишни ваъда қилиб, ундан 3300 АҚШ доллари миқдорида пул олишган.
    Шунингдек, бошқа бир фуқаронинг фарзандини ДХХ Чегара қўшинларига ҳарбий хизматга киритишни ваъда қилиб, ундан 3 минг АҚШ доллари ва 6,6 миллион сўм олишган.

    Терговолди суриштирув ишлари давомида Нурали Худойбердиевнинг яшаш жойи кўздан кечирилганда сохта ҳужжатлар, бланкалар ҳамда ҳарбий кийим топилди.
    Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    » » Сурхондарёда Миллий гвардия, ички ишлар ва чегара қўшинларига ишга жойлашни ваъда қилган «ДХХ ходимлари» ушланди