17:20 / 11.03.2019
3 274

Малайзиянинг машҳур “Marrybrown” компанияси нега Ўзбекистон бозорига кирмоқчи?

Малайзиянинг машҳур “Marrybrown” компанияси нега Ўзбекистон бозорига кирмоқчи?
Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Равшан Усмонов “Marrybrown Sdn. Bhd.” молиявий директори Дэвид Лию билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизматига таяниб "Халқ сўзи" хабар берди.

“Marrybrown Sdn. Bhd.” Малайзиядаги “ҳалол” тамойили асосида сертификатланган фастфуд ресторанларининг энг йирик тармоғи ҳисобланади. Унинг ўз мамлакати ҳудудида 130 та, дунёдаги 20 та давлатда эса 350 дан зиёд ресторанлари бор.

Дэвид Лию франчайзинг асосида овқатланиш нуқталари тармоғини очиш бўйича ўзбекистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканлигини билдирди. Компания савдо белгисидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш шартлари ҳамда нархлари Ўзбекистон томонидан аниқ шерик топилгандан сўнг муҳокама қилинади.

Эътиборлиси, “Marrybrown” бренди Жануби-Шарқий Осиё ҳамда Яқин Шарқда жуда машҳурдир. Унинг Ўзбекистонга ҳам келиши юқоридаги ҳудудлардан туристларни жалб этиш учун ўзига хос “лангар” вазифасини бажариб бериши мумкин, деб ҳисоблайди ТИВ.

Музокаралар якунида жорий йил апрел ойида компания вакилларининг Тошкентга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Маълумот учун, “Marrybrown Sdn. Bhd.”га 1981 йилда асос солинган. Ҳалол таомлари билан танилган ушбу компания Сингапур, Шри-Ланка, Ҳиндистон, Эрон, Озарбайжон, Хитой, Кувайт, Қатар каби мамлакатларда фаолият олиб боради. Унинг ресторанларида қовурилган товуқ, гамбургерлар, десертлар, ичимликлар, баъзан малай миллий таомлари сотилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Малайзиянинг машҳур “Marrybrown” компанияси нега Ўзбекистон бозорига кирмоқчи?