Уй ҳайвонларига паспорт берилмоқда

  • 11 март 2019, 20:21
  • 2 061
  • Жамият
  • Уй ҳайвонларига паспорт берилмоқда
    Жойларда ҳайвонларини идентификация, яъни ҳисобга олиш ишлари бошлаб юборилди. Бузоқ, қўзи, улоқ ва бўталоқ туғилганидан ўн тўрт кун ўтиб, бир ойдан кечикмасдан, қулун ва хўтик тўрт ойлигидан, чўчқа бир ойлигидан, кучук ва мушукча уч ойлигидан ҳисобга олинади.

    Бу жараён қорамол, қўй, туя, от, эшак, чўчқа, ит ва мушук каби ҳайвонлар ўртасида амалга оширилмоқда. Ҳар бир ҳайвон турига тақиладиган атрибут тури, ҳайвонларни электрон тарзда ҳисобга олиш ва ҳисобдан чиқариш тизимининг ишлаш жараёнини инобатга олган ҳолда хорижий тажрибалар асосида олиб борилмоқда.

    – Иссиқ иқлим шароитимизга мос келувчи атрибутлар стандартдан ўтказилди, – дейди Давлат ветеринария қўмитаси раиси ўринбосари Аброр Акбаров. –Бунга қадар Туркия ва Швецария атрибутлари ўрганиб чиқилди. Сўнгра атрибутлар ўлчами, электрон биркаларга 15 хонали такрорланмас рақам берилганлиги, ранги, рангсизланиши, антиалергик хомашёдан тайёрланганлиги ҳамда иссиқ иқлим шароитига чидамлилиги Давлат стандартидан ўтказилди. Айни вақтда халқаро экспертлар билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.

    Халқаро эксперт Слобаден Чокревскийнинг фикрига кўра, Ўзбекистонда идентификация қилинган ҳайвонларни ягона электрон маълумотлар базасига киритиш орқали озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, аҳолини сифатли чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлаш, шунингдек, аҳоли ўртасида ҳайвонотга мансуб бўлган турли касалликлар келиб чиқишининг олдини олишга эришиш мумкин. Шунингдек, чорвачилик маҳсулотларининг хорижга экспорт қилинишида бирмунча қулайлик яратиши мумкинлигини алоҳида қайд этди.

    Айни вақтда Тошкент вилоятида бу борадаги юмушлар бошлаб юборилди. Бунда ҳайвонларга идентификация рақами берилганидан сўнг уч иш куни мобайнида давлат ветеринария хизмати вакили ҳайвон эгасига ветеринария паспортини расмийлаштирмоқда. Бу паспорт туман (шаҳар) ветеринария бўлими бошлиғи томонидан имзоланиб, муҳр босилади.

    Сақланаётган (боқилаётган) ҳар бир бош ҳайвонга ветеринария паспорти расмийлаштирилади (қўй ва эчкига гуруҳ усулида ветеринария паспорти расмийлаштирилиши мумкин).

    Ветеринария паспортига ҳайвонларнинг идентификация рақами (янги туғилган ҳайвон билан бирга, уни туққан ҳайвон тўғрисидаги маълумот ҳам киритилади), ҳайвонларнинг касалликларга қарши профилактикаси ва уларни даволаш ишлари тўғрисидаги маълумотлар киритилади. Кейинчалик профилактика, ташхис қўйиш ва даволаш тадбирлари ўтказилганда, ҳайвон эгаси ўзгарганда ва бошқа ҳолатларда паспортга маълумотлар киритиб борилади.

    Агар ветеринария паспорти йўқолса ёки яроқсиз ҳолга келиб қолса, тегишли тартибда унинг дубликати берилади.

    Мазкур тадбирлар босқичма-босқич бошқа вилоятларда ҳам амалга оширилиши мўлжалланмоқда.

    » » Уй ҳайвонларига паспорт берилмоқда