18:53 / 16.03.2019
3 524

Урганчдаги «Улли ҳовли»га мажмуа ташаббускорининг еттинчи авлоди раҳбарлик қилмоқда

Урганчдаги «Улли ҳовли»га мажмуа ташаббускорининг еттинчи авлоди раҳбарлик қилмоқда
Фото: «Халқ сўзи»
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ташкил этилган инфо-тур иштирокчиларининг иккинчи кундаги дастлабки манзили Урганч туманидаги «Улли ҳовли» мажмуасида бўлди, деб хабар берди «Халқ сўзи Online».

«Улли ҳовли» туркман миллатига мансуб аҳоли яшаган ҳудуддаги энг катта ҳовли-жой бўлган. Шу боис унга «улли», яъни катта сифати берилган.

«Улли ҳовли»га кираверишдаги қадимий дарвоза ва деворга шундай ёзувлар битилган: «Ушбу муборак улли ҳовли Хоразмшоҳ Абулғози Баҳодирхон томонидан Солер туркманларининг оқсоқоллари Хўжамберди ва Шермаматбой илтимосига кўра бунёд қилинган. Бунёд қилинган санаси 1694 йил».

Ушбу тарихий маскан Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017—2018 йилларда қайта таъмирланиб, асл ҳолига келтирилди. Натижада у ўзбекистонликлар ва хорижлик сайёҳларнинг энг севимли масканларидан бирига айланди.

«Буни қарангки, мажмуага ҳовли қурилиши ташаббускорларидан бири бўлган Шермаматбойнинг еттинчи авлоди Давлатназар Ражабов раҳбарлик қилмоқда», — дейилади хабарда.

«Биласизми, бу иморатлар пойдеворсиз қурилган, яъни деворларнинг ости бир метр кавланиб, қум солинган ва устига қамиш тўшалиб, сўнг пахса урилган. Деворлар нурамасдан ўз ҳолича сақланишида ота-боболаримиз қўллаган бу технологиянинг хизмати катта. Биз унга ҳеч қандай ўзгартириш киритганимиз йўқ. Фақат лойсувоқ қилиб таъмирлаганмиз, холос», — дейди Давлатназар Ражабов.

«Улли ҳовли» ўз номига монанд катта экан. Салкам бир гектар майдонни эгаллаган. Бу ерда ўн ўринли меҳмонхона ташкил этилган, ўтовлар тикилган. Бундан ташқари, ҳунармандчиликнинг еттидан ортиқ тури билан шуғулланиш учун устахоналар ташкил этилган. Ўзбек ва туркман миллатлари азалий дўстлигининг ёрқин намунаси бўлган кўркам мажмуага бугун Франция, Польша, АҚШ, Эрон, қўшни Туркманистондан келадиган сайёҳларнинг қадами узилмайди. Меҳмонлар бу ерда бир ариқдан сув ичиб, аҳил ва иноқ яшаб келган азалий дўст ўзбек-туркман халқларининг турмуш тарзи, урф-одатлари, миллий анъаналари ҳақида яхлит тасаввурга эга бўлади.

Тадбир иштирокчилари шу ерда ташкил этилган Наврўз байрами, «Сумалак сайли» тантаналарини томоша қилди. Ҳудуд ошхонасига хос бўлган жиззали патир ёпиш, тухум барак пишириш бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Урганчдаги «Улли ҳовли»га мажмуа ташаббускорининг еттинчи авлоди раҳбарлик қилмоқда