22:45 / 17.03.2019
5 114

Элмира Боситханова: Аборт ва «пробиркадан» олинадиган болалар масаласи хусусида

Элмира Боситханова: Аборт ва «пробиркадан» олинадиган болалар масаласи хусусида
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситханова Ўзбекистонда сунъий уруғлантириш қачондан жорий этилади ва қандай шартлар асосида бўлишини маълум қилди, дея хабар берди Sputnik.

Боситханованинг сўзларига кўра, «Аҳоли репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун — энг кутилган қонунлардан бири бўлди. Негаки, Ўзбекистон қонунчилик ҳужжатларида она ва бола саломатлиги муҳофазаси алоҳида бобларда қайд этилган бўлса-да, лекин бу қадар кенг тушунтирилган ҳужжат мавжуд эмас эди.

«Ушбу қонунда репродуктив саломатликнинг кўплаб йўналишлари белгилаб берилган. Масалан, биринчи навбатда, репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани қайд этилган. Аёллар ва эркаклар, шунингдек, вояга етмаган шахсларнинг репродуктив ҳуқуқлари масалаларига аниқлик киритилган», — дея изоҳ берди Боситханова.

Вазир ўринбосари репродуктив саломатликка — аёл ҳомиладорлиги даври ёки турмушга чиққач, она бўлишга тайёргарлик кўриши лозим бўлган давр сифатида — яъни тор доирада қарамасликка чақиради.

«Репродуктив саломатлик ҳақида инсон дунёга келиши билан қайғуриш лозим. Дейлик, чақалоқнинг репродуктив органларида патология йўқлигига амин бўлиш учун у текширувдан ўтказилади. Бола мунтазам текширувда бўлиши керак, айниқса, балоғат ёшига тўлганида. Чунки бу вақтда организмда ўзгаришлар юз беради ва бунда репродуктив функцияларда илк бузилишлар намоён бўла бошлайди», — дейди Баситханова.

Вазир ўринбосарининг айтишича, бугунги кунда Ўзбекистонда репродуктив саломатлик муҳофазаси бир неча «бўғинлардан» иборат бўлиб, энг биринчиси — оила ҳисобланади.

«Бу поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари. Шунингдек, бугунги кунда ҳар бир туман, шаҳар кўптармоқли поликлиникаларда аёллар маслаҳатхоналари, қизлар саломатлиги бўйича маслаҳатхоналар, перинатал скрининг хоналари очилган ва буларнинг барчаси репродуктив саломатликни таъминлашга қаратилган», — дейди суҳбатдош.

Давлат раҳбари томонидан имзоланган ушбу қонунда шунингдек, иккита нозик мавзу кўтарилган: бу ҳомилани сунъий равишда тўхтатиш, контрацепция масалалари мавзуси ҳамда ёрдамчи репродуктив технологиялар масаласи.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, эндиликда фарзандни дунёга келтиришга тайёр бўлмаган аёл розилиги ва талаби билан ҳомиладорликни 12 ҳафталиккача бўлган муддатда тўхтатса бўлади. Белгиланган вақтдан кейин ҳомилани фақатгина тиббий кўрсатмалар асосида сунъий равишда тўхтатиш мумкин.

Шунингдек, қонунда ёрдамчи репродуктив технологиялар масаласи (ЭКУ)га алоҳида урғу берилган.

Бундай жараёнларни амалга ошириш учун Ўзбекистонда алоҳида марказлар ташкил этилади ва улар юқори технологияли ускуналар билан таъминланади. Мутахассис малакаси масалалари алоҳида назоратга олинади.

Айни вақтда сунъий уруғлантириш тизимини йўлга қўйиш учун Соғлиқни сақлаш вазирининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари бошчилигида катта ишчи комиссиясини ташкил этиш устида иш олиб борилмоқда.

Бу комиссия таркибидан: депутатлар, ёрдамчи репродуктив технологиялар билан шуғулланувчи хусусий тузилмалар раҳбарлари, фан докторлари, профессорлар, акушер гинекологлар, руҳшунослар, эмбриологлар, ситолог, эндокринолог, терапевт, генетик, неанатологлар ўрин олади.

Барча техник регламентлар ва юридик масалалар тасдиқлангач, «пробиркадан» бола олиш амалиёти Ўзбекистондаги давлатга қарашли махсус марказларда бепул амалга оширилиши айтилмоқда.

Ушбу тизим, йил охиридан бошлаб амалиётга жорий этилиши мумкин. Айтганча, «ЭКУ» амалиётидан фойдаланганлар шахси қатъий сир сақланади. Бу борада янги қонунчилик ҳужжатида алоҳида бобда айтиб ўтилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Элмира Боситханова: Аборт ва «пробиркадан» олинадиган болалар масаласи хусусида