14:30 / 21.03.2019
5 531

Пора таклиф қилиш – бу ҳали жиноят дегани эмас!

Пора таклиф қилиш – бу ҳали жиноят дегани эмас!
Ҳуқуқ-тартибот идоралари эса бу ҳаракатни қасддан жиноятгача олиб бормоқда…
Жиноят содир этишни ўз олдига мақсад қилиб, ушбу қилмишни режалаштираётган фуқаронинг бу ҳаракатлари ҳали жиноят ҳисобланмайди, — дейди Тошкент шаҳридаги “EGIDA” адвокатлик бюроси адвокати Абдураҳмон ҲАМИДОВ.

— Демак, бундай фуқарони учратган, унинг шу режасидан хабар топган мансабдор шахс уни жиноят устида қўлга тушириш учун бу ниятини амалга оширишга атай ундаши, ёлғондан бўлса ҳам қўллаб-қувватлаши мумкин эмас. Аксинча, ушбу жиноятнинг олдини олиш ва унга йўл қўймаслик чораларини кўриши лозим.

Соддароқ қилиб айтганда, мансабдор шахс ўзига пора таклиф қилган фуқарога у содир этмоқчи бўлган қилмишнинг ҳуқуқий оқибатларини ҳамда ушбу қилмиш учун қонунда белгиланган жавобгарликни тушунтириши ва таклиф этилган порани олишни рад этиши шарт.

Кейинги пайтда бошланган кампанияда эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ўзларига таклиф қилинган порани олишга розилик бериб, шу тариқа фукароларни жиноят содир этишга бевосита ундаб, уларни қизиқтириб, порани олиш вақти ва жойини белгилаб, сўнг белгиланган вақт ва жойда яширин видеотасвир остида уларни пора бераётганларида далилий ашё билан “ушлаб”, бундай ушлаш тадбири тўғрисида ОАВда шов-шувли хабарлар тарқатиш билан шуғулланаяпти.

Энг ёмони, пора берган шахслар жавобгарликка тортилмоқда, лекин пора беришга ундаган ва қизиқтирган мансабдорлар кун “қаҳрамон”ларига айланиб, жавобгарликдан четда қоляптилар.

Ваҳоланки, қонунчиликка кўра ҳуқуқ-тартибот идораларининг асосий вазифаларидан бири ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикасидир.

Қолаверса, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида “Ички ишлар органларининг ходимларига кимнидир ғайриқонуний ҳаракатларни содир этишга бевосита ёки билвосита қизиқтириш, кўндириш, ундаш тақиқланади” деб аниқ белгилаб куйилганига алоҳида эътибор бериш лозим.

Шу ўринда айтиш керакки, пора таклиф қилиш ҳолатлари тўғрисида раҳбариятга хабар бериш ва пора таклиф қилган фуқароларни жиноят устида ушлаш чораларини кўриш вазифаси прокуратура ходимларига собиқ Бош прокурорнинг ташаббуси билан юклатилган эди. Бундан кўзланган мақсад прокуратура томонидан “коррупцияга қарши фаол кураш олиб борилаётгани”ни давлат раҳбарига кўрсатиш бўлгандир балки.

Шулардан келиб чиқадиган бўлсак, бугун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қонунларга асосан юклатилган асосий вазифаларини, яъни ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларга йўл қўймаслик ва уларнинг профилактикаси билан шуғулланиш каби ишларни бажариш ўрнига ўзлари фуқароларни жиноят содир этишга ундаб ва қизиқтириб, қонунбузилиш ҳолатларини атай ташкил қилмаяптиларми деган савол туғилади.

Хуллас, бундай ноқонуний услублар билан коррупцияга карши “курашиш” амалдаги қонунчилик талабларига зид.

Шу боис ушбу муаммони Ўзбекистондаги юрист олимлар, прокуратура, суд, адлия идораларининг масъул ходимлари ва адвокатлар муҳокамасига қўйиш, бу борада уларнинг ҳам фикрларини, муносабатларини эшитиб кўриш айни муддао бўлади деб уйлайман.

Манба: advokatnews.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Пора таклиф қилиш – бу ҳали жиноят дегани эмас!