Фуқаролар йиғини раиси ва масъул котиби ойлиги оширилади

  • 04 апрель 2019, 11:30
  • 799
  • Жамият
  • Фуқаролар йиғини раиси ва масъул котиби ойлиги оширилади
    Ўзбекистон Республикаси президенти “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

    Ҳужжатга асосан фуқаролар йиғини қарорини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.
    Фуқаролар йиғинлари томонидан фойдаланиб келинаётган давлат мулки бўлган бинолар фуқаролар йиғинларига мулк ҳуқуқи билан берилади.

    2019 йил 1 июндан фуқаролар йиғинлари ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгашлари раисларининг биринчи ўринбосарлари томонидан амалга оширилади.

    Фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котиблари ойлик иш ҳақи жорий йил 1 майдан 1,25 бараварга ва 1 октябрдан 1,2 бараварга оширилади.

    Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши Раҳбарлари ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари рўйхатига киритилди.

    “Mahalla” телерадиоканали фуқаролар йиғинлари фаолиятини ёритиш масалалари бўйича Республика кенгашининг бош ахборот ҳамкори этиб белгиланди.

    2019 йил 1 июлгача фуқаролар йиғинлари юқори тезликдаги Интернет тармоғи миллий сегмент маълумотларини узатиш тармоғига уланади ҳамда улар учун имтиёзли тариф тасдиқланади. 2020 йил 1 январгача “Электрон ҳукумат” тизими доирасида “Маҳалла” электрон маълумотлар базаси ишга туширилади.

    Манба: Kun.uz

    » » Фуқаролар йиғини раиси ва масъул котиби ойлиги оширилади