22:50 / 10.04.2019
3 603

Энергетик ичимликлар савдоси ва рекламаси тартибга солинади

Энергетик ичимликлар савдоси ва рекламаси тартибга солинади
XXI аср инсониятга кенг имкониятлар эшигини очди. Пировардида турли ихтирою кашфиётлар қилинмоқда. Лекин янгиликларнинг фойдаси билан бирга, зарарли томонлари ҳам йўқ эмас. Озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш соҳасидаги изланишлар самараси ўлароқ кашф этилган, кишига энергетик қувват берувчи ичимликлар мисолида буни кўриш мумкин.

Маълумотларга кўра, энергетик ичимлик дастлаб 1960 йилда Японияда дори воситаси сифатида яратилган. Таркибида сув, шакар, кофеин, таурин ва витаминлар мавжуд бўлган ушбу маҳсулотлар кейинчалик Европа ва АҚШга кириб борган. Ҳозирги кунда эса энергетик ичимлик таркибига турли кимёвий моддалар қўшилиб, янги-янги турлари пайдо бўлмоқда. Сўнгги йилларда бундай маҳсулотлар юртимиз бозорларига ҳам шиддат билан кириб келди. Улар инсон саломатлиги учун қандай таъсир этади? Фойдаси кўпроқми ёки зарари? Агар зарари кўп бўлса, уларни сотиш ёки реклама қилиш ҳуқуқий жиҳатдан нечоғли тартибга солинган?

Шу мақсадда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан юртимизда энергетик ичимликлар реализация қилиниши аҳволи ва бу борадаги миллий қонунчилик ўрганилди. Хусусан, партиянинг “Ёшлар қаноти” фаоллари томонидан пойтахтимиз ва вилоятлардаги йирик савдо марказларида ҳамда таълим муассасаларида ана шундай маҳсулотларни истеъмол қилиш ҳолатлари атрофлича тадқиқ қилинди. Партиянинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси аъзолари бу борадаги миллий ва хорижий қонунчилик талабларини таҳлил этишди.

Бундай ичимликларни кўпроқ ёшларимиз ис­теъмол қилаётгани, энг ачинарлиси, улар орасида мактаб ўқувчилари сони ортиб бораётгани аниқланди. Натижаларга эътибор берадиган бўлсак, қувват берувчи ичимликларни татиб кўрган ўқувчилар 60 фоиз, уни “шунчаки қизиқиш учун” истеъмол қилганлар 35 фоизни ташкил этади. Миллий қонунчилигимизда энергетик ичимликлар умумий газланган ичимликлар тоифасига киритилган, вояга етмаган шахсларга салбий таъсири аниқланган бўлса-да, улар реализация қилиниши юзасидан ҳеч қандай чеклов йўқ. Зеро, кўплаб ривожланган давлатларда энергетик ичимликларнинг ­вояга етмаган шахсларга сотилиши юзасидан турли тақиқлар мавжуд.

Ана шулардан келиб чиқиб, фракциямиз аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритишни назарда тутадиган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатасига киритилган ҳамда тегишли тартибда қабул қилинган эди. Жорий йил 9 январда Президентимиз томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш меха­низмларини такомиллаштиришга қаратилган ўз­гартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг асосий мазмуни энергетик ичимликларга таъриф бериш ва бундай ичимликларнинг вояга етмаган шахсларга нисбатан реализациясини тақиқлаш, реклама қилинишини тартибга солиш ҳамда қонун талаблари ижро этилмагани учун жавобгарликни белгилашдан иборатдир.

Қонун билан “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 2-моддасидаги асосий тушунчаларда энергетик ичимликка таъриф берилди. Унинг 14-моддасига ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга энергетик ичимликларни реализация қилиш тақиқланиши хусусидаги меъёр ки­ритилди. Мазкур талабни бажармаганлик учун эса фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда, мансабдор шахсларга етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солиш билан боғлиқ меъёр Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилди.

Энергетик ичимликларни реклама қилишда ҳам чекловлар ўрнатилди. Жумладан, “Реклама тўғрисида”ги Қонун 221-модда билан тўлдирилиб, бундай ичимликлар рекламасида уларни ҳаддан зиёд истеъмол қилишнинг зарарлари тўғрисидаги огоҳлантириш, шунингдек, истеъмол қилиш тавсия этилмайдиган шахслар ҳақидаги ахборот бўлиши кераклиги белгиланди.

Қонунга кўра, соат 7.00 дан 22.00 га қадар энергетик ичимликларни телевидение ва радио орқали реклама қилиш, реклама мақсадида бундай ичимликларни ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар орасида текин тар­қатиш, шунингдек, уларнинг номи, товар белгиси ёки тасвиридан фойдаланиб, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар учун мўлжалланган тадбирларга ҳомийлик қилиш тақиқла­нади.

Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар орасида энергетик ичимликларнинг номи, товар белгиси ёки тасвири туширилган товарларни тарқатиш, жумладан, сотиш, болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган босма нашрларда, шунингдек, тиббиёт, спорт ҳамда таълим муассасаларида энергетик ичимликларни реклама қилишга йўл қўйилмайди.

Умуман, мазкур Қонун ёшларимизни баркамол тарбия­лашга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.
Шуҳрат ТЎХТАБОЕВ

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Энергетик ичимликлар савдоси ва рекламаси тартибга солинади