07:50 / 13.04.2019
19 492

Зуҳра Солиева ажрашгани ҳақида: "Эрим мендан 7 ёш кичик эди"

Зуҳра Солиева ажрашгани ҳақида: "Эрим мендан 7 ёш кичик эди"
Бақироқ актриса Зуҳра Солиевани кўриб, шу аёлда ҳам дард бормикан, деб ўйлаб қолардим. Аммо негадир унинг кайфияти аввалгидек эмас, анча маъюс ва ҳорғин бўлиб қолган. Актриса билан суҳбатда бўлишни ва кайфиятидаги ўзгаришларнинг сабабини билишни истадим. Ўйлайманки, бу аёлнинг ижодий ва шахсий ҳаёти билан боғлиқ маълумотлар сизларни бефарқ қолдирмайди.

Зуҳра опа, айни кунлардаги кайфиятингиз қандай? Назаримда, кундан-кунга маъюс тортиб боряпсиз?
Энг яхши устоз бу Ҳаёт. У ҳар қандай инсонни тарбиялаб, бир мушти билан оқ-қорани танитиб қўяди. Ўта жиддий ёки вазмин инсонман деёлмайман-у, аммо кириб борган даврам ва мулоқотдаги инсонлар сабаб ҳам кайфиятим ўзгаради.

Балки, бу ўзгаришларга ҳаётингиздаги бир хиллик ёки ижоддаги сокинлик сабаб бўлаётгандир. Ёшингиз улғайиб, дунёқарашингизнинг кенгаяётгани ҳам яхши сабаб...
Тўғри, шундай ҳам бўлиши мумкин. Ҳаётда ҳамма нарсани: ёмонларнинг қаҳрини ҳам, яхшиларнинг меҳрини ҳам кўрдим. Кайвони оналарнинг бир гапи бор: Инсон кексайган сари ақлли бориб бораверади . Балки, мен ҳам қариётгандирман (кулиб).

Бир неча йил олдин оғир касалликка чалинганингиз ҳақида эшитгандик. Сир бўлмаса, қандай дардга чалингандингиз?
Эгизак опам Фотима бевақт вафот этганидан кейин ёлғизланиб тушкунликка тушиб қолганман. Худди танамнинг ярми мени тарк этгандек туйилганди. Шунда бирдан оёқларим ҳолсизланиб, юришга ҳам мадорим қолмаганди. Шифокору табибларнинг давоси кор қилмай, бир муллага дам солдирилгач, ўзимга келгандим. Аммо бу дард мени бир неча йилгача тарк этмади. Қалбимдаги кемтик жисмимга ҳам ўз таъсирини ўтказиб, оёғимдан қувватни олиб қўйганди. Ҳалигача бу дард билан курашиб, оёқларим учун дори қабул қиламан.

Кўп ҳолларда инсон дард чекканда саломатликнинг қадрига етади, шундай эмасми?
Албатта, барибир, хом сут эмган банда эканмиз. Уйдаги гапни кўчага олиб чиқиш яхшимас-ку, аммо мен бир неча йилдан буён фарзанд кўролмаяпман. Бормаган шифокорим қолмади. Ҳафсалам ҳам пир бўлди. Кўча-куйда мунчоқ кўзли болажонларни кўрсам, уларнинг оналарига ҳавасим келади. Энди момоларнинг Қиз бола ўзини эҳтиёт қилиши керак , деган гаплари нечоғлиқ ҳақиқат эканлигини англаяпман. Балки, мен ҳам вақтида ўзимни эҳтиёт қилмагандирман, яна ким билади дейсиз...

Нега яқин йиллар ичида кўзга кўринарли фильмларда суратга тушмаяпсиз?
Нега энди? Жуда кўп фильмларда суратга тушдим. Хабарингиз бўлса, ўтган йили Зуҳрахоннинг синфи номли фильмда бош ролни ижро этдим. Ундан кейин ҳам қатор фильм ва сериалларда суратга тушдим. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам бир ампуладаги роллар. Агар ҳар бир ролнинг ўзига хослиги бўлмаса, актёр томошабин назарига тушмайди. Мана, Бойвачча фильмидаги ролим Қошингга бит тушгур деган гап билан катта шов-шувларга сабаб бўлди. Фақат комик рол эмас, драматик ролда ҳам ўзига хослик бўлса, у, албатта, томошабин эътиборига тушади.

Фақат комик актриса эмаслигингизни исботлаганингизда, ролларингиз сафи ҳам кенгайган бўлармиди?
Бу ҳақида актёр эмас, кўпроқ режиссёр қайғуриши керак. Аммо бизнинг кўп режиссёрлар тайёр ампулани қайта-қайта кўрсатишга одатланиб қолишган. Шу боис ҳам мени кўпчилик ўта бақироқ ва шаддод аёллар ролида кўриб ўрганиб қолган. Мен ҳам ҳаётнинг аччиқ-чучугини тортган, бир касбнинг устаси бўлган аёл сиймоларини ўйнай оламан. Аммо ундай рол берилмайди. Кейин ҳар бир режиссёрнинг ўз актёр ва актрисаси бор. Фильм сценарийсини ёзаётганда ҳам уларнинг имкониятларини ҳисобга олади. Хуллас, санъатда ҳали мен тушунмайдиган нарсалар кўп.

Ўзбек миллий академик драма театридан кетишингизга нима сабаб бўлганди?
Мен театрдан кетмадим, мени ҳайдашди! Ҳа, бу гапни баланд овозда айта оламан. Менга чинакам адолатсизлик қилишди. Бу даргоҳда 8 йил мобайнида штатсиз ва ойликсиз ишладим. Чунки мен санъатни пул топиш ёки ҳобби қилиш учун танламаганман. Мен саккиз йил мобайнида театр саҳнасидаги эпизод ролим ёки оммавий саҳналардаги чиқишимдан ҳам рози эдим. Аммо бу нарса кимгадир ёқмади.

Аммо менда театрдан кетишингиз билан боғлиқ бошқа сабаб ҳам бор. Бу тўйга чиқиш ва репитицияларга кечикиб келиш...
Шахсан мен билан бундай ҳол бўлмаган. Тўғри, тўй хизматларига чиқаман, бунга ижоддан пулни устун қўйганим сабаб эмас. Одамлар ният қилиб, эшигингизни қоқиб тўйларига айтиб келишса, қандай йўқ дея оласиз?! Менимча, бу ҳам мухлисларга нисбатан ҳурматсизлик бўлса керак.

Биздаги маълумотларга кўра, пойтахтга келган йилларингиз Саида Раметованинг уйида тургансиз. Кейинчалик орадаги совуқ муносабат сабаб уйдан ҳайдалган экансиз. Келишмовчиликка нима сабаб бўлган?
Тушунмовчилик ҳар бир хонадонда бўлиб туради. Ҳамма ўзича ҳақ. Мен бўлган ишларни эслашни истамайман. Муҳими, ҳаммаси унутилиб кетди. Нима бўлган тақдирда ҳам Саида Раметова ва унинг оила аъзоларини ҳурмат қиламан. Пойтахтга келган йилларим ўзи билан кўп давраларга олиб борган, киносъёмкаларга етаклаб бориб, Бу менинг жияним , деб таништирган, аммо бирор марта Илтимос, унга рол беринг , деб сўрамаган. Эпласанг, меҳнат қилсанг, марра сеники , деб ўргатган. Шу боис мен ҳам Зуҳра Солиева бўлиб танилмагунча Саида опамнинг номларини сотмасликка қарор қилиб, одамлар кўрганда Ҳа, Саиданинг қариндоши-да, шунинг учун телевизорга чиқяпти , деб ўйламасликлари учун ҳам буни сир сақлаганман.

Турмуш ўртоғингиз билан муроса қилолмаганингизга нима сабаб бўлди?
Эҳ, синглим (хўрсиниб). Бу ҳақда гапиришни унчалик истамайман. Аммо одамлар билиши керак, мухлислардан буни яшириб нима қилдим. Жуда кеч оила қурганман. Ўғил болага осон, исталган қизга совчи қўяди. Кўндирса, уйланиб кетаверади. Қиз боланинг иши қийин экан. Тақдир бўлмай, ёшим катта бўлганда оила қурдим. Турмуш ўртоғим ўзимдан 7 ёш кичик эди. Оилани мустаҳкамловчи куч бу фарзанд. Ўртада негадир ҳеч фарзанд бўлмади. Муносабатлар ҳам аввалгидек эмаслиги мени ҳамиша ташвишлантиради. Аёл киши турмуш ўртоғидан меҳр кўрса, ҳар қандай муаммони енгиб ўта олади. Меҳрсиз муносабат эса катта муваффақиятларни ҳам тариқча қадрсиз қилиб қўйиши мумкин. Ҳаёт инсонга бир бор берилади. Шундай экан, ҳар ким ўз бахтини топиб, бахтли эканлигини ҳис қилиб яшаши керак. Балки, мен собиқ турмуш ўртоғимнинг кўнглидагидек аёл бўлмагандирман ёки аксинча... Хуллас, биз ажрашдик.

Ҳақиқатан ҳам санъаткор билан яшаш қийинми ёки уни тушуниш?
Инсон бир-бирини севиб, ардоқлаши учун касбнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Санъаткор ҳам ҳамма қатори оддий инсон. Биласизми, қайсидир миллатда бир мақол бор экан: Аёлга битта меҳрни берсанг, у ўнта қилиб қайтаради . Унинг меҳри ҳам, қаҳри ҳам шунчалар кўп бўлади (кулиб).

Балки, турмуш ўртоғингиз билан бўлган келишмовчиликка ёш қўшиқчилар даврасида кўп бўлишингиз сабабдир? Чунки интернет фойдаланувчилари орасида бундай давралардаги иштирокингиз танқидларга сабаб бўлади.
Йўқ, аслида, бундай давраларга кўп бормайман. Ёшларни биласиз-ку, қизиқувчан бўлишади, ҳар қандай тадбирни онлайн тарзда интернетга жойлаб боришади. Аслида, мен ўзим тенги актрисалар билан яқинман. Уларнинг давраси бутунлай бошқа. Улар билан мириқиб суҳбатлашамиз, ижод ҳақида фикр алмашамиз. Ундай пайтда давраси видео ёки суратга олиб интернетга жойлаш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди.

Эгизак опангизни эслаб турасизми? Унинг ёнингизда йўқлиги қайси дамларда сезилади?
Фотимани ҳеч қачон унутмайман. У мисоли менинг ярмим эди (ўйланиб). Мен шаддод бўлсам, у мулоҳазали, сабрли қиз эди. Қийналиб, нимадандир қаттиқ куйинсам, албатта, Фотима нима қилган бўларди? деган саволни ўз-ўзимга бераман.

Ҳаёт биз истагандек машаққатсиз, равон йўлдан иборат эмас. Сир бўлмаса, тушкунликдан қандай чиқасиз?
Инсон ўта қаноатсиз бўлади. Кўп ҳам борига шукр қилмаймиз. Ўзимдан ҳам мисол, у йўқ, бу йўқ дейман-у, аммо бошқаларда менда бори ҳам йўқлигини унутиб қўяман. Мен бир тўхтамга келдим, нимадандир нолисам, ногиронлар уйига ёки онкологик касалликлар шифохонасига бораман. Аллоҳ шифо берармикан, яна бир кун яшармиканман, эртага шу тўшакдан туролармиканман, деган ҳадик билан яшаётган инсонларнинг кўзига боқаман. Касалхона ҳовлисидан енгил нафас олиб, шукр туйғусини туйиб уйга қайтаман.

Албатта, шукроналикни унутиб қўймаслик керак. Бугунги ташриф ва мароқли суҳбат учун ташаккур. Саломат бўлинг!
Наргиза МУРОДОВА суҳбатлашди.

Maнба: Доктор пресс газетаси.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Зуҳра Солиева ажрашгани ҳақида: "Эрим мендан 7 ёш кичик эди"