Яна прописка масаласи: Агар паспорт стол "ғинг" деса...

  • 15 апрель 2019, 14:11
  • 1 646
  • Жамият
  • Яна прописка масаласи: Агар паспорт стол "ғинг" деса...
    Ҳуқуқшунос-блогер Хушнуд Худойбердиев ўз каналида яна бир бор Тошкент шаҳри пропискаси билан боғлиқ саволга жавоб бериб ўтди.

    САВОЛ: Тошкентда прописка ҳақида мақолангизни ўқиб чиқдим. Шу масала бўйича саволим бор эди. Тошкентда янги қурилган уйлардан бирини дадамнинг номларига олдик. Оилада 5 қизмиз. Икки катта опам турмушга чиқишган. Олмазор туман паспорт столида турмушга чиққан фарзандларга прописка йўқ, дейишди. Натижада фақат уч қиз пропискага кирдик. Аммо рўйхатдан ўтиш икки опамга керакроқ. Уларни қандай қилиб пропискага киритса бўлади?

    ЖАВОБ: Кўпчилик инсонларнинг ҳуқуқий билими етарли эмаслиги, жуда унақа катта фожиа эмас, лекин энг ёмони: давлат хизматчиси бўлган ижрочиларнинг ўзи қонунни билмаса, бу - даҳшат! Чунки бундай вазиятда ҳуқуқини зўр биладиганлар ҳам курсида ўтирган амалдор қаршисида муаммога дуч келади. Камида ўзининг ҳақлигини исботлаш учун сарсон бўлади, ёзув-чизув қилиб умри кетади.

    Бу билан нима демоқчиман? Юқоридаги вазиятда ҳам қонун-қоидаларни яхши билмаган ижрочилар фуқароларни сарсон қилмоқда.

    Аслида қанақа бўлиши керак?
    Ўз оиласи бўлмаган фарзандларини прописка қилиш қоидаси бу ерда нотўғри талқин қилинмоқда.
    Эътибор бериш керакки, фақат ўз оиласига эга бўлмаган фарзандинигина пропискага олиб кириш мумкинлиги ҳақидаги қоида 5-бандга ҳамда 9 - 12-бандларга тааллуқли.

    Яъни эри хотини орқали (ёки аксинча) доимий пропискага кирса, унда ўша 5-банд билан прописка олган эр ўзининг барча фарзандларини пропискага олиб кира олмайди, фақат ўз оиласига эга бўлмаган фарзандларинигина 2-банд билан пропискага олиб кириши мумкин.

    Худди шу қоида 9, 10, 11 ва 12-бандларга ҳам тааллуқли. Улар ҳам фақат ўз оиласи бўлмаган фарзандларини олиб кириши мумкин.
    Лекин кўпчилик буни барча бандларга тааллуқли деб ўйлайди ва адашади.

    Тошкентдан янги уй сотиб олган фуқаро 1-банд билан пропискага киради (ҳуқуқий асос: Низомнинг 7-банди).

    Шундан сўнг, улар ўзининг тўғри шажара бўйича биринчи ва иккинчи даражадаги барча қариндошларини 2-банд билан пропискага олиб кириши мумкин (ҳуқуқий асос: Низомнинг 7-2-банди).

    Яъни Тошкентдан янги уй сотиб олганлар ўзларининг барча фарзандларини, уларнинг ўз оиласи бор ёки йўқлигидан қатъий назар, 2-банд билан пропискага олиб кириши мумкин.

    Масалан, 80 ёшга кирган отахоннинг номига Тошкентдан янги уй олишса, ўша отахон ўзининг барча фарзандларини (уларнинг ёши 60 да бўлса ҳам фарқи йўқ) ҳамда барча набираларини (уларнинг сони 30 нафардан кўп бўлса ҳам фарқи йўқ) 2-банд билан пропискага олиб кириш ҳуқуқига эга.

    Агар паспорт стол «ғинг» деб рад жавобини берса, бемалол уларнинг устидан Ички ишлар вазирлигига шикоят қилишингиз мумкин.

    » » Яна прописка масаласи: Агар паспорт стол "ғинг" деса...