date
views 3 714

Солиқ органлари Муҳаммадбобур Хўжаев ва Азиз Зокиров фаолиятини ўрганишни бошлади

Солиқ органлари Муҳаммадбобур Хўжаев ва Азиз Зокиров фаолиятини ўрганишни бошлади
Давлат солиқ қўмитаси солиқ қонунчилигини бузгани айтилган тадбиркор Муҳаммадбобур Хўжаев ва қурувчи Азиз Зокиров фаолиятини ўрганишни бошлади. Бу ҳақда қўмита матбуот хизматида хабар қилинган.

27 апрель куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида якка тартибдаги уй-жойлар сифатида расмийлаштирилган кўп хонадонли уй-жойлар қурилиши бўйича учрашув бўлиб ўтганди. Пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев уй қурувчилар томонидан солиқ қонунчилиги бузилганини таъкидлаганди.

Мулоқотда иштирок этган шаҳар маъмурияти вакиллари тадбиркорлар, олди-сотди шартномаларида уй-жой нархини арзон кўрсатгани, фирмани расмийлаштирмасдан, касса аппаратисиз ишлагани, юзлаб кишиларни ноқонуний тарзда ишлатгани ҳақида маълумот беришган. Тадбиркор ва қурувчи, шунингдек, солиқдан бўйин товлашда айбланганди.

Маълум қилинишича, 2018 йилнинг кузида Artel ва Akfa компаниялари чин етимларга ҳомийлик тариқасида ушбу инвестор-тадбиркор қурдирган арзон уйлардан сотиб олган.

Уйларни сотиб олишда иштирок этган савдо бўлими бошлиғи Рамзиддин Қўчқоров Artel ва Akfa компаниялари 4,8 млрд сўмга Авайхон ва Қанот кўчаларидаги уйлардан 37та квартира сотиб олганини маълум қилди. Унинг қайд этишича, шартномаларни расмийлаштиришда тўланган 4,8 млрд сўм ўрнига ҳужжатда 200 млн сўм кўрсатилган. У Чорсу бозорида 4,8 млрд сўмни «кўча нархи»да қарийб 500 минг долларга айирбошлаганини тан олган, шартномаларда квартиралар майдони ҳажмига кўра 2 миллион сўмдан 4 миллион сўмгача кўрсатилганини қўшимча қилган.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев инвестор 720 уй сотганини маълум қилди ва давлат бюджетига солиқлар кўринишида қанча пул тушиши керак бўлгани ҳақида маълумот сўради.

Ҳокимнинг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Шерзод Хаджизадаев қурилиш ишларида 600 киши ишлагани, улар билан меҳнат шартномаси тузилиши кераклигини қайд этиб ўтганди: «600 киши ишлаши учун расмий компания рўйхатга олиниши керак. Агар шундай фарқ бўлса, 400 минг доллар 100 млн сўм сифатида кўрсатилган, шахсий уй сифатида сотилган тақдирда ҳам, декларацияда бутунлай бошқа маблағ чиқиши керак эди. Бунинг ичига киришга ҳаққимиз йўқ албатта, лекин тўланиши керак бўлган солиқлар бир неча миллиард чиқиши керак».

Жаҳонгир Ортиқхўжаев 720 уйни сотишдан тахминан 22,5 млрд сўмлик солиқ тўланиши кераклигини маълум қилганди.
Айни вақтда давлат солиқ органлари ушбу масалани ўрганмоқда, натижалар яқин вақт ичида жамоатчиликка маълум қилинади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Солиқ органлари Муҳаммадбобур Хўжаев ва Азиз Зокиров фаолиятини ўрганишни бошлади
-->