date
views 5 627

Сергелидаги уйларнинг нархи 18,3 фоизга арзонлашади

Сергелидаги уйларнинг нархи 18,3 фоизга арзонлашади
Тошкент шаҳри Сергели туманида қурилган арзон уй-жойларнинг нархи ошиб кетгани, қурилишда айрим камчиликларга йўл қўйилгани аҳоли норозилигига сабаб бўлаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига кўра Ўзбекистон Республикаси Бош вазири 11 апрель куни мазкур уйларда яшайдиган фуқаролар билан учрашган, уларнинг саволларига жавоб берган. Ушбу сайёр йиғилишда уйларнинг қурилишидаги камчиликларни аниқлаш ва жойининг ўзида бартараф этиш ҳамда уйларнинг нархларини пасайтириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича иккита комиссия ташкил этилган эди. 1 ойдан сўнг яна фуқаролар билан учрашиб, олиб борилган ишларни кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама қилишга келишиб олинган эди.

Иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев раҳбарлигидаги комиссия қарийб бир ой давомида уйларнинг нархи масаласини ўрганди, уларни имкон қадар арзонлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқди. Қурилиш вазири Абдуқаҳҳор Тўхтаев раҳбарлигидаги комиссия қурилишдаги камчиликларни уйма уй, хонадонма хонадон юриб ўрганди ва аниқланган камчиликларни қурилиш ташкилотлари билан бирга жойининг ўзида бартараф этиш чораларини кўрди.

Жамоатчилик назорат қилди
Белгиланган барча ишлар сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида ушбу уйларда яшовчи фуқаролар, «Нуроний» жамғармаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, хотин-қизлар қўмиталари фаолларидан иборат жамоатчилик назорати гуруҳи ташкил этилди.

7 май куни Сергели тумани ҳокимлигида туманда барпо этилган арзон кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётган фуқаролар, тегишли вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари ва мутахассислари, жамоатчилик вакиллари иштирокида комиссияларнинг ҳисоботлари эшитилди.

Ҳар квадрат метрдан 728 600 сўм чўнтакда қолади

Иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаевнинг таъкидлашича, республика миқёсида қурилиш материалларининг нархлари таҳлил қилинган, уларнинг каталоги тайёрланиб, давлат томонидан қурилиш ташкилотлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларга берилган имтиёзларнинг қўлланилиши ўрганилган, банк маржаси ва суғурта пулини камайтириш бўйича ишлар олиб борилган.

34-уй мисолида уйларнинг нархлари масаласи ҳар томонлама ўрганилган. Натижа уйнинг 1 квадрат метри нархини 3 981 700 (уч миллион тўққиз юз саксон бир минг етти юз) сўмдан 3 253 100 (уч миллион икки юзи эллик уч минг 100) сўмга тушириш ёки 18,3 фоизга арзонлаштириш мумкинлигини кўрсатди. Албатта ушбу уйда яшовчилар учун уйнинг ҳар бир квадрат метри учун 728 600 (етти юз йигирма саккиз минг олти юз) сўм ёнга қолиши ҳақидаги хабарни йиғилганлар катта хурсандчилик билан кутиб олди.

Уй қадрини уйсиздан сўранг...
– Олмазор туманида 17 йил квартирама квартира кўчиб, турли шароитларда ижарада яшашга мажбур бўлганмиз, – деди Барно Юсупова. – Сергели туманидан оиламизга уй берилди. Ўтган бир ой ичида эса қурувчилар кечаю кундуз ишлаб уйдаги айрим камчиликларни тузатди. Бундан ташқари ўтган учрашувда бу ерда яшайдиган аёлларни иш билан таъминлаш масаласини ҳам кўтарган эдик. Қисқа вақтда ишсиз аёлларнинг бир нечтасига имтиёзли кредит ажратилиб, улар аллақачон тадбиркорлик фаолиятини бошлаб юборди. Барчаси учун Президентимиздан бир умр миннатдормиз.

– Биз оиламиз билан шундай чиройли уйга кўчиб ўтганимиздан бениҳоя бахтлимиз, – дейди 40-уйда яшовчи Акмал Қаландаров. – Янги уйга кўчиб биринчи бўлиб кўнглимдан ўтгани Президентимизнинг биз каби оддий одамларнинг ташвишини ўйлаётгани бўлди. Уйнинг қадрини уйсиз, ижарада яшаш, икки-уч оила тиқилиб яшаш азобини кўрган одамдан сўраш керак. Ана шундай одам ўз уйининг қадрига кўпроқ етади. Бундай кишиларга янги уйнинг битта иккита камчилиги кўринмайди ҳам. Мана энди бизнинг ўз уйимиз, Ватанимиз бор! Мен бунга жавобан фарзандларимни Президентимиз каби фидойи, у кишига муносиб, содиқ, юрт корига ярайдиган, баркамол қилиб тарбиялашга ваъда бераман.

358 та уй кимларга тегишли?
Қисқа вақтда икки комиссиянинг аъзолари уйма-уй юриб, хонадон эгалари билан суҳбатлашган, камчиликлар жойида ҳал этилган. Лекин ҳудуддаги 358та хонадоннинг ҳолати мавҳумлигича қолган. Чунки бу уйларда ҳеч ким яшамаслиги сабабли қайта қайта борилса-да уй эгалари билан боғланишнинг имкони бўлмаган. Ҳатто қўшнилари ҳам бу уйларнинг эгаларини топиб беролмаган.

Инфратузилма босқичма босқич ривожланади
Учрашувда шунингдек ҳудудда инфратузилмани ривожлантириш, одамларни иш билан таъминлаш, мактаб, мактабгача таълим муассасаси, поликлиника қуриш масалалари ҳам ўртага ташланди.

Сайёр йиғилишда таъкидландики, охирги уч йилда барча саъй-ҳаракатлар, куч ва имкониятлар аҳолини тезроқ уйли қилишга қаратилди. Шу сабабли айрим инфратузилма объектларини барпо этиш кечикди. Ҳудудда бу ишлар босқичма босқич амалга оширилмоқда. Хусусан, давлат дастурларида кўзда тутилганидан ташқари яна 4та мактаб ва 4та мактабгача таълим муассасаси, 1та поликлиника қурилиши шу йилнинг кузида якунига етказилиши билан кўпчиликни ўйлантираётган муаммолар ўз ўзидан ечим топади.

Эски аэропорт ҳудудида ташкил этилаётган саноат зонасида 10 минг янги иш ўрни ташкил этилади. Бу саъй-ҳаракатлар одамларни иш билан таъминлаш ва ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, ижтимоий масалаларни ҳал этиш орқали бу ерда яшовчи кишилар ҳаётини янада фаровон қилиш учун муҳим ҳаётий аҳамиятга эга бўлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сергелидаги уйларнинг нархи 18,3 фоизга арзонлашади
-->