07:32 / 01.06.2019
16 891

Амир Олимхоннинг Зарафшон дарёсига тушган хазинаси

Амир Олимхоннинг Зарафшон дарёсига тушган хазинаси
1920 йилнинг 1 сентябрь куни Бухоро амири Саид Олимхон Арк устида аэропланларни кўриб, қўрқиб кетган. Бу баҳайбат қушлар ҳайқириқ билан парвоз қилиб, чангалидаги катта бомбаларни Амир саройига мўлжаллаб ташлашарди. Кучли портлашлар, ўт ва тўзон қасрни ер билан яксон қилиб, ҳимоячиларини эсини оғдириб қўйган эди. Амир (ва бошқалар ҳам) буни — Аллоҳнинг юборган жазоси деб тушунишган.

Бу тарихда биринчи марта авиациядан оммавий қирғин қуроли сифатида Бухорони яксон қилиш мақсадида қўлланиши эди. Биринчи жаҳон урушида ҳам самолётлар қўлланилган , аммо, уларнинг самараси сезилмаган.

Бухорода эса... Колчак, Врангелни енгган, шўроларнинг саркардаси Фрунзе Амир билан тузилган шартномани бузиб, шаҳар устига, Ислом қудрати бўлмиш Бухоронинг неча-неча асрларни кўрган кўҳна масжид ва мадрасаларини вайрон қилиш учун, умрида самолёт кўрмаган аҳоли устига пўлат қушларни юборди.

Ўша пайтда Бухорода 250 та мадраса, 300 та масжид, 150 та карвон сарой бўлган.
Большевиклар Бухоронинг кулини кўкка совурдилар, қадимий обидаларни вайрон қилдилар.

Амир ўз яқинлари, қолган навкарлари, хазинаси ортилган туялар ва от-аравалари билан шаҳарнинг шимолий дарвозасидан чиқиб, Ғиждувонга йўл олди. Зарафшонни кечиб, чўл оша Қарши томонга юрди.

Дарёни кечишда маҳаллий аҳоли ёрдам қилган. Солларга ортилган қопларнинг бири дарёга тушиб кетган. Буни навкарлар сезмаган, сол судровчилардан уч киши кўрган, аммо, ўзларини кўрмаганга солиб, бир-бирларига аста кўз қисишади ва: “Шу бир қоп олтин билан амирнинг хазинаси камайиб қолармиди?», дейди. Карвон узоқлашгач, учала солчи кечаси келиб, қопни топиб хилват жойда бўлиб олишади.

“Очнинг кўргани қурсин” — улар эрталабдан бозорга чиқиб, турли нарсаларни харид қилишган, қийматини соф олтин билан тўлашган! Бундан шубҳаланган хуфялар Ғиждувон бегига хабар етказишган. Бек тезликда уччала тезтопар бойваччани банди қилиб, қийнаган. Уларнинг иккитаси хазина улушини топширган. Бек уларни ўлдириб юборган. Учинчиси эса ҳеч нарсани айтмаган, сирни ўзи билан олиб кетган.

Орадан қирқ йил ўтгач, Аму-Бухоро машина канали қурилиши бошланган.

Бир экскватор ҳайдовчиси тасодифан қум-тупроқ орасида ялтироқ нарсага кўзи тушади. Тушиб қараса — олтин тангалар сочилиб ётибти. Дарҳол уларни теришга тушади. Буни кўрган бошқа ишчилар ҳам ёпирилиб келиб, ер титишни бошлайди. Бошлиқ қараса, бир участкада ҳамма машиналар тўхтаган, ҳамма одамлар бир жойга тўпланиб, уймалашаяпти. Бошлиқ келиб, вазиятни аниқлагач, у ҳам ер титишни бошлаган.

Бирор соатдан кейин, милиция, прокуратура етиб келган, барча хазина изловчиларни ҳибсга олиб, тергов бошлаган. Ҳамма топганини топширган. Ўша жойдаги тупроқ машиналарга ортилиб, олиб кетилган.

Терговчилар, маҳаллий амалдорлар ҳам анойи эмас, топилган олтиннинг бир қисмини давлатга топширишган. Қолганини (кўпроқ қисмини) эса... ўзлари бўлиб олади.

Ғиждувонда ягона тиш техниги — стамотологнинг олдига маҳаллий раҳбарлардан бирининг хотини тишига қоплаш учун энг юқори пробали олтин олиб келган. Эртасига яна бир аёл, индинига яна... аёллар тишларига қоплаш мақсадида олтин танга кўтариб келишади!

Техник қўрқиб кетади. Мижозларнинг кўплигидан эмас, (у вақтда соғлом тишларга ҳам олтин қоплаш модага кирган эди), аксинча, ҳамма бир хил танга олиб келарди. Амир Аҳадхон, амир Музаффархонлар замонида зарб қилинган олтин тангалар энг соф, тоза металлдан бўлиб, яширин бозорда жуда юқори баҳоланарди.

Ўз келажагидан хавфсираган уста бу ҳақда тегишли жойга хабардор қилган. Тегишли жойдагилар шошилинч тегишли чора кўрадилар. Соғлом тишига олтин қоплаган ойимчалар тегишли жойга тергов учун таклиф этилади. Ҳалиги уста ойимчаларнинг тишларига ўзи қўйган тилло қопламаларни ўзи кўчириб олиб беради. Бечоралар эмали сидириб ташланган тишларининг оғриғига дод солишади. Бошқа хоналарда тергов бераётган уларнинг эрларининг аҳволи бундан аянчлироқ бўлган.

Салкам бир аср муқаддам юз берган бу воқеани унинг шоҳиди менга айтиб берган эди. Ҳаром — ҳаром экан, қирқ йилдан кейин ҳам унинг жавоби, жазоси бор экан.

Шўролар даврида халқ мулкини ўзлаштириб, ялло қилганлар ўз жазосини олди. Халқимиз “қинғир иш қирқ йилдан кейин ҳам очилади,” дейди. Қинғир ишнинг жазоси қирқ йилда бўлса ҳам келади. Баъзида эса, ундан тезроқ келаркан.

Адолат бор дунёда!
Анвар ТОЖИЕВ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Амир Олимхоннинг Зарафшон дарёсига тушган хазинаси