17:30 / 11.06.2019
4 313

Оҳангаронда “ажойиб” одат бор: у ерларда келин куёвни сотиб олар экан...

Оҳангаронда “ажойиб” одат бор: у ерларда келин куёвни сотиб олар экан...
Халқ депутатлари Оҳангарон шаҳар кенгаши депутати Ш.Комилов «Куёвни неча пулга сотиб олса бўлади?» номли мақолага муносабат билдирди. Мақола «Оҳангаронда ажойиб одат бор — тўйнинг эртасига келин томон куёвни сотиб олади», деб бошланади.

«Бу ҳолат айрим ўзини куёвжўралар деб билган бир гуруҳ зўравон йигитлар томонидан иймони суст, қўрқоқ ва ожиз куёвларгагина тегишли деса тўғри бўлади. Ҳа, айнан, иймони суст, табиатан қўрқоқ ва ожиз куёвнинг атрофидаги бетарбия, одоб-ахлоқсиз ва ўзларича зўравон бўлиб юрган бир гуруҳ йигитлар, яъни дўстлари томонидан амалга оширилаётганига гувоҳи бўлганман.

Бир куни «Мажнунтол» тўйхонаси ёнида турсам, бир гуруҳ йигитлар тўйхона ичкарисидан қочиб чиқяпти, ортидан эса икки-уч аёллар қувиб чиқмоқда. Ҳайрон бўлиб, воқеа жойига яқинроқ бордим. Борсам, бир онахон: «болаларим, илтимос, тўйни бузманглар», деб гапиряпти. Йигитлар эса бир йигитни қўлидан ушлаб олиб, олиб кетмоқчи. Мен нима гап деб онахондан сўрадим.

Онахон: «куёв йигит менинг неварам, бу куёвжўралар куёвни олиб қочмоқда. Эвазига келин томондан пул талаб қилар эмиш», дейди. Куёвжўраларнинг олдига бориб, воқеага аралашдим. Куёв йигит, ювош, оддий, қўрқоққина, 20-22 ёшдаги бола экан. «Куёвжўра»лар орасида 25-30 ёшдаги бир иккита барзанги болалар ҳам бор.

Каттароғини қўлидан ушлаб олиб, қани нима гап, десам, ака, сиз аралашманг, бизда шундай урф-одат бор дейди. «Э, кечириб қўйибсан, мен Оҳангаронда йигирма беш йилдан бери яшайман. Қолаверса, кўп тўйларда куёвжўра бўлиб, қолаверса, хизматда аралашиб юрганман, бунақа воқеа ҳеч қачон бўлмаган», деб кескин гапирдим. Куёвболанинг ота-онасига бу «куёвжўра»лар бўлиб юрган йигитлар куёв боланинг дўстларими деб сўрасам, улар биз танимаймиз, дейишади. Шундай қилиб, ушбу салбий воқеанинг олди олинди. Шундан сўнг тўй қилаётганларга ушбу воқеани айтиб, огоҳлантириб юрдим», — дейди муаллиф.

Депутат ота-оналарга фарзандларининг дўстлари ким эканлигини яхшилаб таниб олиш, тарбиясига эътиборлироқ бўлишни тавсия қилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Оҳангаронда “ажойиб” одат бор: у ерларда келин куёвни сотиб олар экан...