10:18 / 16.06.2019
3 126

Беҳзод Мусаев: "Блогернинг телефонини олиб қўйган солиқчилар ишдан бўшатилди"

Беҳзод Мусаев: "Блогернинг телефонини олиб қўйган солиқчилар ишдан бўшатилди"
Давлат солиқ қўмитаси аввалроқ ҳуқуқлари бузилгани Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан айтилган блогер Азизбек Ашурбоев билан боғлиқ вазиятни ўрганиб чиқди. Бу ҳақда қўмита раиси Беҳзод Мусаев маълум қилди.

«Давлат солиқ қўмитаси бир неча кун аввал Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан блогер Азизбек Ашурбоевнинг ҳуқуқлари бузилганлигига доир эълон қилинган хабар бўйича вазиятни ўрганди.

Натижада 2019 йил 7 июнь куни А.Ашурбаевнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида реклама жойлаштириши билан боғлиқ назорат тадбирида Миробод тумани давлат солиқ инспекцияси ходимлари О.Зияев ва Ш.Ҳасанов ўз ваколатлари доирасидан четга чиққанликлари ва солиқ органларининг касб одоби қоидаларини бузганлиги аниқланди.

А.Ашурбаев томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликни бартараф этиш учун унинг шахсий уяли алоқа телефонини тортиб олмаган ҳолда, тушунтириш ишларини олиб бориш ва зарур ҳужжатларни расмийлаштириш билан кифояланиш лозим эди.

Касбий фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун ушбу ходимлар лавозимидан озод этилди.

Келгусида шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси бундай низоларни ҳал қилиш механизмини жорий этиш масаласининг қонуний ва ахлоқий жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқишга киришди.

Давлат солиқ қўмитаси ўз фаолияти очиқлигини таъминлашдан манфаатдор бўлиб, бу йўлда журналистлар ва блогерлар билан яқин ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва қонуний ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга тайёр эканлигини билдиради», дейилади қўмита хабарида.

12 июнь куни телеграмдаги «Қўшни маҳалла» каналида «Блогерни тунаган қароқчилар» сарлавҳаси остида пост қолдирилганди. Унда «Инстаграм»да 300 минглик аудиторияга эга саҳифа эгаси блогер Азиз Ашурбаев 8 июнь куни каналида реклама жойлаштириш бўйича учрашувга бориб, реклама учун 400 минг сўмни олган вақтида бегона шахслар етиб келишгани, улар ўзларини солиқчилар сифатида таништириб, телефонини олиб қўйишгани, «Инстаграм»даги саҳифасининг паролларини ўзгартириб, саҳифасига эга чиқишгани, ижтимоий тармоқдаги бошқа саҳифаларидаги ёзишмаларини ҳам кузатишаётганидан шикоят қилганди.

13 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникация агентлиги директори Комил Алламжонов ўзининг твиттердаги саҳифасида Давлат солиқ қўмитасига мурожаат қилиб, блогер Азиз Ашурбаев билан боғлиқ ҳолатни ўрганиб чиқилиб, инспекторнинг хатти-ҳаракати қонунга зидлиги аниқланса унга нисбатан чора кўрилишини сўради.

Давлат солиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев блогердан узр сўради.

14 июнь куни Бош прокуратура солиқчилар телефонини олиб қўйган блогер бўйича муносабат билдирди ва блогерлик фаолияти ҳимоя остида эканини маълум қилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Беҳзод Мусаев: "Блогернинг телефонини олиб қўйган солиқчилар ишдан бўшатилди"