14:40 / 02.07.2019
3 450

Шерзод Кудбиев Фарғонада «саҳналаштирилган қабул» ўтказдими?

Шерзод Кудбиев Фарғонада «саҳналаштирилган қабул» ўтказдими?
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ЎзА томонидан эълон қилинган «Саҳналаштирилган қабул ёки Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Фарғона вилоятига нега келганди?» сарлавҳали мақолага муносабат билдирди.

Мақолада вазир Шерзод Кудбиевнинг Фарғонада 28 июнь кунги сайёр қабули юзаки ўтказилгани, вазир асли қариндошининг тўйига боргани таъкидланганди.

«Бизга 2-3 нафардан одам олиб келасан вазир қабулига, деган топшириқ беришди. Кудбиев ва ўринбосари бир-икки соатда биз олиб келган одамлар билан гаплашиб бўлди», — дея вазирликнинг исми ошкор этилмаган туман мутасадди раҳбари сўзларини келтирган ЎзА.

Таъкидланишича, асли иш жойи тайин бўлган аёллар ҳам ишга жойлаштирилгани ҳисоботга киритилган.

«Биз аниқлаган ҳолатда эса Зарифа Холмуҳамедова бу болалар муассасасига 2019 йил 1 март куни № 11-сон буйруққа асосан ишга олинган, Зиёда Шамсутдинова эса 2018 йил 1 февралдан буён ишлар экан. Вазир Фарғонага аслида ишсизларни қабул қилиш учун келгани йўқ. Шу куни унинг Водилдаги аммасининг ўғли тўй қилаётганди. Қабул баҳона эди холос», — дейилади мақолада.

Мақолада вазирнинг қаерда овқатланиб, машинада қандай кетганигача бўлган ҳолатлар ҳақида ҳам ёзилган (айни пайтда ЎзА мақолага тузатиш киритган).

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мақолада таъкидланган кўзбўямачилик ҳолати ўрганилишини маълум қилди. Бундан ташқари, ушбу ҳолат Фарғона вилояти бошқармаси ходимлари аралашувисиз бевосита вазирлик мутасадди раҳбарларидан ташкил топган гуруҳ томонидан текширилиши айтилди.

Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу қабул жараёнида Фарғона аҳолисидан келиб тушган бандлик, меҳнат ҳуқуқи, имтиёзли кредитлар ва меҳнат миграциясига доир савол ва муаммолари ўрганилган. Тадбир доирасида 53 нафар фуқаро мурожаати билан бевосита вазир томонидан қабул қилинган.

«Мазкур мақолада қабул жараёнида айрим фуқароларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилмагани ҳамда қабул натижалари ҳақиқиқатдан узоқлиги айтилмоқда. Мақолада келтирилган далиллар вазирлик раҳбарияти томонидан синчиклаб ўрганилди. Текширув натижалари хусусида яна батафсил ахборот берилади.

Бошқа вилоятларда ўтказилган сайёр қабуллар чоғида бундай ҳолатлар умуман кузатилмагани ва 28 июнь куни ўтказилган тадбирда аҳолидан тушган мурожаатлар натижаларига Фарғона вилояти Бандлик бошқармаси расман жавобгарлигини инобатга олган ҳолда, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Фарғонадаги сайёр қабул жараёнида келиб тушган 53та мурожат устидан вазир ўринбосари Б.Умурзоқов бошчилигида ишчи гуруҳ билан ички текширув ўтказиш қарорини қабул қилди», дейилади вазирлик изоҳида.

Вазирлик баёнотида тўй ҳақидаги гап-сўзларга муносабат билдирилмаган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шерзод Кудбиев Фарғонада «саҳналаштирилган қабул» ўтказдими?