«Танка» ҳаммани чув туширди...

  • 16 июль 2019, 00:21
  • 1 905
  • Жамият
  • «Танка» ҳаммани чув туширди...
    Тошкент вилоятининг Пискент туманида истиқомат қилувчи (фамилия ва исмлар ўзгартирилган) Ф.Чанглиева «танка» топганди денг. Унинг исми-шарифи Т.Тошматов бўлиб, абитуриентларни пойтахтдаги Олий ўқув юртларининг бирига грант асосида ўқишга киритиб қўйиш қувватига эга экан.

    Унга ишониб 4.100 АҚШ доллари бердилар. Шундан сўнг Т.Тошматов қорасини кўрсатса қани?! Пул ҳам ке-етди, талаба бўлиш ҳам насияга қолди.

    Кутилганидек Ф.Чанглиева чув тушгани ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза билан мурожаат қилиб, «нажот» сўради. Натижада, Т.Тошматов қўлга олиниб, ЖКнинг 168 (фирибгарлик) ва 211 моддаларида (пора бериш) кўрсатилган айбловлар жиноий жавобгарликка тортилади. Суд ҳукмига кўра унга бир неча йиллик озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланади.

    Бир қараганда, оддий ва амалиётда доимо учраб турадиган ҳолат. Бундай ҳолатлар, афсуски, ҳаётда тез-тез учрайди. Лекин масаланинг яна бир муҳим томони бор.

    Фирибгар ўз жазосини олди. Лекин шу билан воқеа тугагани йўқ. Воқеанинг жабр дийдаси бўлган аёл Ф.Чанглиева шу билан енгил тортди деб ўйлайсизми? Йўқ, аксинча! Унинг муаммолари кейин бошланди. Унга нисбатан ҳам ЖК нинг 211-моддаси, яъни пора беришда ифодаланган ҳаракати учун жиноят иш қўзғатилди.

    Маълумки, қонунга кўра, пора олган ҳам, берган ҳам, ҳатто шунга уринган ҳам жавобгарликка тортилади. Шундай экан, энди Ф.Чанглиева суднинг ҳукми билан ўзи берган 4.100 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қийматида пора предметини давлат бюджетига тўлашга мажбур бўлди.

    Мажбурий ижро бюросининг Пискент бўлими давлат ижрочилари олиб борган мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида пора предмети – 4.100 АҚШ доллари Ф.Чанглиеванинг мол-мулкига қаратилди...

    Ёқимсиз воқелик, тўғрими? Начора, қонуннинг талаби қаттиқ.

    Манба: Xabar.uz

    » » «Танка» ҳаммани чув туширди...