13:50 / 16.07.2019
2 836

Талабалар контракт тўловларининг иш берувчи корхоналар томонидан амалга оширилиши тартиби жорий этилади

Талабалар контракт тўловларининг иш берувчи корхоналар томонидан амалга оширилиши тартиби жорий этилади
Фото: Qalampir.uz
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Талабалар контракт тўловларининг иш берувчи корхоналар томонидан амалга оширилиши тартибини амалиётга жорий этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Қайд этилишича, ҳужжат Ўзбекистон Республикаси президентининг “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 5 июндаги ПҚ-3775-сон қарорида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда иш берувчиларнинг зарурий таълим йўналиши мутахассисликларига бўлган талабларини ҳисобга олган ҳолда, иш берувчи, олий таълим муассасаси ва бакалавриат (магистратура) босқичларида тўлов-контракт асосида кундузги, махсус сиртқи ва кечки (сменали) таълим шаклида таълим олувчи талабалар ўртасидаги шартномавий муносабатларни тартибга солиш жараёнидаги иштирокини мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилиниши мумкин.

Қарор билан талабалар контракт тўловларининг иш берувчи корхоналар томонидан амалга оширилиши тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланади.

Иш берувчи корхоналар томонидан талабалар контракт тўловларининг амалга оширилишида айрим тоифадаги (чин етимлар, болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлари, кам таъминланган, «Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланганлар ҳамда иқтидорли) фуқароларга имтиёзлар берилиши тавсия этилади.

Талаба, олий таълим муассасаси ва корхона (иш берувчи) ўртасида олий касбий таълимга эга бўлган мутахассисларни шартнома асосида мақсадли тайёрлаш бўйича Намунавий шартномага кўра, таълим муассасаси қуйидаги мажбуриятларни олади:

- давлат таълим стандартига мувофиқ талабага танланган мутахассислик ёки йўналиш бўйича асосий таълим дастурини ўзлаштириш учун таълим дастурининг кундузги, сиртқи, кечки шаклида, бакалавриат ёки магистратура даражасида таълим олиши учун шароитлар яратиш;
- давлат таълим стандартидан ташқари (иш берувчининг розилиги билан унинг молиявий манбалари ҳисобига) қуйидаги қўшимча фанларни ўрганиш учун шароитлар яратиш (фанлар номи);
- контракт асосида мутахассис тайёрлаш доирасида таълим олаётган талабага ўқиш учун контракт суммаси тўлангандан кейин стипендия тўлаш;
- якуний давлат аттестацияси ўтказилиб, ўқиш тугагандан кейин талабага олий таълим даражасини тугатганлиги тўғрисида диплом бериш;
- талабага кутубхонанинг ўқув залларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш;
- талабага шартнома муддати давомида олий ўқув юртларида тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлаш;
- талабанинг сессиялар якуни бўйича натижалари ҳақида корхонани йилда икки марта хабардор қилиш;
- ҳар йили, ўқув йили тугагандан кейин корхонага талаба томонидан ўқув йилининг тугатганлиги ва кейинги босқичга ўтганлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этиш. Агар талаба талабалар сафидан чиқарилса ёки таълимнинг бошқа йўналишига ўтказилса, 10 календарь куни мобайнида корхонага шартнома тўхтатилганлиги ёки таълим йўналишининг ўзгарганлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этиш.

Корхона:

- корхонада ўқув-илмий, дипломолди амалиёт ва диплом иши лойиҳаларини амалга ошириш имкониятини таъминлаш;
- жорий ўқув йили учун белгиланган ўқитишнинг тўлиқ қийматини ўз вақтида тўлаш;

- таълим олишнинг тўлов-контракт шаклига қабул қилинган талаба томонидан тақдим этилган тўлов тақдимномаси бўйича шартнома асосида зарур суммани ОТМнинг ҳисобварағига қуйидаги муддатларда ўтказиш орқали тўлаш:

- ОТМнинг биринчи курсига қабул қилинган талабалар учун тўлаш учун белгиланган сумманинг камида 50 фоизи – 15 сентябргача, иккинчи ва учинчи курс талабалари учун – 1 октябргача, тўлаш учун белгиланган сумманинг қолдиғи – 1 мартгача;

- энг кам ойлик иш ҳақи миқдори ёки тарифлар ўзгарганда, ўқишнинг қолган муддати учун бир ой муддат ичида таълим муассасасига ҳақ тўлаш ва контрактга тегишли ўзгартиришлар киритиш;

- таълим йуналиши (мутахассислиги)ни ўқув режасига мувофиқ ишлаб чиқиш, диплом олди амалиётини ўташ ва шу даврда талабага шароит яратиш;

- олий таълим муассасасини тугатгач талабани ҳақ тўланадиган штат лавозимига ишга қабул қилиш, иш жойи билан таъминлаш, ишлашга шароит яратиш ва унинг ўзига хос хусусиятлари билан таништириш мажбуриятини олади.

Талаба:

- таълим йўналишининг тегишли малака талабларида назарда тутилган, шунингдек, “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури талабларига мувофиқ мустақил касб-ҳунар фаолиятини бажариш учун зарур бўлган барча билимларни эгаллаш мажбуриятини олади;

- олий таълим муассасасининг ички тартиб, кириб-чиқиш назорати қоидалари ва Низомига, кутубхона ва ўқув заллари фондларидан фойдаланиш, шунингдек, талабалар ётоқхонасида яшаш (ётоқхонада яшаш учун шартнома тузилганда) қоидаларига амал қилиш;

- таълим муассасасини битирганлиги тўғрисидаги тегишли ҳужжатни олгандан кейин маълум бир ойдан кеч бўлмаган муддатда Корхона билан меҳнат шартномасини тузиш мажбуриятини олади;

- “Иш берувчи корхона билан корхона ҳисобидан олий таълим муассасалари талабасига тўлов-контракт пулларини тўлаш ва олий таълим муассасасини битиргандан кейин иш берувчи корхона билан меҳнат шартномасини тузиш мажбурияти бўйича тузилган шартнома”да кўрсатилган шартларни бажариш мажбуриятини олади.

Шартномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш фақатгина томонларнинг ўзаро келишуви асосида, шартнома шартларига ва амалдаги қонунчиликда назарда тутилган ҳолатларга амалга оширилиши мумкин.

Шартномага киритиладиган ўзгаришлар ёзма шаклдаги қўшимча келишув орқали тузилади ва ушбу шартноманинг ажралмас қисми ҳисобланади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Талабалар контракт тўловларининг иш берувчи корхоналар томонидан амалга оширилиши тартиби жорий этилади