Зафар Рўзиев: «Биз, раҳбарлар, ҳаммамиз калондимоғ бўлиб кетган эканмиз»

  • 30 июль 2019, 11:50
  • 1 523
  • Жамият
  • Зафар Рўзиев: «Биз, раҳбарлар, ҳаммамиз калондимоғ бўлиб кетган эканмиз»
    Фото: «Kun.uz»
    ЎзА мухбири Қашқадарё вилоят ҳокими Зафар Рўзиев суҳбат уюштирди. Вилоят ҳокими сўнгги кунларда ҳудудда (жумладан, Яккабоғда) содир бўлган воқеалар юзасидан шундай дейди:
    ‒ Биздан ҳам хатолик ўтди. Аввало, биз, раҳбарлар, ҳаммамиз калондимоғ бўлиб кетган эканмиз, халқдан узилиб, манман бўлиб кетган эканмиз. Бугун замон ўзгарди. Муҳтарам Президентимиз катта ислоҳотларни бошладилар, бугун халқнинг ичига кириб, ҳар бир оиланинг дардини тинглаб, унинг муаммосини ўзимнинг муаммом деб ишлашимиз керак. Афсуски, ҳамма раҳбар ҳам буни ҳали тўла англаб етгани йўқ. Яккабоғ тумани ҳокимининг ўринбосари ҳам ўзининг ваколатига кирмайдиган ишни қилган. Бунақа пайтда халқнинг олдига камида туман ҳокими келиб, бўладиган ишларни ўзи тушунтириши керак эди. Улар англата олмаса, вилоят ҳокими, мен келишим керак эди. Халқ туман ва вилоят ҳокимига ишонади, ўринбосарлар ё бошқа идора раҳбарларига эмас.

    Туман ҳокими ўринбосарининг ҳатти-ҳаракатига баҳо
    ‒ Албатта, у ваколатидан ташқарига чиққани учун ишдан олинди, ҳатто унга қарши жиноий иш қўзғатилди. Бундан ташқари ўз ишига эътиборсизлик билан қарагани учун туман ҳокими ва туман прокурори ҳам ишдан олинди.

    Тадбиркор ва унинг корхонаси ҳақида
    ‒ Тадбиркорнинг корхонаси бузилмайди, қайтанга у таъмирлаб, чиройли қилиб берилаяпти, тадбиркорлик иши давом этади, ‒ деди вилоят ҳокими. ‒ Аммо шуни айтишим лозим-ки, биз қонун устувор давлатда яшаймиз, қонун олдида ҳамма баробар, эҳтиросга берилиб, қонундан ташқари ҳатти-ҳаракатлар содир қилгани учун тадбиркор ҳам қонун олдида жавоб беради.

    Журналист ва блогерларга мурожаат
    ‒ Бугун ҳамма нарса очиқ ва шаффоф, хусусан, Қашқадарёда ҳам ва Яккабоғда бўлган воқеа борасида ҳам ҳамма саволларингизга борича жавоб беришга ҳар доим тайёрман. Ким истаса, келсин, бу ерда бўлаётган ишларни ўз кўзи билан кўрсин ва борини ёзсин! Икки ой сабр қилишса, барчаларини ўзим чақираман, Яккабоғда катта бир байрам уюштирамиз, катта ош қиламиз ва барчангиз Яккабоғ жаннатмонанд бир гўзал масканга айланганига гувоҳ бўласиз. Насиб бўлса, халқимиз бу кўнгилхираликни унутиб ҳам юборади ва янгидан чирой очадиган Яккабоғда ҳамма биздан, аввало, Президентимиздан, давлатимиздан рози бўлиб, бундан кейин яхши яшайди, — дейди Зафар Рўзиев.

    » » Зафар Рўзиев: «Биз, раҳбарлар, ҳаммамиз калондимоғ бўлиб кетган эканмиз»