09:45 / 01.08.2019
4 938

Яккабоғ туманига ҳам янги ҳоким тайинланди (фото)

Яккабоғ туманига ҳам янги ҳоким тайинланди (фото)
31 июль куни Қашқадарё вилояти Халк депутатлари Яккабоғ туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўрилди.

Туман ахборот хизмати раҳбари Бозор Азизовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари котибияти мудири лавозимида ишлаб келган Сафаров Абдирасул Эштемирович Яккабоғ туман ҳокими этиб тасдиқланган.

Сессия ишида вилоят ҳокими Зафар Рўзиев иштирок этиб, нутқ сўзлаган.

Сафаров Абдирасул Эштемирович 1965 йил 15 февралда Яккабоғ туманида туғилган. 1989 йилда Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институтини тамомлаган.

Эслатиб ўтамиз, 23 июль куни Kun.uz сайтида «Kun.uz суриштируви: Яккабоғда тадбиркор ҳоким ўринбосарини ёқиб юбормоқчи бўлди. Сабаб нимада?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда Яккабоғ тумани ҳокимининг ўринбосари М.Туймаевни тумандаги тадбиркорлардан бири Баҳриддин Исомов, катта кредит эвазига янги қурилган икки қаватли биносини бузмоқчи бўлгани боис, бензин сепиб қасддан ёқиб юборишга урингани, тадбиркор маҳалласида кўплаб уйлар аҳолига компенсация тўланмасдан бузилгани хабар қилинган эди.

Кейинчалик, Баҳриддин Исомов ушланиб, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Туман ҳокими ўринбосари М.Туймаев ҳам эгаллаб турган лавозимидан бўшатилиб, унга нисбатан ҳам ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноий иш очилган эди.

Бунинг ортидан Хоразмнинг Урганч шаҳрида ҳам уйлари бузилган аҳолининг компенсация ололмай 2 ойдан бери сарсон-саргардон яшаб келаётган қисми вилоят ҳокимлигига кескин норозилигини билдирди. Бош вазир Абдулла Арипов президент Мирзиёев топшириғи билан Урганчга борди ва компенсация масаласини жойида ҳал қилди. Яккабоғдаги товон пули олмаган фуқароларга ҳам 1 млрд 700 млн сўм берилди.

Бош вазир Хоразмда ўтказган видеоселектор мажлисида Қашқадарё ва Хоразм вилоят ҳокимларига ҳайфсан бериб, Яккабоғ туман ҳокими ва прокурорини вазифасидан озод қилган эди.

Президент Мирзиёев тадбиркорликни ривожлантириш масалаларига бағишланган селектор йиғилишида компенсация тўламасдан бирор тадбиркор ва фуқаро мулки бузилишига йўл қўймаслик бўйича барча даражадаги ҳокимларни кескин огоҳлантирди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Яккабоғ туманига ҳам янги ҳоким тайинланди (фото)