“Ҳаётнинг бошланиши. Ўзбекистон” (фото)

  • 06 август 2019, 07:07
  • 1 270
  • Жамият
  • “Ҳаётнинг бошланиши. Ўзбекистон” (фото)
    Қашқадарёда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ҳамкорлиги ва ташаббуси билан I-Халқаро Геотуризм форуми бўлиб ўтди.

    Уч кун давом этган анжуманда 15 дан ортиқ мамлакатлардан ташриф буюрган соҳа мутахассислари, геология ва минерал ресурслар бўйича фаолият юритувчи олимлар, геотуризмга қизиқувчи сайёҳлар иштирок этди.

    Форумнинг очилиш маросимида иштирокчиларга Китоб давлат геологик қўриқхонаси ва унда денгиз жониворлари ва ўсимликларининг стратиграфик кесмалари ва қадимий қолдиқларини қўриқлаш ҳамда сақлаш учун қилинаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

    — Жаҳонда бу каби ноёб экологик ҳудудни учратиш қийин, — дейди анжуман иштирокчиси, Новосибирск шаҳридаги Россия нефт-газ геологияси ва геофизика фанлар академиясининг катта илмий ходими Надежда Изох. — Яъни, бу ерда ётқизиқлар ва кесмаларда, тоғ жинсларида палеозой эрасидаги ҳаёт излари нисбатан яхшироқ ва тўлароқ сақланиб қолган. Қўриқхона геотуризм учун ҳам энг қулай ва қизиқарли таассуротларга бой. Унда сайёҳлар сувда пайдо бўлган ҳаётнинг қуруқликка чиқиши жараёни акс этган макрофаунани бевосита кузатишлари мумкин.

    Олимларнинг таъкидлашича ернинг ёши, геологик жараёнлар давом этган вақт миллион йиллар билан ўлчанади. Бу вақт эраларга, эралар эса даврларга бўлинади. Масалан, ер геологик тарихининг учинчи эраси бўлган палеозой бундан 540 миллион йил аввал бошланиб, 290 миллион йил давом этган. Бу эра кембрий, ордовик, силур, девон, тошкўмир ва пермь даврларига бўлинади. Ушбу қўриқхона ҳудудида ўндан ошиқ сойлар бўлиб, улардаги қатламлар айнан ўша даврларга мансубдир.

    — Бу ердаги тошлар жуда қадимий, — дейди Германиялик сайёҳ Маркус Байер (Marcus Buaer). Бу ер юзидаги 150 дан ортиқ жойларда учрайдиган тоғ жинсларининг энг қадимийларидан биридир.

    Бугунги кунда 3938 гектар майдонни эгаллаб турган қўриқхона тоғлари дунё океанидан ажралиб чиққан дастлабки қуруқлик эканига илмий асослар бор. Ушбу макон халқаро олимлар ҳамжамияти томонидан дунё океанидан қуруқликка чиқиш жойи сифатида қайд этилди. Форум ташкилотчилари томонидан янги сайёҳлик брендини илгари суриш бўйича махсус “Ҳаётнинг бошланиши. Ўзбекистон” дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилишди.

    Анжуман иштирокчиларининг Китоб кенглик станциясига саёҳатлари уюштирилди.
    Аҳад МУҲАММАДИЕВ

    Манба: Xs.uz

    » » “Ҳаётнинг бошланиши. Ўзбекистон” (фото)