19:09 / 06.08.2019
2 610

Аҳоли сўровларига тезкор муносабат билдиришга хизмат қилувчи онлайн-платформа ишга туширилди

Аҳоли сўровларига тезкор муносабат билдиришга хизмат қилувчи онлайн-платформа ишга туширилди
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати фуқаролар томонидан кўтарилган таклиф, масала ва муаммоларга имкон қадар тезкорлик билан муносабат билдириш ва ҳал этиш учун ва шу орқали уларнинг давлат органлари билан самарали мулоқот ўрнатиш механизмини яратиш мақсадида “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда махсус “Jamoatchilik” онлайн-платформасини ишга туширди.

Ҳаракат матбуот хизмати хабарига кўра, платформа ўз олдига фуқаролар ва кенг жамоатчиликнинг юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардаги иштирокини кенгайтириш, уларни давлат ва жамият бошқарувига фаол жалб қилиш, шунингдек давлат идоралари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг аҳоли олдида ҳисобдорлигини янада ошириш каби мақсадларни қўйган.

Мазкур платформа орқали ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишда фуқароларнинг иштирокини кенгайтириш, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, давлат дастурлари ҳамда давлат органларининг бошқа қарорларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш бўйича таклифлари қабул қилиб борилади.

Платформа фуқароларга жамият ҳаётида содир бўлаётган долзарб воқеа ва ҳодисалар юзасидан давлат идоралари раҳбарларини тезкор хабардор қилиш, соҳа ва ҳудудларни ривожлантиришга қаратилган таклифларни тақдим этиб бориш имконини беради.

www.jamoatchilik.uz веб-сайти хизматларидан фойдаланиш барча учун очиқ ва бепул.

Қабул қилинадиган хабар турлари:
1. Қонунчилик, давлат ва ҳудудий дастурларга таклифлар
2. Долзарб воқеа ва ҳодисалар юзасидан тезкор хабарлар

Фойдаланувчилар томонидан тақдим этилган хабарлар веб-сайтда эълон қилинади ва барча жараёнлар кенг жамоатчилик учун очиқ ҳисобланади. Ҳар бир таклиф тегишли масъуллар томонидан ўрганилиб, уларнинг натижалари жамоатчиликка эълон қилиб борилади.

Бундан ташқари, платформа долзарб масалалар юзасидан жамоатчилик фикри сўровларини ўтказишга ҳам хизмат қилади.
Энг яхши таклиф муаллифлари ва фаол иштирокчилар рағбатлантирилиши режалаштирилган.

Платформа фаолияти натижалари ҳар чоракда кенг жамоатчилик ва мутасадди идоралар раҳбарлари иштирокида ўтказиладиган ҳисобот учрашувлари давомида таҳлил қилинади. Ҳисобот учрашувлари телекўрсатув шаклида ташкил этилиб, унда платформанинг фаол фойдаланувчилари ҳамда энг яхши таклифлар муаллифлари иштирок этади. Жараёнлар ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тўғридан-тўғри ёритилади, дейилади хабарда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Аҳоли сўровларига тезкор муносабат билдиришга хизмат қилувчи онлайн-платформа ишга туширилди