Қарши тумани ИИБ бошлиғи айбига иқрор бўлиб, фермердан узр сўради (фото)

  • 07 август 2019, 22:43
  • 1 112
  • Жамият
  • Қарши тумани ИИБ бошлиғи айбига иқрор бўлиб, фермердан узр сўради (фото)
    «Дарё» интернет нашрида Қарши тумани ИИБ бошлиғи Баҳодир Арслонов туманнинг «Чароғил» ҳудудида фаолият юритувчи фермер Бекзод Фармоновнинг хонадонига кириб, тинтув ўтказгани ва фермернинг аёли қўлидаги телефонни тортиб олгани ҳақидаги «Милиция бошлиғи уйимга бостириб кириб тинтув ўтказгач, болаларим қўрқиб кетган». Қашқадарёлик фермер ИИБ бошлиқларининг навбатдаги зўравонлигини фош этди» сарлавҳали мақола чоп этилганди.

    6 август куни туман ИИБ бошлиғи Баҳодир Арслонов ўз қилмишига иқрор бўлиб, фермердан узр сўради. Фермер Бекзод Фармонов эса ИИБ бошлиғини кечириб, ўртадаги гина-кудратни унутишга ваъда берди.

    Бекзод Фармоновнинг маълум қилишича, муаммо интернет сайтида эълон қилингач, ИИБ бошлиғи 5–6 марта узр сўраган. Ҳатто фермернинг даласига бориб, далада ҳам хато қилганини тан олиб, бундай хатти-ҳаракат такрорланмаслигига ваъда берган. Фермер эса бу муаммо интернетда тарқалганини айтиб, узр сўраш ҳам интерент сайтларида эълон қилинишини талаб қилган.

    Эслатиб ўтамиз, «Дарё»да Қарши тумани ИИБ бошлиғининг зўравонлиги хусусида мақола чоп этилгач, Қашқадарё вилоят ИИБ ушбу мақолани рад этиб чиқди. Бундан аввалроқ эса Касби туман ИИБ бошлиғи тумандаги фермерларга ўзбошимчалик билан жазо қўллагани учун Ички ишлар вазирлиги томонидан бўшатилганди.

    Манба: Daryo.uz

    » » Қарши тумани ИИБ бошлиғи айбига иқрор бўлиб, фермердан узр сўради (фото)