16:53 / 12.08.2019
4 447

Эркак ва аёлларнинг ҳуқуқлари тенглиги ягона қонунда акс этади

Эркак ва аёлларнинг ҳуқуқлари тенглиги ягона қонунда акс этади
Ўзбекистонда “Эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятлари кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва парламент қуйи палатасига киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, 2019 йил 10 август куни масъул қўмита — Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг экспертлари ва ишчи гуруҳи аъзолари иштирокида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишида мазкур қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

— Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон тарихида биринчи марта қабул қилинаётган ушбу қонун лойиҳаси жамият ҳаётининг барча соҳаларида эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имконият яратишни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Людмила Кошелапова.

— Шунингдек, лойиҳада гендер тенглик, аёлларни камситиш тушунчаси ва турлари, ваколатли органларнинг вазифалари, давлат бошқарувида иштирок этиш, ишга қабул қилиш ёки ёллашда, кредитлар олиш ва тадбиркорлик билан шуғулланишда гендер тенгликни таъминлаш бўйича нормалар, гендер тенглик бузилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ўз аксини топган.

Лойиҳа билан эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасининг Хотин-қизлар гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссияси, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилиши белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасини тайёрлашда Россия Федерацияси, Украина, Корея, Испания, Латвия, Литва, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбойжон каби мамлакатларнинг гендер тенгликни таъминлаш соҳасидаги қонунчилик тажрибаси ўрганилган. Шу билан бирга, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги иштирок этиши учун ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги фаоллигини ошириш” қўшма лойиҳаси доирасида БМТнинг Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча бўлинмалари иштирокида махсус ишчи гуруҳ тузилиб, юздан ортиқ таклифлар кўриб чиқилган, улар кўмагида қонун лойиҳаси халқаро стандартларга жавоб берадиган даражага етказилган.

Қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштирилган эди. Муҳокама жараёнида қонун лойиҳаси 2 минг 200 нафарга яқин фуқаро томонидан кўриб чиқилди ва 82 та таклиф билдирилди. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ушбу фикр-мулоҳаза ва таклифлар инобатга олинди.

Билдирилишича, лойиҳанинг қабул қилиниши эркаклар ва аёлларнинг тенглигига оид ҳуқуқий муносабатларнинг такомиллашишига, шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясининг мустаҳкамланишига, соҳага доир ҳуқуқни қўллаш амалиётининг аниқ ва бир хилда бўлишини таъминлашда муҳим омил бўлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Эркак ва аёлларнинг ҳуқуқлари тенглиги ягона қонунда акс этади