Канцелярия хариди мавсуми: нархлар, мутахассис маслаҳати ва лайфҳаклар

  • 18 август 2019, 08:54
  • 471
  • Жамият
  • Канцелярия хариди мавсуми: нархлар, мутахассис маслаҳати ва лайфҳаклар
    Ҳозир мактаб бозорлари айни авжига чиққан палла. Фарзанди мактаб ёшига етган ота-она борки, сифатли ва ҳамёнбоп канцелярия маҳсулотларини сотиб олиш илинжида.

    Хўш, пойтахтдаги савдо нуқталарида харидорларга бу борада қандай таклифлар мавжуд? Нархлар ва сифат қандай?

    «Қуёшли» (Солнечный) канцелярия товарлари бозорида маҳсулотлар улгуржи нархда, кенг ассортиментда бўлгани боис кўп миқдордаги канцелярияни ҳамёнбоп тарзда олишни истовчилар учун яхши вариант ҳисобланади.

    «Қуёшли»даги нархлар (энг талабгир ва оммабоп маҳсулотларнинг ўртача қиймати мисолида):
    ручка ─ 800 сўмдан 1200 сўмгача;
    қора қалам ─ 850 сўмдан 1000 сўмгача;
    умумий дафтар ─ 1150 сўм (36 варақ); 1400 сўм (48 варақ); 2700 сўм (96 варақли);
    12 варақли дафтар ─ 385 сўм (маҳаллий маҳсулот); 410 сўм (чет эл маҳсулоти);
    рангли қалам тўплами ─ 12 000 сўм;
    ўчирғич ─ 1500 сўм;
    қаламтарош ─ 2500-3000 сўм;
    геометрик чизғичлар тўплами ─ 5500 сўм;
    фломастер тўплами ─ 11 000 сўмдан бошланади;
    расм альбоми ─ 4000 сўмдан бошланади;
    қаламдон (пеналь) ─ 20,000-25,000 сўм атрофида;
    елим ─ 4000 сўм;
    рангли қоғоз тўплами ─ 3000 сўм;
    кундалик ─ 2000 сўм (дафтар шаклида); 9000 сўм (китоб шаклида);
    рангли бўёқлар ─ 9500 сўмдан бошланади;
    географик атлас ─ 10 000 сўм;
    китоб муқоваси ─ 2000 сўм (1-6-синфлар учун); 3000 сўм (7-11-синфлар учун);
    дафтар муқоваси (20-24та) ─ 2500-4000 сўм.

    Шаҳарнинг гавжум жойларида махсус ташкил этилган мавсумий мактаб бозорларидаги нархлар улгуржи бозордан 50 сўмдан 200 сўмгача бўлган қийматда фарқ қилади.

    Бозорлардаги доимий ишловчи, алоҳида канцелярия дўконларида эса нархлар улгуржи бозорга қараганда 200 сўмдан 1000 сўмгача қимматроққа фарқланади.

    Шунингдек, шаҳар бўйлаб кўплаб филиалларига эга бўлган korzinka.uz ва makro дўконлар тармоғида ҳам мактаб бозорлари ташкил этилган.

    Korzinka.uz дўконлар тармоғидаги мактаб бозорларидаги нархлар:
    рангли қалам тўплами ─ 11 990 сўм;
    12 варақли дафтар ─ 390 сўм;
    расм альбоми ─ 4990 сўм;
    кундалик (дафтар шаклида) ─ 1990 сўм;
    дафтар муқоваси (24 дона) ─ 5490 сўм;
    умумий дафтар ─ 1290 сўм (36 варақли); 1490 сўм (48 варақли); 2990 сўм (96 варақли);
    ручка ─ 490 сўмдан бошланади;
    қаламтарош ─ 2390 сўм;
    рангли бўёқ ─ 8990 сўм;
    фломастер тўплами ─ 5990 сўмдан бошланади;
    қалам ─ 490 сўм;
    елим ─ 1690 сўм.
    қаламдон (пеналь) ─ 36 990 сўм.

    Makro дўконлар тармоғида нархлар:
    ручка ─ 990 сўмдан бошланади;
    қаламтарош ─ 3790 сўм;
    умумий дафтар ─ 1890 сўм (36 варақли); 2290 сўм (48 варақли); 4290 сўм (96 варақли);
    қаламдон ─ 7890 сўмдан бошланади;
    елим ─ 5290 сўм;
    расм альбоми ─ 4090 сўм;
    рангли қоғоз ─ 3390 сўм;
    қалам ─ 810 сўм;
    фломастер тўплами ─ 15 900 сўмдан бошланади.

    Ҳар икки дўконлар тармоғидаги нархлар маҳсулотнинг ишлаб чиқарувчиси, сифат даражасига кўра фарқланиши мумкинлиги боис тафовутни кўриш мумкин.

    Ўқиш мавсуми арафасида керакли канцелярия маҳсулотларини «Қуёшли» бозоридан ёки мактаб бозорларидан харид қилишнинг қулай томони шундаки, ассортимент кенг, ҳар ким ўз ҳамёнидан келиб чиққан ҳолда турли сифат ва нархдаги товарни танлаши мумкин. Шунингдек, бу расталардаги сотувчилар қайси синф ўқувчиси учун нималар кераклиги ҳақида ҳам яхшигина тавсиялар бериши мумкин.

    Шунингдек, мактаб бозорларида давлат стандартларига тўла жавоб берадиган буюмни танлаш имконияти ҳам юқори.

    Супермаркетлардан қилинган хариднинг ҳам устунликлари бор. Ҳар бир маҳсулотнинг энг сифатли ва сараланган хилларигина териб қўйилган. Бу танлов имкониятини камайтирса ҳам, сифатли маҳсулотга эга бўлиш эҳтимолини оширади. Бошқа ҳолларда ҳам бўлгани каби супермаркетлардаги 10 сўм кам фалон нарх ҳамда эски нархга билан чегирмали нархнинг қиёсий қилиб кўрсатилиши харидорнинг кўзига анча жозибали кўринади. Лекин у ерда ўзингиз учун керакли барча маҳсулотларни ҳам топа олмаслигингиз мумкин.

    Мактаб формаси нархларида дизайн, матонинг сифатига кўра 5-10 минг сўм атрофида фарқ сезилади. Ўртача ҳисобда бошланғич синф болалари учун классик шим 60 минг сўм, кўйлак 30-50 минг сўм атрофида топиш мумкин. Қизлар учун оқ кофта ва қора юбка хариди 200 минг сўмгача боради.

    Харид чоғида алоҳида эътибор билан олиш керак бўлган буюм мактаб сумкаси ҳисобланади. Физиолог Нодирабегим Ҳайдарованинг таъкидлашича, мактаб портфелининг қандайлиги боланинг гавда тузилишига таъсир кўрсатади.

    ─ Мактаб сумкасининг оғирлиги бўш турган ҳолда 1 кг.дан ортмаслиги керак. Бир кунлик керакли буюмларнинг сумкага бемалол жойлашишига эътибор қаратиш лозим. Керакли китоб ва дафтарларни жойлаб бўлгач, боланинг сумкани қандай кўтаришига диққат қилинг. Сумканинг оғирлигидан олдинга букилиб олган бўлмаслиги, тик тура олиши лозим, бу умуртқа қийшайишига сабаб бўлади. Шунинг учун сумкага ҳақиқатан керакли нарсаларнигина жойлаш керак. Масалан, акварел бўёқлари, геометрик чизғичлар тўплами ҳар доим ҳам керак бўлмайди.

    Портфелнинг орқага тегиб турадиган қисми ортопедик шаклда бўлиши керак. Сумканинг елкага тақиладиган қисмини узунроқ-қисқароқ қилиш имконияти бўлиши муҳим. Портфелнинг юқори бурчаклари ўқувчиинг елкаси билан баравар туришига эътибор беринг.

    Сув ўтказмайдиган, осон ювиладиган матодан қилинган портфелни саришта тутиш қулай. Шунингдек, портфелдаги замочка ва тугмаларнинг очиб-ёпилиши бола учун қулайлигини инобатга олиш керак. Бошланғич синф ўқувчиларига асло рюкзак олиб берманг. Улар ўсаётган организм учун мослашмаган. Ўқувчилар учун махсус портфел (ранец) танланг, ─ дейди мутахассис.

    Айтганча, мактаб портфеллари бозорда 120 минг сўмдан бошланади. Оддий канцеляр жилдни эса 40 минг сўм атрофидаги нархга харид қилиш мумкин.

    Ўқувчининг яхши билим олишида яқин кўмакчилари бўлган ўқув қуролларини танлашда бир неча жиҳатларни кўздан қочирмаслик тавсия этилади.

    ─ Қора ва рангли қаламларнинг ўртача қаттиқликдагисини танлаш керак (қаламнинг ўзида кўрсатилган бўлади).

    ─ Чизғичнинг пластмассадан тайёрлангани енгиллиги боис ўқувчига фойдаланиш учун осонлик яратади.

    ─ Дафтар варақлари ўта оппоқ бўлиши ўқувчининг кўзини зўриқтиради. Шунинг учун қаймоқранг-сарғимтир тусдаги варақлар мақсадга мувофиқ. Варақнинг ўта силлиқ бўлиши ҳам ёзишда ноқулайлик келтириб чиқаради.

    ─ Қаламларни танлашда унинг юмалоқ эмас, балки уч қиррали эканлигига эътибор беринг. Бундай қаламни ушлаш қулай. У билан узоқ ишлаганда қўл мушаклари зўриқмайди.

    ─ Ручканинг бел қисмида резина белбоғи борини танлаш орқали ёзишни энди ўзлаштираётган болажоннинг қўллари тез чарчамаслигини кафолатлаган бўласиз.

    ─ Фломастерлар сув асосида ёки бензол билан тўйинтирилган турда бўлади. Бола фломастерни оғзига ҳам олиб бориши, қўлига чизиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда сувли асосдагисини танлаган маъқул.

    ─ Металл ёки пластмассадан қилинган қаламдондан фойдаланиш нафақат бола, балки катта одам учун ҳам ноқулайлик туғдиради. Энг яхшиси, синтетик матодан қилинган юмшоқ қаламдон.
    Саодат Абдураҳмонов

    Манба: Kun.uz

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Канцелярия хариди мавсуми: нархлар, мутахассис маслаҳати ва лайфҳаклар