17:35 / 26.08.2019
2 234

Сайёр қабул: Ечими йўқ муаммо бўлмайди

Сайёр қабул: Ечими йўқ муаммо бўлмайди
Сергели туманида Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Н.Турсуновнинг навбатдаги сайёр қабули ўтказилди. Эътиборлиси бу галги халқ билан мулоқот олдингиларидан фарқли тарзда, яъни ҳудуддаги “Шукрона” маҳалласида ўтказилди. Сайёр қабулдан сўнг уйма-уй юриб аҳоли муаммолари ўрганилди.

– Ҳар бир муаммонинг албатта, ечими бор. Бунинг учун мутасаддилар халқнинг олдига раҳбар сифатида эмас, оддий фуқаро сифатида келиб, уларнинг муаммоларини, дардларини эшитиши лозим, дея сўз бошлади сектор раҳбари. – Бугун Сергели тумани улкан бунёдкорлик майдонига айланди. Янгидан-янги уйлар қурилиб, узоқ йиллардан бери уй-жойга муҳтож фуқаролар бошпанали бўлмоқда. Бундан ташқари, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига элтувчи йўллар таъмирланмоқда.

Сайёр қабул давомида 50 дан зиёд мурожаатчининг масала ва муаммолари тингланиб, 18 та мурожаат жойида ҳал этилди.
Хусусан, “Қўшқўрғон” маҳалласи 5-тор кўчаси 14-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Нигора Маҳаматова маҳаллада лоток ва ариқлар йўқлиги сабаб, ёғингарчилик кунларда хонадонлар атрофи сувга тўлиб кетишини билдирди. Мазкур мурожаат бўйича масъул идораларга топшириқ берилиб, ушбу масалани 15 кун муддатда ижобий ҳал этилиши белгиланди.

Сектор раҳбари сайёр қабулга кела олмаган ногиронлиги бор фуқароларнинг хонадонларида бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олди. Муаммоларини тинглади. Жумладан, “Шукрона” маҳалласи 6-уй, 40-хонадонда яшовчи фуқаро Мария Кирсанова ёлғиз яшайди. Боз устига кўзлари яхши кўрмайди.

Жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун эса ёлғиз аёлнинг моддий имкони йўқ. Сектор раҳбари томонидан шу куннинг ўзида М.Кирсановани жарроҳлик амалиётига тайёрлаш учун мутассади раҳбарларга кўрсатма берилди. Унга моддий ёрдам берилиб, ногиронлар аравачаси топширилди. Шунингдек, хонадонидаги иссиқ ва совуқ сув ҳисоблагичлари янгисига алмаштирилди. Шу куни мутасаддилар жалб этилган ҳолда кўп қаватли уйнинг лифти таъмирлаб берилди.

Ҳудуддаги 6-уй, 3-хонадонда яшовчи яна бир фуқаро Муҳаббат Комилжонованинг 2 нафар фарзанди ногирон. Ўзи эса, бир неча йилдан буён буйрак ва жигар хасталигидан азият чекади. Даволаниш учун йўлланма беришларини сўраб қилинган мурожаатлар бесамар кетган. Йўлланмани 3 йил кутиш кераклигини эшитган опанинг дарди яна биттага кўпайди.

М.Комилжонова сайёр қабул давомида сектор раҳбаридан 10 кун муддатга Юнусобод туманидаги “Чинобод” санаторисига йўлланма берилишини эшитгач, қувончдан кўзлари намланди.

Сектор раҳбари сайёр қабул жараёнида таъмирлаш ишлари олиб борилаётган тумандаги 277-сонли мактаб ҳамда 12-сонли оилавий поликлиникада ҳам бўлди. У ердаги муаммолар ўрганилиб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Тошкент шаҳар ДСБ матбуот хизмати

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сайёр қабул: Ечими йўқ муаммо бўлмайди