12:37 / 30.08.2019
4 189

Халқ таълими вазирлиги мактаб формаси бўйича ота-оналарга мурожаатнома билан чиқди

Халқ таълими вазирлиги мактаб формаси бўйича ота-оналарга мурожаатнома билан чиқди
Сўнгги кунларда турли ижтимоий тармоқларда қизғин мунозараларга сабаб бўлаётган давлат умумтаълим муассасаларида ўқувчилар учун янги ўқув йилида кийиши лозим бўлган мактаб формаси хусусида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги баёнот билан чиқди.

Қайд этилишича, бугунги кунда республикадаги умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг мактаб формаси ва уни кийиб юриш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 666-сонли Қарори билан тасдиқланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 июндаги “Вазирлар Маҳкамасининг давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 15 августдаги 666-сон қарорига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қарорига биноан давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формаларини мажбурий қилиб белгилаш 2024/2025-ўқув йилидан деб белгиланди.

“Гарчи, ягона мактаб формасининг мажбурийлиги кечиктирилган бўлса-да, Вазирлар Маҳкамасининг 666-сонли қарори билан тасдиқланган давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом 2018/2019-ўқув йилидан бошлаб амалда сақланиб қолмоқда”, - дейилади баёнотда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб вазирлик янги ўқув йилида давлат умумтаълим мактабларида мактаб формаси сифатида қуйидаги кийим-кечакларни тавсия қилган:

1) ўғил ва қиз болалар учун – тепаси оқ (классик кўйлак), пасти қора (классик шим ва юбка) бўлган кийим;
2) мактаб томонидан аввалги йилларда жорий этилган ва бугунги кунга қадар кийишга яроқлиликни сақлаб қолган форма;
3) Вазирлар Маҳкамасининг 666-сонли қарори билан тасдиқланган ўқувчилар учун замонавий ягона мактаб формалари.

“Фарзандингизни вазирлик томонидан тавсия этилган вариантлардан ташқари бошқа кийим-кечакларда ҳамда турли бош кийимларда (таълим муассасасида ўтказиладиган турли тадбирлар жараёни бундан мустасно) мактаб ҳудудида юриши таълим муассасасининг ички тартиб ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилишига олиб келади. Мазкур ҳолат таълим муассасаларида ўқувчи ёшлар ўртасида ижтимоий тенгликни таъминлашга қаратилган.

Мактаб директорлари томонидан мактаб формасини марказлашган ҳолда олди-сотди ишларини ташкил қилиниши қатъиян тақиқланганлигини сизга яна бир бор эслатиб қўймоқчимиз”, - дейилади вазирлик маълумотида.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Халқ таълими вазирлиги мактаб формаси бўйича ота-оналарга мурожаатнома билан чиқди