16:43 / 02.09.2019
2 884

Медиадаги муҳаббат манзараси

Медиадаги муҳаббат манзараси
Фото: «ПостНаука»
Янги медиатехнологиялар тадқиқотчиси, россиялик олим Лев Манович замонавий технологияларнинг одамлар орасидаги муносабатларга таъсири, «севги супермаркети» ҳамда муҳаббатнинг медиадаги тимсоли ҳақида.

Севги – табиий инсоний ҳиссиёт. Лекин масалага академик нуқтаи назардан ёндошсак, унда севги ўрта асрларда Европада шаклланган тарихий концепция экани ойдинлашади. Севги деганда нима тушунилиши асосан маданиятга боғлиқ бўлади. Замонавий технологияларнинг ҳаётимизга кириб келиши билан эса ушбу ҳиссиётнинг хатти-ҳаракат сифатида қай тариқа шаклланиши борасидаги тасаввурларимиз ҳам ўзгармоқда. Масалан, XIX–ХХ асрларда одамлар бир-бирига севги мактублари ёзган.

Ҳозир эса кўп сонли жуфтликлар бошқа-бошқа шаҳарларда ёки мамлакатларда истиқомат қилмоқда, уларнинг ўзаро изҳорлари эса ижтимоий тармоқлар орқали йўлланмоқда. Турли замонларда одамларнинг ўзаро муҳаббати бир хил бўлган (бир хилда севишган), бироқ муҳаббат изҳорининг мундарижаси доимо турлича бўлган. Айтиш мумкинки, севгининг ҳеч қандай абстракт концепцияси мавжуд эмас, биз фақат унинг инъикосини кўрамиз. Замонавий медиа эса бу нарсани муайян медиашаклга солган ҳолда намоён этмоқда.

Муҳаббат ва рақамли технологиялар даври
Глобаллашув, жаҳон бўйлаб саёҳатнинг осонлиги, текин телекоммуникациялар ва ҳоказолар сингари давримизнинг муайян иқтисодий, техник ва ижтимоий ўзига хосликлари, шубҳасизки, ҳаётимиз, ҳиссиётларимиз, ўзаро муносабатларимиз ва ижтимоий алоқаларимизни ўзгартирмоқда. Аксариятимизда ўзимиз ҳеч қачон кўрмаган, лекин ижтимоий тармоқлар орқали фаол мулоқот олиб борадиган дўстларимиз мавжуд.

Бир тарафдан, бу одамлар учун бошқа мамлакат ёки бошқа шаҳарда яшаётган танишлари билан алоқани ушлаб туришга ёрдам бермоқда. Гарчи гаплашгани тайинли мавзу бўлмаса-да, танишлар билан яқин алоқаларни ушлаб туриш, ҳар куни гаплашиш, ўзаро фотосуратлар алмашиниш имкони бор.

Бошқа тарафдан эса, кўпайиб кетган юзлаб танишув сайтлари сабабли муҳаббат тушунчасининг анъанавий моҳиятини фаҳмлаш қийинлашиб қолди. Худдики «одам бозори» пайдо бўлгандек гўё ва у орқали, энди исталган пайтда бошқа эр ёки, хотин топса бўладигандек... Бирор одамни учратиш, унга қизиқиб қолиш ва атиги тўрт ойдан кейин бошқа, янада яхшироғини топиш учун буниси билан қандайдир арзимаган сабаб билан ажрашиб кетиш ҳеч гап бўлмай қоляпти.

Гўёки биз «севги супермаркети»да яшаяпмиз. Технологиялар эса, бир томондан, бизга жуфт учун идеал шахсни топишга кўмаклашмоқда ва муҳаббатни мукаммалроқ қилишга ёрдам бермоқда. Бошқа тарафдан эса, айнан шу технологиялар ҳиссиётларимиз ва муносабатларимизни барбод қилишга қодир. Чунки улар туфайли олдимиздаги танлов имконияти кўпаймоқда.

Глобаллашув оқибатидаги рақобат
Глобаллашув ва интернет одамзотга оламни аввалгидан кенгроқ миқёсда кўришга имкон бермоқда. Замондошларимиз муҳаббат ҳақида қандай фикрда эканини билиш учун жаҳоннинг юзлаб шаҳарларида тадқиқот ўтказиш керак.

Глобаллашув натижасида дунёда рақобат кучайди. Агар йигирма йил олдин олийгоҳни тамомлаётган киши учун иш ўрни ва нормал ҳаёт тарзи кафолатланган бўлса, ҳозирда олийгоҳни битириш ҳеч нарсани англатмайди ва яхши ҳаёт кафолатини бермайди. Кишилар учун ҳаётда ва жамиятда ўз ўрнини топиш масаласи асосий планга чиққан.

Замонамиз ёшлари алкогол ва тамакини камроқ истеъмол қилмоқда ва шу билан бирга уларда ўзаро муҳаббат қўйиш масаласи ҳам камайган. 25–30 ёш орасидаги шундай ёшлар қатлами борки, улар ўз иши ва карьерасига жуда муккасидан кетган ва улар шахсий ҳаёт, кўпайиш масалаларига вақт ажратишни истамайди. Улар кимнидир учратиб қолиб, севиб қолиш ва натижада ҳаётини назорат қила олмай қолишдан қўрқади.

Катта шаҳарларда ҳаёт тиғизлашган, рақобат кучайган; шунинг учун одамлар энди севги-муҳаббат ҳақида 10–20 йил аввалгидан кўра бошқача фикрламоқда ва энди ҳатто бу ҳақда ўйлаш учун ҳам одамларда вақт кам. Бунинг сабаби шуки, дунё кучли глобаллашди, одамларда бошқа шаҳар ёки мамлакатда ўқиш ва ишлаш имконияти пайдо бўлди. Муваффақиятга эришишни истаган одам бугун аввалги авлод вакилларидан кўра кўпроқ тер тўкиши, тинмай меҳнат қилишига тўғри келяпти, акс ҳолда у ўзига ўхшаганларга рақобатни бой беради. Одамларда меҳр-муҳаббат, оқибат ва ҳамдардлик учун вақт ортмаяпти.

Муҳаббатнинг медиадаги тимсоли
ХХ аср одами кундалик рационал турмуш тарзига эга эди ва у даврий равишда ҳордиқ чиқариб, тин олишига имкон бор эди. Кўплаб маданиятларда халқ сайиллари кенг тарқалган нарса бўлиб, одамлар оммавий кўчага чиқар ва жамият ўзининг кундалик ташвишларини бирозга унутиб, турли чеклов ва «чизиб қўйилган чизиқ»лардан бироз ташқарига чиқарди.

ХХ асрда муҳаббат кино, адабиёт ва тасвирий санъат воситасида кўпроқ тараннум этиларди. Ўша пайтларда, шунингдек, жангари саҳналар, чекиш ва ҳоказолар сингари инсон фитратидаги ҳайвоний ҳислар ҳам баъзан ошкора кўрсатиларди. XXI асрда эса бу каби саҳналарни деярли кўрмайсиз; бу орқали киши уларсиз ҳам яшай олишини кўрсатиб қўйишмоқчи. Бўлиши мумкин, чунки, файласуфларга шундай кўрингани билан, одамлар барибир шунчаки биологик мавжудот эмас ҳарҳолда.

Рақамли муҳитнинг одамлар орасидаги ўзаро муносабатларга таъсири
Одамлар замонавий технологияларнинг фақат ижобий самарасини қабул қилишга ва салбийларини четлаб ўтишга қодирмиз деб ўйлайди. Афсуски, бунинг имкони йўқ. Ҳар қандай технологиянинг ижобий самараси билан бирга салбий оқибати ҳам бўлади. Масалан, замонавий йирик шаҳарлардаги ҳаёт қишлоқлардагидан кўра қизиқроқ бўлгани билан, шаҳарликларда стресс ва касодга учраш кўп учрайди. Шунга қарамай, технологиялар катта-катта янги имкониятлар очмоқда ва уларнинг ижобий самараси кўпроқ бўляпти.

Манба: Daryo.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Медиадаги муҳаббат манзараси