09:12 / 10.09.2019
4 169

Талабаларга контракт суммаларини ойма-ой бўлиб тўлаш имконияти берилади

Талабаларга контракт суммаларини ойма-ой бўлиб тўлаш имконияти берилади
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2019 йилда олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматининг ўрнатилишига оид шарҳ билан чиқди.

Қайд этилишича, талабаларга тўловларни амалга оширишда қулайлик яратиш, аҳолининг кенг қатлами учун олий таълимнинг ҳаммабоплигини таъминлаш мақсадида 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб, тўлов-контракт қиймати миқдорлари икки хил кўринишда – “стипендияли” ва “стипендиясиз” этиб белгиланди.

Стипендиясиз қиймат миқдорлари, ҳар ойлик талабага тўланиши белгиланаётган 400 000 сўм, бир йилда жами 4 800 000 сўмни чегириб ташлаш ҳисобига шакллантирилади.

Мисол учун, бакалавриатнинг Гуманитар фанлар, Педагогика, Техника, Қишлоқ ва сув хўжалиги таълим йўналишлари бўйича тўлов-контракт асосида таҳсил оладиган талабалар (жами талабаларнинг қарийб 80 фоизи) 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб, қуйидаги тартибда тўловларни амалга ошириши мумкин:

Стипендия билан – 10 792 960 сўм (Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 17 баробарида);

Стипендиясиз – 5 992 960 сўм (10 792 960 сўм - 4 800 000 сўм).

Бундан ташқари, аҳолига тўловларни амалга оширишда енгиллик яратиш мақсадида контракт суммаларини ойма-ой бўлиб тўлаш имконияти берилади ҳамда олий таълим муассасалари ректорлари тўлов муддатларини узайтириш ваколатига эга бўлади.

Янги ўқув йилида тўлов-контракт қиймати миқдорини 18 фоизга оширилишида (индексация қилишда) асосий омил сифатида, олий таълим муассасалари ходимларининг иш ҳақи миқдорлари (ўтган ўқув йилида 3 маротаба), коммунал хизматлар тарифлар ва бошқа сақлаш харажатлари ошгани ҳолда, олий таълим муассасалари харажатларини даромадларига нисбатан 74 фоизга ўсганлиги инобатга олинган.

Шу билан бирга, ёшларни олий таълим билан қамров кўрсаткичи 2017/2018 ўқув йилидаги 9 фоиздан жорий ўқув йилида 20 фоизга ортганлиги ёки талабалар контингентининг 126 минг нафарга кўпайганлиги олий таълим муассасаларида ўқитувчилар ва ўқув бинолари қувватларини яратиш бўйича қўшимча эҳтиёжга олиб келади, бу эса ўз навбатида қўшимча харажатларни талаб этади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, 2019/2020 ўқув йилидан тўлов-контракт миқдорларининг ўртача 18 фоизга оширилиши - бир талабани бир йиллик ўқитиш харажатларини қисман, яъни ўртача 68 фоизи қопламоқда холос (бунда - харажатларни қопланиши ўтган йилги даражада сақлаб қолинмоқда), дейилади вазирлик шарҳида.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Талабаларга контракт суммаларини ойма-ой бўлиб тўлаш имконияти берилади