23:20 / 26.09.2019
3 362

Расман 1998 йилда «ўлган» қашқадарёлик адолат изламоқда

Расман 1998 йилда «ўлган» қашқадарёлик адолат изламоқда
Фото: «Дарё»
Қарши шаҳридаги мансабдорлар эътиборсизлиги боис ҳужжатларда «1998 йил вафот этган» деб ёзилган қаршилик Анвар Жавҳаров бугунги кунга келиб ўша эътиборсизлик касрига қолган. Ўзининг айтишича, унинг ўлими ҳақидаги ҳужжат ва аёлининг сохта ишончнома тайёрлаши оқибатида боридан айрилган.

Бундан аввалроқ «Севимли» каналининг «Замон» кўрсатувида 54 ёшли Анвар Жавҳаров ўзининг тирик эканлигини исботлашга ҳаракат қилаётгани, аммо ҳужжатларда аллақачон вафот этгани ёзилгани хусусида сўз борганди. «Дарё» мухбири Отабек Қўлдошев ҳам воқеа тафсилотларини ўрганди.

— Қарши шаҳар Мудофаа ишлари бўлими мансабдорлари томонидан 1998 йил вафот этганим тўғрисида ҳужжат тайёрланган, — дейди Анвар Жавҳаров. — Мен бу маълумотдан хабар топганимдан сўнг бунинг нотўғрилигини исботлашга уриндим. Мутасадди ташкилотларга мурожаат қилдим.

Аниқланишича, Анвар Жавҳаровнинг ушбу мурожаатига жавобан 2018 йил 29 май куни Қарши ҳарбий прокурори Ж. Ашуровдан жавоб келади.
Унда шундай дейилади: «...Қарши шаҳар Мудофаа ишлари бўлимида юритилган ҳисоб карточкангиздаги қўшимча маълумотлар бандига Сизни 1998 йил 23 июнь куни вафот этганлигингиз киритилган. Бу маълумотлар киритилишига 2008 йил 30 июнь кундаги 751-кирим рақамли ҳужжат асос бўлган».

Фото: «Дарё»
Қизиқ, Қарши шаҳар Мудофаа ишлар бўлимида юритилган ҳужжатда фуқаро 1998 йил вафот этгани ёзиляпти, аммо масъуллар бу ҳужжатга асос қилиб 10 йилдан кейин — 2008 йил тузилган ҳужжатни кўрсатишмоқда. Ажабо...

Қарши ҳарбий прокурорининг қўшимча қилишича, фуқаро мурожаатига асосан ҳарбий прокуратурага ушбу ишни ўрганиш ҳамда вазиятга ойдинлик киритиш талаб қилингач, Анвар Жавҳаровни 1998 йил вафот этган дея қайд этилишига сабабчи бўлган 2008 йилдаги 751-сонли кирим хатини излашга тушишади. Бироқ ушбу ҳужжат 2011 йил йўқ қилинган бўлиб чиқади.

Ҳарбий прокуратура изланишини давом эттириб, Қарши шаҳар Мудофаа ишлари бўлимига ФҲДЁ бўлимлари ёки суд томонидан Анвар Жавҳаровнинг бедарак йўқолганлиги ёки вафот этганлиги хусусида ҳужжат тақдим қилинган ёки қилинмаганлиги билан қизиқади.

Қарши шаҳар ФҲДЁ бўлими, Қашқадарё вилоят ФҲДЁ архиви, Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро суди ҳамда Қарши туман Давлат архивига юборилган сўровномалар натижасига кўра, ушбу ташкилотлардан Анвар Жавҳаровнинг ўлим ҳолати қайд этилган ёки бедарак йўқолгани ёзилган бирор бир ҳужжат тақдим этилмаган.

Анвар Жаҳаровнинг маълум қилишича, ушбу текширувлар ҳам унинг ўлимини қайд этган Қарши шаҳар Мудофаа ишлари бўлими Резервчилар ва ҳарбийга мажбурларни ҳисобга олиш бўлинмаси бошлиғининг собиқ ёрдамчиси Ғ. Алиқулов ва Қарши шаҳар Мудофаа ишлари бўлими мансабдорлари устидан жиноят иши очилишига сабаб бўлмаган. Хуллас, ёпиғлик қозон ёпиғлигича қолган.

Анвар Жавҳаровнинг айтишича, у ҳаёти давомида яна бир адолатсизликка дуч келган. Унинг иддаосига кўра, 2007 йил 19- март куни Қарши шаҳар нотариал идораси нотариуси Р. Ўнгбоева томонидан расмийлаштирилган ишончнома унинг иштирокисиз тузилган бўлиб, ишончномага эга бўлган турмуш ўртоғи Шаҳодат Шарипова унга тегишли мулк — уйни сотиб юборган. Оқибатда Анвар Жавҳаров бугунги кунда бошпанасиз қолган. Мана, неча йилдирки ижарама-ижара яшаб келмоқда.

— Турмуш ўртоғим Шаҳодат Шариповага берилган ишончнома сохта, ундаги имзо менга тегишли эмас, — дейди Анвар Жавҳаров. — Менинг имзойимни сохталаштиришдан мақсад уйимни сотиб юбориш бўлган.

Анвар Жавҳаров ўзи Россияда бўлган даврида нотариус томонидан сохта ишончнома расмийлаштирилган деган фикрда. Шу боисдан ҳам ишончноманинг сохталигини исботлаш мақсадида 2015 йилдан бери мутасадди ташкилотларга мурожаат қилиб келади.

Унинг мурожаатлари натижаси ўлароқ Қарши шаҳар ИИБ томонидан унинг турмуш ўртоғи Шаҳодат Шариповага нисбатан бир неча маротаба очилган жиноят ишлари жиноят аломатлари йўқлиги сабаб тўхтатилган.

Қарши шаҳар ИИБ ҳузуридаги ТБ терговчиси М. Рустамовнинг тергов хулосаларида ёзилишича, жиноят иши бўйича сўроқ қилинган Шаҳодат Шарипова собиқ турмуш ўртоғи Анвар Жавҳаров 2007 йил Россияга кетишидан олдин у билан бирга нотариал идорага борганлиги, ўзи унга ишончнома берганлигини айтган. Жавҳаров эса буни рад этган. Нотариал идорага аёли билан бормаганлигини, расмийлаштирилган ишончнома сохта эканлигини айтган.

Анвар Жавҳаровнинг билдиришича, у жазони ижро этиш муассасасида, аёли эса Россия давлатида бўлган пайт уларнинг никоҳи бекор қилинган.

— Мен қамоқда, аёлим эса Россияда бўлган пайт ажрашган эканмиз, — дейди Анвар Жавҳаров. — Қандай қилиб, мен ҳалигача буни тушунолмайман.

Нотариус Р. Ўнгбоева эса ўзи томонидан тузилган ишончнома ҳақиқийлигини айтиб, агарда ишончнома берувчи Анвар Жавҳаров ўша пайт ўзи келмаганида ишончнома расмийлаштирмаган бўлишини билдирган.

Тергов ҳаракатлари давомида Анвар Жавҳаровнинг 2 нафар қизи — М. Ҳайдарова ва Г. Жавҳарова ҳам дадаси 2007 йил нотариал идорага онаси билан бирга борганлигини тасдиқлаган.

Ички ишлар вазирлиги, Қашқадарё вилоят ИИБ Эксперт-криминалистика бўлимининг 2018 йил октябрь ойидаги хулосасига кўра, 2007 йил 19 март куни 2-711-реестр рақами билан рўйхатга олинган ишончнома асли ва нусхасидаги «Жавҳаров Анвар» ёзувлари Анвар Жавҳаров томонидан бажарилган.

Тергов хулосаларида ёзилишича, Анвар Жавҳаров вилоят наркология диспансери томонидан 2016 йил 19 ноябрь куни рўйхатга олинган.

Тирик одамнинг ўлдига чиқарилиши жуда ажабланарли, тўғриси. Ҳар қандай ҳолатда ҳам расмий ҳужжат асосли бўлиши лозим ва шарт. Қарши шаҳар Мудофаа бўлими мансабдорларининг ҳаракатини ҳеч қандай важ билан оқлаб бўлмайди, албатта.

Ўйлаймизки, бунга масъул раҳбарлар ушбу масалага яна бир бор эътибор беришади. Мурожаатчи Анвар Жавҳаровнинг турмуш ўртоғи ҳақидаги ҳақиқатлари, унинг қилмишидан норозилиги эса масъул идоралар томонидан ўрганилиб, аллақачон хулоса қилинган.

Отабек Қўлдошев

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Расман 1998 йилда «ўлган» қашқадарёлик адолат изламоқда