Олмазор «замҳокими» барибир қонунни бузган. Хушнуд Худойбердиев тушунтиради

  • 27 сентябрь 2019, 09:13
  • 897
  • Жамият
  • Олмазор «замҳокими» барибир қонунни бузган. Хушнуд Худойбердиев тушунтиради
    25 сентябрь, чоршанба куни Бош прокуратура Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобовнинг журналистларга ташланишини «касб этикасига тўлиқ мос» деб топиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатишни рад этгани ҳақида хабар берилган эди.

    Кейинроқ ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ушбу масалага муносабат билдириб, «ҳокимлик хулосаси кулгили, прокуратура туҳмат масаласини кўриб чиқиши керак», деб ёзганди.

    Бугун ҳуқуқшунос ушбу ҳолатда қонуний томондан қўшимча қиладиган яна бир муҳим жиҳат бор эканлигини ёзмоқда. Қуйида ҳуқуқшуноснинг мулоҳазалари тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этилади.

    Демак, Тошкент шаҳар ҳокимлиги эълон қилган видеода Абдурасул Ваҳобов айтадики, 6 ой олдин ‘Kun.uz’ мухбири Собир Раҳимов ҳайкали рўпарасидаги 1 гектар бўш турган ернинг ярмига меҳмонхона қуриш, ярмини сотиш учун олмоқчи эканлигини айтиб, шу жойни олишда ёрдам берса, туман ҳокими ўринбосарини ҳам қуруқ қўймайман, дея жуда юқори суммани ваъда қилган.

    Келинг, шу жойда ‘замҳокимнинг гапига ишонамиз. Яъни унинг гапини ҳақиқат, деб қабул қиламиз.
    Энди шу жойига савол: унда нима учун ‘замҳоким’ ушбу коррупция ҳолати ҳақида дарров ўз раҳбарига ёки тегишли идораларга хабар бермади? Ахир у қонун бўйича хабар беришга мажбур эди-ку!

    Билмаганларга эслатаман, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунда шундай модда бор:

    «26-модда. Давлат органлари ходимларининг коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар фактлари тўғрисида хабар қилиш мажбурияти
    Давлат органларининг ходимлари уларни коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этишга кўндириш мақсадида бирор-бир шахс ўзларига мурожаат этганлигига доир барча ҳоллар тўғрисида, шунингдек, давлат органларининг бошқа ходимлари томонидан содир этилган шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлиб қолган ҳар қандай фактлари ҳақида ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор этиши шарт.

    Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган мажбуриятнинг давлат органларининг ходимлари томонидан бажарилмаганлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади».

    Бу қонун! Демак, нафақат рўй берган коррупция ҳолатини, балки пора бериш ҳақидаги ҳар қандай таклифни яширган ҳар бир давлат органлари ходими ушбу қонунни бузган ҳисобланади. Ва бу жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.

    Худди шундай қоида Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган давлат органлари ходимларининг одоб-аҳлоқ қоидаси 9-бандида ҳам бор.

    Агар интервьюда айтилган гаплар рост бўлса, унда Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси зудликда туман ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов масаласи билан шуғулланиши керак.

    Нима учун жуда катта суммадаги пора ҳақида берилган таклифни беркитди? Нима учун 6 ой давомида бу ҳақда ҳеч кимга хабар бермади? Бундан унинг нима манфаати бор эди? Ахир республикада коррупцияга қарши курашиш бўйича аёвсиз жанг кетаётган бир пайтда, унинг бундай қонунга қарши ҳаракатини қандай тушуниш мумкин?

    Ёки интервьюдаги гаплар ёлғонмиди? Аслида бунақа воқеа бўлмаганмиди? А, лаббай?

    Олмазор тумани ҳокими ўринбосари бўйича қонун нуқтаи назаридан иккита хулоса бор:
    Биринчиси, унинг интервьюда айтган гаплари рост. Демак, у «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг 26-моддасини бузган ҳолда, катта миқдорда пора беришга оид таклифни 6 ой барчадан яшириб юрган.

    Иккинчиси, унинг интервьюда айтган гаплари ёлғон. Демак, у журналистни оғир жиноят содир этишда айблаб, туҳмат қилган ва қонунни бузган.
    Унисида ҳам, бунисида ҳам қонунбузилиш ҳолати бор, менимча.

    Бу икки вариантдан қайси бири ҳақиқатлигини белгилаш эса менинг ваколатимга кирмайди. Бунисини тегишли идоралар ҳал қилади. Мен шунчаки ҳуқуқий томондан изоҳладим холос, деб ёзади ҳуқуқшунос.

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Олмазор «замҳокими» барибир қонунни бузган. Хушнуд Худойбердиев тушунтиради