09:56 / 28.09.2019
3 749

Яшнободда «тез ёрдам» шифокорлари аёвсиз калтакланди

Яшнободда «тез ёрдам» шифокорлари аёвсиз калтакланди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифокорларга тажовуз қилиш билан боғлиқ навбатдаги ҳолат ҳақида маълумот берди.

25 сентябрь куни соат 22:01 да Тошкент шаҳар «Тез ёрдам» станцияси Call-марказига Яшнобод тумани Боткина кўчаси 4-уй, 38-хонадонда яшайдиган А.А.нинг аҳволи оғирлашгани ҳақида қўшниси хабар беради. Бу маълумот зудлик билан Яшнобод тумани 3-подстанциясига етказилади ва «Тез ёрдам» бригадаси соат 22:18 да айтилган манзилга етиб боради.

Врач Қ.С. ва фельдшер М.О. бемор А.А.ни кўрикдан ўтказганида у вафот этгани маълум бўлади. Бироқ, беморнинг яқинлари шифокорлардан беморга укол қилиш, реанимация ёрдами кўрсатишни талаб қилади. Шифокорлар уларга бу фойдасиз эканини тушунтиришига қарамасдан, беморнинг яқинлари тиббиёт ходимларига таҳдид қилишда давом этади. Шунда фельдшер М.О. уйнинг йўлагига қочиб чиқади. Беморнинг яқинларидан уч киши унинг ортидан қувиб, йўлакда уни калтаклайди.

Натижада М.О. жиддий тан жароҳати олиб, йўловчи машинада Тошкент тиббиёт академияси клиникасига боради. У ерда фельдшерга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, олган тан жароҳати оғир бўлгани учун Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига юборилади. Беморга бош мия ёпиқ жароҳати, юз-жағ жароҳати, кўкрак қафаси ёпиқ жароҳати, буйрак жароҳати ташхиси қўйилган. Шифокор Қ.С. ҳам жиддий тан жароҳати олгани боис, айни пайтда даволанмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифокорларнинг саломатлигини қатъий назоратга олган. Шу билан бирга, мазкур ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш, тиббиёт ходимларининг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоялаш мақсадида Тошкент шаҳар прокуратурасига мурожаат йўлланди.

«Шу ўринда айтмоқчи эдикки, шифокор ўз ҳаловатидан кечиб, ўзгаларнинг соғлиғини кўзлаб, кунни тунга улаб меҳнат қилади. Соғлиғи ёмонлашиб, кўмакка муҳтож бўлган инсоннинг ҳаёти ва саломатлиги учун бор куч-салоҳиятини бағишлайди. Шундай экан, яхшилик қилган инсонга ёмонлик қилиш, шифокор ҳаётига тажовуз қилиш инсонийликка мутлақо зиддир. Умид қиламизки, кенг жамоатчилигимиз жамиятимизда рўй бераётган бундай иллатларга бефарқ бўлмайди», — дейилади хабарда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Яшнободда «тез ёрдам» шифокорлари аёвсиз калтакланди