17:26 / 30.09.2019
3 678

Танзила Норбоева: «Бундай хабарлар мамлакат обрўсига путур етказмай қолмайди»

Танзила Норбоева: «Бундай хабарлар мамлакат обрўсига путур етказмай қолмайди»
Бугун Олий Мажлис Сенати Регламент ва одоб комиссияси йиғилишида Фарғона вилоят ҳокими, сенатор Шуҳрат Ғаниев масаласи кўриб чиқилди.

«Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти ҳокимининг йиғилишда билдирган фикри юзасидан бир қанча материаллар эълон қилинди. Ва халқ томонидан жуда кескин фикрлар билдирилди. Бир сўз билан айтганда, интернетда бу масала юзасидан фикр билдирмаган инсон ҳам қолмади», дея ҳокимнинг ишини қоралади Сенат раиси Танзила Норбоева.

Танзила Норбоева Шуҳрат Ғаниевга билдирилган муносабатларнинг барчаси салбийлиги, бундай фикрлар бир неча кун ичида ижтимоий тармоқларни «портлатгани»ни таъкидлади.

«Раҳбарман деб чегарадан чиқиш, одоб-ахлоқ қоидасига риоя қилмаслик, ўзидан паст турган ходимларни ҳақоратлаш, «Мен ҳамма нарсани қилавераман», деган дунёқараш нотўғри», дея ҳокимнинг қилган ишини қоралади Сенат Раиси.
Бундан ташқари, Регламент ва одоб комиссияси йиғилишида Танзила Норбоева Сенат қандай чора кўришини бутун халқ кутаётганини таъкидлади.

«Шуҳрат Ғаниев ҳам давлат раҳбарларидан бири ҳисобланади. Бутун дунёга унинг хатти-ҳаракатлари ҳақида хабарлар кетаётгани эса мамлакат обрўсига путур етказмай қолмайди. Шунинг учун мен Регламент ва одоб комиссияси номидан унга қатъий огоҳлантириш ва 3 ой синов муддати ҳам берилишини таклиф қиламан. Бундан кейин Шуҳрат Ғаниев ўзи таъкидлаганидек, миллий либос кийиб улғайганини унутмаган ҳолда яна хато қилмасликка бутун билими билан ҳаракат қилиши зарур», деди Танзила Норбоева.

Сенат Раиси Фарғона вилоят ҳокимидан бошқа раҳбарлар фаолиятида ҳам уйлар бузилиши, дарахтлар кесилиши билан боғлиқ турли қўпол ҳаракатлар учраб турганини айтиб ўтиб, энди замон ўзгаргани, бу янги замонда инсон шаъни, қадр-қиммати қаттиқ ҳурмат қилиниши кераклигини таъкидлади.

«Ислоҳотлар амалга оширилиши жараёнида одамларда яхши кайфият бўлиши керак. Бунинг учун эса инсонлар шаъни, қадр-қиммати топталмаслиги зарур. Бу Конституцияда ҳам қатъий белгилаб қўйилган.

Айтиш жоизки, Сенат халқ вакилларидан иборат палата ҳисобланади. Шунинг учун биз бу масалалар газак олмасдан, ҳамма ижтимоий тармоқларда фикр билдириб бўлгандан кейин муносабат билдиришимиз керак эмас. Бундан кейин фаолиятимизни бу каби масалаларда ҳам кучайтирамиз», - дея комиссия йиғилишини тугатди Танзила Норбоева.

Эслатиб ўтамиз, комиссия йиғилишида Шуҳрат Ғаниев ижтимоий тармоқларда ўзига билдирилаётган танқидлар тўғрилигини эътироф этиб, ўзининг айбини тан олган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Танзила Норбоева: «Бундай хабарлар мамлакат обрўсига путур етказмай қолмайди»