07:41 / 12.10.2019
3 112

1 январдан бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ҳамда ҳокимлар мулк ва даромадларини декларация қилади

1 январдан бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ҳамда ҳокимлар мулк ва даромадларини декларация қилади
Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Президентининг «Давлат хизматчилари айрим тоифаларининг мол-мулкини, даромадлари ва харажатларини декларациялаш ва зарур техник инфратузилмани босқичма-босқич жорий этиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди. Лойиҳа Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

Ҳужжатга кўра, 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда давлат хизматчилари айрим тоифаларининг, шунингдек уларнинг оила аъзоларининг (ота-оналари, турмуш ўртоғи ва фарзандлари, шу жумладан, фарзандликка олинган оила аъзолари) мол-мулки, даромадлари ва харажатлари ҳар йиллик декларациялаш йўли билан назоратга олиниши режалаштирилмоқда.

Декларация давлат хизматчисининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон шаклда топширилади. Қайд этилишича, декларацияда кўрсатилган маълумотлар махфий ҳисобланади ва «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонун билан ҳимоя қилинади.

Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига декларацияларда ахборотнинг ишончлилиги ва тўлиқлигини танлаб назорат қилиш ҳуқуқини бериш режалаштирилган. Давлат солиқ қўмитаси давлат хизматчилари ва уларнинг оила аъзоларининг даромадлари, мол-мулки ва харажатлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотлар базасининг оператори вазифасини бажаради.

«Давлат хизматчилари томонидан даромад, мол-мулк ва харажатлар тўғрисидаги декларацияни тақдим этмаслик, ёхуд улар томонидан мол-мулк, даромад ва харажатлар тўғрисида тўлиқ ёки ноаниқ маълумотларни тақдим этиш, агар бундай маълумотларни тақдим этиш мажбурий бўлса, у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ёки ишга қабул қилишни рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилади», дейилади ҳужжат лойиҳасида.

2020 йилдан даромад ва мол-мулкини кимлар декларациялаши керак:
1. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери, Сенати раиси, уларнинг биринчи ва бошқа ўринбосарлари;
2. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва бошқа ўринбосарлари, бош вазир ўринбосарлари маслаҳатчилари;
3. Ҳисоб палатаси, Марказий сайлов комиссияси, Марказий банк раислари ҳамда уларнинг биринчи ва бошқа ўринбосарлари;
4. Вазирлар (давлат қўмиталари раислари, республика давлат бошқарув органларининг биринчи раҳбарлари), уларнинг биринчи ва бошқа ўринбосарлари;
5. Давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, уларнинг биринчи ва бошқа ўринбосарлари;
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ҳамда уларнинг биринчи ва бошқа ўринбосарлари;
7. Президент маъмурияти, Қонунчилик палатаси ва Сенат девони, Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи аппаратининг айрим мансабдор шахслари;
8. Прокуратура органлари ходимлари, давлат хавфсизлик хизмати ходимлари, миллий гвардия, ички ишлар органлари ходимлари;
9. Устав фондида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган давлат корхоналари ва акциядорлик компаниялари (жамиятлари) раҳбарлари, шунингдек, уларнинг ўринбосарлари.

2021 йилдан:
1. Вазирлик ва идораларнинг таркибий бўлинмалари бошлиқлари, шунингдек уларнинг ўринбосарлари;
2. Қонунчилик палатаси ва Сенат аппаратларининг таркибий бўлинмалари раҳбарлари;
3. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари аппаратларининг таркибий бўлинмалари раҳбарлари;
4. Устав фондида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган давлат корхоналари ва акциядорлик компаниялари (жамиятлари) таркибий бўлинмалари раҳбарлари, шунингдек, уларнинг ўринбосарлари.

2022 йилдан:
1. Ишлаб чиқариш, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг бошқа ходимлари;
2. Устав фондида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган давлат корхоналари ва акциядорлик компаниялари (жамиятлари) Марказий бошқарув органларининг бошқарув ходимлари;
3. Бюджет ташкилотлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » 1 январдан бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ҳамда ҳокимлар мулк ва даромадларини декларация қилади