13:25 / 12.10.2019
2 657

Сенат она сути билан озиқлантириш ҳақидаги қонунни маъқуллади

Сенат она сути билан озиқлантириш ҳақидаги қонунни маъқуллади
Фото: ЎзА
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 23-ялпи мажлисида «Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида»ги қонунни маъқуллади. Бу ҳақда «Daryo.uz» хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, август ойида сенаторлар мазкур қонун лойиҳасини тўлдириш кераклиги сабабли маъқулламаган эди. Қонуннинг янги матнида ва унинг номида аввалги муҳокамаларда экспертлар томонидан билдирилган фикрлар ҳисобга олинган.

Қонуннинг маъқулланган лойиҳасида гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари, она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотлар, сунъий озиқлантириш, шунингдек, қўшимча овқат маҳсулотлари каби тушунчаларга таъриф берилган.

Устувор йўналишлар сифатида она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилиш, гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш соҳасидаги давлат назорати белгиланган. Мазкур соҳада Вазирлар Маҳкамаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат бошқарувини амалга оширади.

Сенаторларнинг таъкидлашича, қонун қабул қилиниши гўдакларнинг оқилона овқатланишини таъминлаш тадбирларини амалга оширишга, фақат кўкрак сути билан озиқлантириладиган болалар сонини доимий ошириб боришга, уларнинг соғлом ўсишини таъминлашга, гўдаклар ва болалар ўртасида касалга чалиниш ва ўлим кўрсаткичларини камайтиришга кўмаклашади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сенат она сути билан озиқлантириш ҳақидаги қонунни маъқуллади