Тошкентда «буханка» нон нархи ошди

  • 15 октябрь 2019, 12:58
  • 1 257
  • Жамият
  • Тошкентда «буханка» нон нархи ошди
    Фото: РИА Новости
    Бугун, 15 октябрь куни, Тошкентда қолипли нон (буханка)нинг нархи ошди. Маълумотларга кўра, бир буханка нон дўкон ва бозорларда 1350-1500 сўмдан сотилмоқда.
    Kun.uz. мухбирлари Тошкент шаҳрининг турли туманларида жойлашган 10та дўконга боришди. Уларнинг 5тасида буханка нон 1500 сўмдан, 4та дўконда 1400 сўмдан ва биттасида 1350 сўмдан сотилмоқда.

    «Кеча ҳам нонни 1100 сўмдан сотгандик, бугундан бошлаб янги нархи 1500 сўмга тенг. Нонни сотишдан катта даромад олмаймиз, ҳар бир буханкадан атиги 100 сўм. Ростини айтганда, нархни оширмаслик керак эди. Мижозлар олдида ноқулай, аммо бошқа иложимиз ҳам йўқ. Бу нарх сиёсати», - деди сотувчилардан бири.

    Фақат битта дўконда бир буханка нон 1350 сўмдан сотилмоқда. Дўкон эгаси унга шундай кўрсатма берилганлигини айтди.

    «Эрталаб нон олиб келишди. Нархи янгича. Биз нонни 1400 сўмдан сота бошладик, аммо кейин икки нафар «костюмли» келиб, нархни 50 сўмга туширишни буюришди. Биз шундай қилдик», - деди у.

    Дарҳақиқат, пештахтада нон 1350 сўмдан сотилаётгани ёзилган. Шу билан бирга, сотувчи «костюмли шахслар» қайси ташкилот вакили экани ҳақида маълумот беришдан қатъиян бош тортди. Юқоридаги ҳодиса Чилонзор туманида қайд этилди.

    Эслатиб ўтамиз, 14 октябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ҳужжатда қайд этилишича, I нав уннинг улгуржи ва чакана нархларини маъмурий тартибда белгилаш нархларни шакллантиришнинг тўлақонли бозор механизмларини жорий қилиш имконини бермаяпти ва ун ишлаб чиқарувчи ташкилотлар ишлаб чиқарилган ва сотилган ҳар бир тонна ундан салкам 900 минг сўм зарар кўрмоқда.

    Ҳужжат билан ҳукумат дон ва ун нархларини эркинлаштиришга қарор қилди. Бу, ўз навбатида, буханка нон нархининг 1500 сўмга ошишига олиб келди. Охирги марта нон нархи 2018 йил сентябрь ойида оширилганди. Бунгача буханка нон кўп йиллар давомида 600-650 сўмдан сотилган.

    Янги қарори билан шундай тартиб ўрнатилдики, унга кўра 2019 йил 15 октябрдан:

    “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси тизимидаги ташкилотлар томонидан 2019 йил ҳосилидан тайёрланган ва ун ишлаб чиқаришга йўналтириладиган буғдойдан бошқа ғалла истеъмолчиларининг барча тоифаларига фақат биржа савдолари орқали ҳеч қандай чекловларсиз сотилади. Бунда, ғалланинг бошланғич нархи сотувчи томонидан амалдаги харид нархи, тайёрлаш, ташиш, сақлаш ва бошқа харажатлардан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади;

    давлат харидлари доирасида сотиб олинган буғдойни қайта ишлашдан олинадиган ун барча истеъмолчиларга ҳеч қандай чекловларсиз 100 фоиз олдиндан тўловни амалга ошириш орқали очиқ биржа савдоларида сотилади. Бунда, 2019 йил 1 декабрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан шакллантирилган рўйхатга киритилган қолипли нон ишлаб чиқарувчи ташкилотларга, унни биржа савдоларида 30 фоиз олдиндан тўлов ва якуний ҳисоб-китобни 10 кун ичида амалга оширишга рухсат этилади;

    ун нархи кескин ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида 2019 йил ҳосилидан тайёрланган буғдойнинг тоннаси ун ишлаб чиқаришга 1 300 минг сўмдан улгуржи нархларда сотилади. Бунда, буғдойнинг ўртача харид нархи ва улгуржи нархи ўртасидаги 120 минг сўм миқдоридаги салбий фарқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан қопланади;

    “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси тизимидаги ташкилотлар ўртасида ун ишлаб чиқаришга йўналтириладиган буғдойнинг ички айланмаси қўшилган қиймат солиғисиз улгуржи нархларда (1 300 минг сўм) ҳамда тайёрлаш, ташиш ва сақлаш харажатлари ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

    Шунингдек, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун тўланаётган пул компенсациясини қуйидаги миқдорларда белгилаш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди:

    ёшга доир ва ногиронлиги бўйича нафақа, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақаси (ҳар бир боқимандага), болаликдан ногирон бўлган 16 ёшдан катта шахсларга нафақа, 16 ёшгача бўлган ногирон болалар ва 18 ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга нафақа, шунингдек, белгиланган энг кам ёшга доир пенсиянинг миқдоридан кам пенсия олувчи ҳар бир пенсия олувчига бериладиган ҳар ойлик пул компенсацияси - 50 минг сўм;

    фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан икки ёшгача бўлган болалар парвариши учун тайинланган нафақа ёки моддий ёрдам олувчи оилага бериладиган ҳар ойлик пул компенсацияси - 50 минг сўм.

    Белгиланишича, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб 14 ёшгача бўлган болалари учун тайинланган нафақани олувчи оилаларга ҳамда белгиланган энг кам ёшга доир пенсия миқдорида пенсия олувчиларга ҳам 50 минг сўм миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси жорий этилади ҳамда уларнинг нафақа ва пенсиялари миқдори 50 минг сўмга кўпаяди.

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Тошкентда «буханка» нон нархи ошди