Қўшработда ўқитувчи уч ака-ука томонидан ўласи қилиб калтакланди

  • 16 октябрь 2019, 11:24
  • 2 134
  • Жамият
  • Қўшработда ўқитувчи уч ака-ука томонидан ўласи қилиб калтакланди
    Фото: «Дарё»
    «Дарё» таҳририятига Самарқанд вилоятининг Қўшработ тумани, «Қовунчи» МФЙ, Ўрозмат қишлоғида яшовчи нафақадаги муаллим Раҳмиддин Дўсмонов мурожаат қилиб, жорий йил 26 август куни ўғли, 42-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Дилмурод Дўсмоновни уч ака-ука калтаклаганини баён қилган.

    Мазкур ҳолат юзасидан «Дарё» нашри мухбири Фарҳод Норбўтаев журналистик суриштирув олиб борди.

    Маълум бўлишича, 2019 йил 26 август куни соат тахминан 17:30 атрофида Ўрозмат қишлоғида қўшнисининг уйида ҳашарда бўлган 42-мактаб ўқитувчиси Дилмурод Дўсмоновни ушбу қишлоқда яшовчи, ҳеч қаерда ишламайдиган ака-ука Самандар, Шарифжон ва Махсуд Дўстқуловлар қишлоқдан 6 километр узоқликда яшовчи Ширин Дўстқуловнинг уйига олиб бориб, калтаклаган.

    — Аслида ўғлимни урганлар ўзимнинг қариндошим. Ўғлим қариндошимнинг қизига уйланган. Оиласидаги озгина келишмовчилик сабабли шундай нохуш ҳолат рўй берди, — дейди Раҳмиддин Дўсмонов. — Бу ҳолат бир-икки марта бўлгани йўқ. Кўп бора содир бўлди. Мен билганим бешинчи маротаба бу. Улар ҳеч қаерда ишламайди. Қозоғистон ва Россияга бориб ишлаб келадиган бу йигитлар сабабли қишлоғимизнинг ҳамма тўй-маъракаларида жанжал бўлади. Улар қачонгача маҳалламизда ғурбат бўлиб юради?

    Жабрланувчи Дилмурод Дўсмоновнинг айтишича, у туман тиббиёт бирлашмасида 26 августдан 17 сентябргача, 22 кун давомида даволанган. Аммо экспертиза хулосасида «15 кун даволанди» деб қайд этилган.

    — Касалхонада 22 кун даволанганман. Бироқ экспертиза хулосасида «15 кун даволанди» деб ёзилган. Бунга ҳам ойдинлик киритилишини истайман. Бу ерда ҳам тушунмовчилик бўляпти. Экспертиза ҳолатни нотўғри кўрсатяпти, — дейди Дилмурод Дўсмонов.

    Журналистик суриштирув давомида маълум бўлишича, жанжалнинг келиб чиқишига уч ака-ука Дилмурод Дўсмоновнинг оилавий ишига аралашгани сабаб бўлган.

    — Бир ўғил, бир қизим бор. Ўзим мактабда ишлайман. Айни пайтда оилам билан ажрашиш арафасидаман, — дейди Дилмурод Дўсмонов.

    Фото: «Дарё»
    Дилмурод Дўсмонов калтакланмасдан аввал ушбу оилани сақлаб қолиш имкони бўлган. Аммо маҳалладаги масъуллар ва туман мутасаддиларининг эътиборсизлиги, вазиятга ўз вақтида тўғри баҳо бермаганлиги сабаб муаммо чуқур илдиз отаверган.

    — Жанжал бўлишидан икки ойча олдин маҳалла раиси, маслаҳатчилардан уларни яраштириб қўйишларини сўрадим. Улар «Шошманглар, бир оз кутайлик» деди. Кутиб нима бўлди? Мана, охири жанжал бўлди. Бировни майиб қилди. Ўша вақтда ярашиш имконияти бор эди. Энди келин қандай юз билан бизни уйимизга кела олади, — дейди Раҳмиддин Дўсмонов. — Невараларимга ичим ачяпти. Уларни кўргим келади. Мен ҳам оиласи бузилмаслигини истадим. Шу ишлар бўлмасин деб қанча югурдим. Туман раҳбариятигача бордим. «Шошмай тур» дейишди. Охири шу иш бўлди. Маҳалла ҳеч нима қилмади. Жанжал бўлганидан сўнг туман хотин-қизлар қўмитасидан келиб бизни дўқлаб кетяпти. Ахир хотин-қизлар қўмитаси жанжалнинг олдини олиш керак-ку?

    Қўшработ туман Ички ишлар бўлимининг маълум қилишича, содир бўлган ҳолат ўрганилиб, ака-ука Самандар, Шарифжон ва Махсуд Дўстқуловларнинг хатти-ҳаракатида жиноят аломатлари борлиги аниқланган. Уларга нисбатан туман ИИБ Тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 109-моддаси, 2-қисми билан 24 сентябрь кун жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирги кунда ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Аммо жабрланувчининг отаси Раҳмиддин Дўсмонов туман ИИБ томонидан қўзғатилган жиноят ишидан норози эканлигини билдирди.

    Скриншот: «Дарё»
    — Туман ИИБ томонидан жиноятчиларга ЖК 109-моддаси, 2-қисми асосида жиноят иши очилганига норозилик билдираман. Улар енгил жазо олиши учун шу модда қўлланилган. Қолаверса, улар етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаб беришини талаб қиламан. Туман ИИБ томонидан «Тергов натижаси юзасидан Қўшработ туман прокуратурасига мурожаат қилишингиз мумкин», деган хат келган. Чора кўрилмаса, мен яна юқори ташкилотларга мурожаат қиламан, — дейди Раҳмиддин Дўсмонов.

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Қўшработда ўқитувчи уч ака-ука томонидан ўласи қилиб калтакланди