date
views 2 324

Сенат: Маданият вазирлиги томонидан айрим вазифалар белгиланган муддатларда бажарилмаган

Сенат: Маданият вазирлиги томонидан айрим вазифалар белгиланган муддатларда бажарилмаган
Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати
Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг ҳамда Маданият вазирлигининг 2019 йилнинг тўққиз ойи давомидаги фаолияти юзасидан ҳисоботлари эшитилди.

Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг жорий йил давомидаги фаолиятида 44 та мақсадли вазифа амалга оширилиши белгиланган, шундан 26 таси жорий йилнинг I-Ш чоракларида бажарилиши лозим эди. Уларнинг ижросини таъминлаш мақсадида вазирлик томонидан муайян ишлар амалга оширилган. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳужжатларини расмийлаштириш мақсадида жами 5430 та маданий мерос объектининг манзилли рўйхати тузилган ва тасдиқланган.

Ҳудудлардаги болалар мусиқа ва санъат мактабларида 4045 нафар олий маълумотли мутахассис ўқитувчига эҳтиёж борлиги аниқланган, камида уч йил меҳнат стажига эга 5131 нафар мутахассиснинг рўйхати шакллантирилган. Болалар мусиқа ва санъат мактаблари учун педагог кадрларни тайёрлаш бўйича Ўзбекистон давлат консерваториясида махсус сиртқи бўлим очилган.

Мажлисда вазирлик томонидан айрим вазифалар белгиланган муддатларда бажарилмаганлигига урғу берилди. Жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида 50 та истироҳат боғи фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган бўлиб, бугунга қадар тадбиркорлик субъектларининг бизнес-режа лойиҳалари вазирликнинг тегишли бошқармалари томонидан ҳалигача кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Сирдарё вилоятларида кўзи ожизлар учун кутубхоналар биноларини қуриш ишлари олиб борилиши муддати 2019 йилнинг I-III чораклари этиб белгиланган бўлса-да, бунинг ижроси ҳам таъминланмаган.

Муҳокама натижалари бўйича Маданият вазирлиги зиммасига юклатилган барча вазифаларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш юзасидан амалий тавсиялар билдирилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сенат: Маданият вазирлиги томонидан айрим вазифалар белгиланган муддатларда бажарилмаган