19:47 / 13.11.2019
2 560

Мажбурий меҳнатга йўл қўйганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муҳокама қилинмоқда

Мажбурий меҳнатга йўл қўйганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муҳокама қилинмоқда
Бугун, 13 ноябрь куни «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида «Одам савдосига қарши курашишда судларнинг ўрни» мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Бу ҳақда Kun.uz нашри хабар бермоқда.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Олий суд раиси Козимжон Комилов, Тараққиёт стратегияси маркази ижрочи директори Элдор Туляков, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) одам савдоси билан кураш бўйича махсус вакили Валиант Ричи, Россия Федерацияси Олий суди судьяси Олег Зателепин иштирок этди.

Шунингдек, халқаро конференцияда Австрия, Озарбайжон, Арманистон, Венгрия, Грузия, Греция, Италия, Испания, Қозоғистон, Кипр, Қирғизистон, Тожикистон, Латвия, Португалия, Россия, Руминия, Украина, Сербия, Словакия, Словения, Буюк Британия, АҚШ ва Франциядан халқаро экспертлар ҳам қатнашдилар.

Тадбирни очиб бериш учун сўз Ўзбекистон Сенати раиси, Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш миллий комиссияси раҳбари Танзила Норбоевага берилди.

«Бугунги тадбирдан одам савдоси муаммоси давлат сиёсати даражасига кўтарилганини кўриш мумкин. 2019-2020 йилларда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат органлари самарадорлигини ошириш бўйича биринчи навбатда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси қабул қилинди. Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш бўйича қилинаётган ишларни кенг жамоатчиликка ва халқаро ҳамжамиятга етказиш мақсадида медиа режа тасдиқланди. Халқаро меҳнат ташкилоти, АҚШ Давлат департаменти, Сotton Campaign, Human Rights Watch халқаро ташкилотларининг маслаҳатларини инобатга олган ҳолда, одам савдоси ва мажбурий меҳнат соҳасида Ўзбекистон позициясини яхшилашга қаратилган йўл харитаси ишлаб чиқилди.

Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйганлик учун жавобгарлик нормасини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига қўшимчалар киритишга оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва ҳозирги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур қонун лойиҳаси ҳам Олий Мажлис палаталарига киритиш учун тайёрланмоқда. Сенатнинг декабрдаги ялпи мажлиси муҳокамасига мана шу қонун лойиҳаларини киритиш режалаштирилган», – дейди Норбоева.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мажбурий меҳнатга йўл қўйганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муҳокама қилинмоқда