15:23 / 17.11.2019
4 076

Тошкент шаҳри ҳокимининг журналистларга таҳдиди интернетда қандай акс-садо берди?

Тошкент шаҳри ҳокимининг журналистларга таҳдиди интернетда қандай акс-садо берди?
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг мухбирларга қилган таҳдиди аудиоси тарқалгани ижтимоий тармоқларда катта резонанс келтириб чиқарди деб ёзади Kun.uz нашри.
Аудиода Ортиқхўжаев журналистларни маҳаллада сазойи қилишга, ҳатто жисмонан йўқ қилиб юбора олишга қодирлигини таъкидлаб ўтган.
[media=https://youtu.be/qZ9dhZZuteo]
Интернет сайтлари ва блогерлар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари воқеа борасида ўз фикрларини билдиришмоқда.

Qalampir.uz сайти шундай ёзади:
«Бугун ОАВ Ўзбекистонда шахсан мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев эътиборидаги соҳа. Журналистларнинг давлат ва жамиятдаги мавқейини кўтариш, ОАВни тўртинчи ҳокимият даражасига олиб чиқишни талаб қиляпти Президент. Айни шу даврда Ортиқхўжаевнинг бу хатти-ҳаракатини қандай изоҳлаш мумкин? Хўш, энди ким давлатга ва бугунги сиёсатга душман бўляпти, журналистларми ё Ортиқхўжаев?»

Xabar.uz сайти воқеа ҳақидаги хабарни шундай хулосалаган:
«Буни шунчаки қолдириб бўлмайди. Демак, вазият ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ойдинлик киритишни талаб қилади. Шунингдек, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникация агентлиги ҳам ўз муносабатини билдириши мақсадга мувофиқдир».

Партиялар иштирокидаги дебатда блогер Нозим Сафари «Миллий тикланиш» партиясидан бу борада муносабат сўради. Бироқ, партия номидан гапирганлар мавзуга мутлақо муносабат билдиришмасдан, умумий гаплар билан аравани қуруқ олиб қочишди.

«Адолат» социал-демократик партияси ўз расмий сайтида воқеага муносабат билдириб ўтди.
«Ҳокимнинг оғзидан янграган сўзлар нафақат журналист ёки блогер, балки эшитган ҳар бир қулоқ учун оғир ботади. Инсон ҳуқуқлари устувор жамиятда бу ҳолатни қандай ҳазм қилиш мумкин?

Ушбу ҳолатга Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ҳимоявий чора кутиб қоламиз», — дейилади партия матбуот хизмати хабарида.

Ҳозирча яна икки партия кун мавзуси юзасидан мунозараларга қўшилган.

Халқ демократик партияси Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларга таҳдидини халқ ва давлатга ҳурматсизлик деб атади.
«Аудиоёзувдаги ҳолат ҳақиқатда рўй берган бўлса, демократик ислоҳотларнинг энг муҳим шарти – сўз ва фикр эркинлигига, журналистларга очиқдан-очиқ таҳдид қилиш, «менга ҳамма нарса мумкин», деб ўйлаш, аввало, халқ ва давлатни менсимаслик, деб баҳоланиши керак.

Халқ демократик партияси касби, фаолият тури, ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, ҳар бир инсоннинг устувор ҳуқуқлари тўлиқ кафолатланиши ва амалда таъминланиши зарур, деб ҳисоблайди. Мутасадди идоралардан тез орада аниқ ва расмий маълумотларни кутади», — дейилади Ўзбекистон ХДП Марказий кенгаши баёнотида.

«Миллий тикланиш» раиси Алишер Қодиров эса аудиоёзув ҳақиқийлиги исботланмагунча унга муносабат билдиришдан бош тортди.
«Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев овози билан ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган аудиоёзувнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмагунича ушбу масалада фикр билдиришни тўғри деб ҳисобламаймиз.

Мавзу бўйича биринчи бўлиб изоҳ ёки баёнот бериш Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва хабарнинг муаллифига тегишлидир», дея ёзган партия раиси фейсбукдаги саҳифасида.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳам ушбу вазиятдан хабардор эканлигини ҳамда тегишли чоралар кўрилаётганини маълум қилди.

«Шуни маълум қиламанки, биз вазиятдан хабардормиз ва бу борада тегишли чоралар кўрилмоқда. Тўпланган барча маълумотлар асосида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Бош прокуратурага мурожаат хати юборилади ва уларнинг хулосалари асосида муаяйн тўхтамга келинади.

Ишонамизки, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун масъул бўлган мазкур давлат органлари томонидан ушбу масалага муносиб ҳуқуқий баҳо берилади. Журналист ва блогерларимиздан вазиятга ҳуқуқий баҳо берилгунга қадар ҳиссиётларга берилмаслик, шошма-шошарлик билан хулоса чиқармасликни сўраймиз.

Таъкидлашни истар эдимки, ким томонидан эканидан қатъи назар, тўртинчи ҳокимият — журналистлар ҳақида айтилган бундай фикрлар ўта ёқимсиз ҳолат ва бунга жим қараб туриш мумкин эмас. Бу — давлат сиёсати ва жамиятда ўрнатилган қоидаларга мутлақо зиддир. Биз ўз позициямизда қатъиймиз — юртимиздаги барча журналист ва блогерлар Агентлигимиз ҳимоясида. Уларнинг ҳуқуқлари бузилгани ўз тасдиғини топган тақдирда, албатта тегишли чоралар кўрилади», — дейилади АОКА ахборот хизмати раҳбари Ҳикматилла Убайдуллаевнинг баёнотида.

Блогер Нурбек Алимовнинг фикрича, «Бу гапларнинг таркиби жиноятдан бошқа нарса эмас. Объектив бўлиб тан олиш керак, Президент бошчилигида Алламжонов шунча харакат қилди сўз эркинлигини таъминлаш, журналистлар ва блогерларни гапиришга рухсат беришга. Бу персонаж эса уларнинг ишини саботаж қилмоқда, десак ҳам бўлади».

Блогер Bakiroo шундай ёзмоқда: «Ҳокимият одамни бузади. Чекланмаган ҳокимият эса одамни чекланмаган даражада бузади.
Пул одамни бузади. Жуда катта пул одамни тийиқсиз даражада бузади.
Чекланмаган ҳокимият ва жуда катта пулга эга одам қандай даражада бузилади, энди тасаввур қилинг».

Твиттер, Фейсбук, Инстаграм ва Телеграмда журналистлар ва блогерлар бирдамликка чорлаб, #бизитниболасиэмасмиз, #журналиститниболасиэмас, #истеъфо каби ҳэштеглар билан ёза бошлашди.

Телеграмдаги ўзбек блогерлари ўз каналлари номини ёппасига Ортиқхўжаевнинг таҳдидларида янграган сўзларга ўзгартиришди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Дилфуза Расулова фейсбукдаги саҳифасида шундай ёзди: «Қаёқдаги номард, аблаҳ писмайиб туриб ёзиб олган аудиоёзувнинг бош-кетини суриштирмасдан, изоҳ олмасдан, унинг «тарқатувчи»сини топмасдан туриб, ўзининг сайтида чиқариб юборадиган мухбир-у журналистларни нима деб атаса бўлади?!»

Фейсбукдаги фойдаланувчиларнинг бу борадаги фикрлари иккига бўлинган:

Троллар фабрикаси ишга тушгани яққол кўриниб турибди. Ортиқхўжаевнинг таҳдидини ёқлаётганлар асосан рус тилида ёзишмоқда. Профилларидан тролл эканлиги аниқ кимсаларнинг ва ҳокимни ёқлаётган айрим фойдаланувчиларнинг ёзишмалари мазмуни деярли бир хил: ҳоким шаҳар учун катта ишларни амалга оширган, «Тошкент сити»ни қурган, осмонимиз мусаффо, журналистлар эса аввал унинг жаҳлини чиқариб, писмиқларча овозини ёзиб олиб, керакли жойларини қолдириб, монтаж қилгани таъкидланмоқда.

Бироқ, комментларда троллар ёзишмага улгурмаяпти. Халқ вакиллари ўзларининг бу борадаги фикрларини билдириш учун кетма-кет изоҳлар қолдиришмоқда. Улар орасида троллар ҳужумини пайқаганлар ҳам бор.

Джавахир Абдужаббаров: «Охо, сколько фейк аккаунтов понаехали и защищают:)))»

Ши Рин: «Ватан ташвишида тарозини ушлаб туриш жуда қийин! Бу одамнинг халққа фойдаси, кўпчиликни иш билан таъминлагани бор, лекин ким бўлишидан, нима иш қилишидан қатъи назар, бу оҳангда ҳеч ким билан гаплашишга ҳаққи йўқ! Айниқса, давлат ишида ишлаб туриб қилаётган муомала-маданиятига тан бермадим! Уят, агар шу гапларни айтган бўлса! Қани қандай чора кўришаркин».

Ҳусниддин Қаҳҳаров: «Энди журналистларнинг бирортаси ё ўғирланади ёки қўққисдан ўлиб қоладиган вақтлар келибди-да. Юрагида ўти бор журналистларга чидам берсин».

Хуршид Матқурбанов: «Фақат Аллоҳгина истаган нарсасини қилиши мумкин, бандаси эмас. Унақа қиламан бунақа қиламан, дейишнинг фойдаси йўқ. Аллоҳнинг иродаси ва хоҳиши билан қила олур».

Собиржон Холмуминов: «Мана энди депутатлик курсилари учун курашаетган партиялардан қайси бири бу воқеанинг тагига етаркан, кўрамиз».

Ойбек Мавлонов: «Оддий одам сўкса ёки таҳдид қилса жазоланади, амалдор шундай қилса — кечирим сўраб қутулади. Қани адолат? Қани тенг ҳуқуқлилик? Қани конституцияю қани инсон ҳуқуқлари?».

Ўз-ўзидан, кўпчиликка ҳокимнинг бу хатти-ҳаракати юзасидан суриштирув бошланиши ва қандай чора қўлланиши қизиқ. Аммо Олмазор тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари Абдурасул Ваҳобовнинг туҳматини туҳмат ўлароқ баҳолай олмаётган шаҳар прокуратураси Тошкент шаҳар ҳокимининг таҳдидларини таҳдид ўлароқ баҳолай олармикан? Умуман, мазкур ҳолатга холисона баҳо бериладими-йўқми?

Айни дамда барча Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура бу ҳолатга қачон ва қандай муносабатда бўлишини кутмоқда ва кузатмоқда.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ тайёрлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкент шаҳри ҳокимининг журналистларга таҳдиди интернетда қандай акс-садо берди?