18:56 / 17.11.2019
4 276

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Kun.uz мухбирларига таҳдид қилгани айтилмоқда

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Kun.uz мухбирларига таҳдид қилгани айтилмоқда
Кеча, 16 ноябрь куни интернетда Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг мухбирларга қилган таҳдиди аудиоси тарқалди. Аудиода Ортиқхўжаев журналистларни шарманда қилиш, ҳаттоки жисмонан йўқ қилиб юбора олишга қодирлиги билан таҳдид қилган.

Kun.uz сайтининг ёзишича, мазкур таҳдид шаҳар ҳокимидан Олмазор тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари Абдурасул Ваҳобов билан боғлиқ воқеанинг эртасига Kun.uz мухбирлари Раҳматилла Исроилов, Шерзод Эгамбердиев ва Баҳодир Аҳмедов ҳоким қабулида бўлган чоғда янграган.

Ўша куни Тошкент шаҳар ҳокими А.Ваҳобов ва мухбирларни ўз ҳузурига чорлаб, яраштирмоқчи, ўртадаги тушунмовчиликни ҳал қилмоқчи бўлган. Томонлар муроса қила олмагач, учрашув таҳдидли “тарбиявий соат”га айланиб кетган.

Хабарда айтилишича, сайт таҳририят ҳоким билан учрашув вақтидаги аудиоёзувни Ваҳобов ва Kun.uz ўртасидаги низоли вазият қасд олишга айланиб кетмаслиги ҳамда шаҳар ҳокимининг обрў-эътиборига путур етказмаслик учун оммага ошкор қилиш фикридан воз кечган эди.

16 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда шу воқеага оид аудиоёзув тарқалишига эса Kun.uz таҳририятининг алоқаси йўқ.

Бугун, 17 ноябрь куни Бош прокуратура томонидан интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда тарқалган бу аудиоёзувдаги овознинг Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга мансублиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилаётгани ҳақида хабар берилди.

Маълумот учун, Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг сўзлари ёзиб олинган тўлиқ форматдаги аудиоёзувлар Kun.uz таҳририятида мавжуд бўлиб, белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун Бош прокуратурага тақдим этилиши мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Жаҳонгир Ортиқхўжаев Kun.uz мухбирларига таҳдид қилгани айтилмоқда