19:15 / 08.12.2019
2 903

Вақтинча пропискада турганлар сайлов пайти қандай овоз беради?

Вақтинча пропискада турганлар сайлов пайти қандай овоз беради?
Сайлов кунига ҳам оз қолди. Шу кунларда аҳолини энг кўп ўйланираётган саволлардан бири, расман вақтинча пропискада турган ёки умуман бирор жойда вақтинча ҳисобга олинмасдан, шунчаки бошқа ҳудудда яшаб юрган фуқаролар қаердан овоз бериши мумкинлиги ҳақида бўлмоқда.

Марказий сайлов комиссияси ушбу масалага ойдинлик киритди.
Фуқароларни сайловчилар рўйхатига киритиш масалаларида ягона амалиётни қўллаш мақсадида Марказий сайлов комиссияси томонидан қарор қабул қилинган. Унда қуйидагилар белгиланди:

Биринчидан, сайловчининг қайси сайлов участкаси бўйича (доимий ёки вақтинча прописка (ҳисобда туриш) жойи бўйича) сайловчилар рўйхатига киритилиши участка сайлов комиссияси ўтказадиган уйма-уй юриш натижаларига кўра аниқланади. Бунда, сайлов участкаси ҳудудида вақтинчалик яшаётган фуқаролар бўлса, уларнинг овоз бериш куни ушбу ҳудудда бўлиши ёки бўлмаслиги ўзаро суҳбат чоғида участка сайлов комиссияси аъзоси томонидан аниқланади ва сайловчини вақтинча яшаб турган жойи бўйича сайловчилар рўйхатига киритиш масаласи ҳал этилади.

Сайлов участкаси ҳудудида вақтинчалик яшаётган фуқаролар билан шахсан суҳбат қуриш имконияти бўлмаса, улар вақтинча яшаш жойидаги сайлов участкаси сайловчилар рўйхатига киритилмайди.

Иккинчидан, агар сайловчи пропискада турмаса, вақтинча яшаш жойидаги сайлов участкаси бўйича сайловчилар рўйхатига киритилиши ва овоз бериши мумкин.

Бунда сайловчи яшаб турган жойидаги сайлов участкаси бўйича рўйхатга киритилиши учун шу ҳудуддаги участка сайлов комиссиясига сайловга камида уч кун қолгунга қадар (19 декабргача) мурожаат қилиши мумкин.

Фуқаро ҳақиқатан сайлов участкаси жойлашган ҳудудда вақтинча яшаётганини қўшимча ҳужжатлар (вақтинча яшаш маълумотномаси ва бошқалар) билан тасдиқлашни талаб қилишга йўл қўйилмайди. Яъни шунчаки «сайлов куни мен мана шу ҳудудда бўламан», деб мурожаат қилса етарли бўлади.

Участка сайлов комиссияси фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати асосида сайловчининг қайси сайлов участкаси бўйича рўйхатга киритилганлигини сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан (СЯЭР) излаб топади ва муддатидан олдин овоз берган ёки бермаганлигини аниқлаштиради. Муддатидан олдин овоз берган бўлса рўйхатга киритилмайди.

Учинчидан, сайловчи овоз бериш куни (22 декабрь) доимий ёки вақтинча прописка (ҳисобда туриш) жойи бўйича мурожаат қилганда, агар у сайловчилар рўйхатига киритилмаган бўлса, участка сайлов комиссия аъзоси тизимга кириб ушбу фуқарони СЯЭРдан излаб топади.

Излаб топгандан сўнг алоқа воситалари орқали сайловчилар рўйхатига киритилган сайлов участкасида овоз берган/бермаганлигини аниқлаштиради. Шундан сўнг сайловчини сайловчилар рўйхатининг иловасига киритган ҳолда унга сайлов бюллетенини беради. Нариги участка сайлов комиссияси сайловчи бошқа сайлов участкасида овоз берганини қайд этиб қўяди.

Агар фуқаро бошқа сайлов участкасида овоз берган бўлса, унда овоз бериш рад этилади, чунки 1 киши 1 овозга эга.

Тўртинчидан, агар сайловчи овоз бериш куни (22 декабрь) ҳисобга олинмаган (пропискада турмаган) жойи бўйича участка сайлов комиссиясига мурожаат қилганда, фуқаронинг доимий ёки вақтинчалик яшаш жойи бўйича бошқа сайлов участкасида овоз бериши кераклиги тушунтирилади ҳамда овоз бериш рад этилади.

Хулоса қилиб айтганда, расмий вақтинча пропискага эга бўлган фуқаролар сайлов куни бемалол яшаб турган сайлов участкасига бориб овоз беришлари мумкин, расмий рўйхатдан ўтмасдан яшаётганлар эса 19 декабргача мурожаат қилиб қўйишлари кифоя қилади. Сайлов куни борса, рўйхатдан ўтмасдан яшаётган ҳудудида овоз бера олмайди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Вақтинча пропискада турганлар сайлов пайти қандай овоз беради?