09:58 / 09.12.2019
3 578

Марғилонлик “Пупуууп тоға” ҳажга борди

Марғилонлик “Пупуууп тоға” ҳажга борди
Суратдаги отахонни марғилонликлар жуда яхши танийди. Мен ҳам эсимни танибманки, маҳаллага "Пупуууп" деб келиб, ёш болаларнинг кўнглини овлаб, арзимаган пулга пичоқ, ўроқ ва бошқа рўзғор анжомларини чархлаб кетадиган чархчи тоға. Асли исмлари Ғанижон, аммо марғилонликлар у кишини “Пупуууп тоға” деб айтишади.

Ғанижон ота — ажойиб кашфиётлар эгаси. Отахон “Урал” русумли велосипедини бир зумда механик йўл билан чархловчи аппаратга айлантирарди. Велосипедини миниб, маҳаллага келар, иккита махсус қозиқ билан велосипедни турғизиб, рулга чархни улар, велосипед занжирини чархга тортиб айлантирарди.

У келиши билан маҳалла болалари тоғани ўраб олар, отахон гоҳ "пупуууп" қилиб, гоҳ ширин сўзлар билан болаларнинг кўнглига йўл топарди. Бир зумда унинг келгани хабари маҳаллага тарқалиб, одамлар пичоқ, чопқи, қайчиларини олиб чиқар, отахон нозик ҳаракатлар билан уларнинг тиғини ўткирлаб берарди. Одатда нарх белгиламас, одамлар қанча беришса, рози бўлиб олаверарди.

1995 йил. Юртимизда диний эркинликлар кенг қулоқ ёйган. Масжидлар очилган, деярли ҳамма диний таълим оларди. Маҳалламиздан учта оила шахсий автомашинасида Ҳажга ҳам бориб келганди. Ғанижон тоға ҳам маҳаллага келмай қўйди. Анча вақт ўтгандан кейин уни кўриб, хурсанд бўлдим:

— Тоға, нега келмай қўйдингиз? Хафа қилдикми?
— Йўғ-ей, нега хафа бўламан?! Сафарда эдим.
— Зўр-ку, қаерга бордингиз?
— Велосипедимда Ҳажга бормоқчи эдим, Эрон чегарасидан қайтаришди...

Отахоннинг дарди ичида эди. “Ҳажга боришга пулим йўқ, велосипедда борсам деярли пул кетмас экан”, дерди. Йўл бўйи пичоқ чархлаб тирикчилик қилиб кетгани, сафар азобларини ҳикоя қилиб берди. "Майли, тоға, кейинги сафар ўтказиб юборишар" дея далда берган бўлдим.

Ғанижон тоға маҳаллага келмай қолса, у яна Ҳажга кетибди, деган гаплар тарқаларди. Кейинчалик унинг велосипедда яна йўлга чиққани, бир сафар Туркиядан, охирги марта эса Туркманистон чегарасидан қайтаришгани ҳақида эшитдик.

Ўтган йили Рамазонда "Марғилонликлар" гуруҳида Ғани тоғанинг расмини жойлашди. Ҳали ҳам Байтуллоҳга етишолмаганини айтган эди. Кечаги ҳафта хушхабар келди — Чархчи тоғанинг ярим асрлик орзуи рўёбга чиқибди. Байтуллоҳнинг зиёрати насиб этибди. Хурсанд бўлдим.

Умрангиз қабул бўлсин Ғани тоға! Умрингиз узоқ бўлсин!
Казо-казолар даврини суриб ўтиб кетаверади. Халқнинг хотирасида эса мана шундай оддий инсонлар қолади!

Давронбек Тожиалиев

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Марғилонлик “Пупуууп тоға” ҳажга борди