14:20 / 16.12.2019
2 310

Сохта ИИБ ходими ҳақиқий ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинди

Сохта ИИБ ходими ҳақиқий ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинди
Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди очиқ суд мажлисида ЖКнинг 166-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбланган Азимжон Алиевнинг (исм-шарифи ўзгартирилган) жиноят иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда шаҳар судининг судьяси Нодирбек Райимқулов маълум қилди, деб хабар бермоқда «Дарё».

Судланувчи 1990 йили Наманган туманида туғилган, муқаддам 2015 йил юқоридаги каби жиноятни содир этганлиги сабабли 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Амнистияга асосан жазонинг ўталмай қолган қисми ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилиб, қамоқдан озод этилган ва тайинланган жазодан 2016 йил 30 декабрь куни амнистия актига асосан озод қилинган.

Аммо у бундай енгилликдан ўзига тўғри хулоса чиқармай яна жиноятга қўл урди. 2017 йил 22 май куни соат 10:30 атрофида Наманган шаҳар, «Фурқат» МФЙ ҳудудида жойлашган каналга бориб, у ерда уч нафар вояга етмаган бола чўмилаётганлигини кўрган. Болалар бу ердан кетмоқчи бўлганида уларни тўхтатиб, нима қилиб юрганлигини сўраганида улар бу ерга чўмилиш учун келганлиги, мактабда 8-синф ўқувчиси эканликларини айтишган.

Шунда у ўзини уларга ИИБ ходими сифатида таништириб, дарс вақтида тентираб юрганлари учун уларни ички ишлар идорасига олиб бориши ва ота-онасини чақириб, жарима солишини айтади. Қўрқитиб, телефон ёки пуллари бўлса беришини талаб қилади. Шунда М.А. исмли бола Artel русумли телефони борлигини айтиб, унга қурилмасини тутқазади.

Шундан сўнг Азимжон Алиев уларни қўйиб юборади. Болалар йўлларида учраган ИИБ ходимларига бўлган воқеани айтиб, арз қилади. Улар болалар билан бирга канал атрофига келиб, Алиевни қўлга олади. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат қўлланилади. Бироқ Азимжон аввал ҳам қамалиб чиққани учун қўрққанидан Тошкентга қочиб кетади.

2017 йил 18 июлда суд томонидан қидирув эълон қилиниб, унга нисбатан қўлланилган муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат қамоқ эҳтиёт чорасига алмаштирилади.

Жорий йил октябрь ойида унинг Тошкентда эканлиги аниқланиб, олиб борилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар тушунтирилди. Шундан сўнг Азимжон Алиев Наманганга қайтиб келиб, ИИБ ходимларига таслим бўлди.

Суд ушбу жиноят ишини қўриб чиқиб, А.Алиевга қонун санкциясида назарда тутилган жазодан ҳам енгил жазо тайинлади. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 166-моддаси 3-қисми «а» банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сохта ИИБ ходими ҳақиқий ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинди