Самарқандда бир йил ичида 5 мингдан ортиқ расмий никоҳсиз яшаётган оилалар аниқланди

  • 16 декабрь 2019, 22:30
  • 1 066
  • Жамият
  • Самарқандда бир йил ичида 5 мингдан ортиқ расмий никоҳсиз яшаётган оилалар аниқланди
    Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси, сенатор Гавҳар Алимова ЎзА’га берган интервьюсида хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, оиладаги ўрнини мустаҳкамлаш борасидаги ютуқлар ва камчиликлар ҳақида гапирди.

    «2018—2019 йилларда вилоятимизда 5 мингдан ортиқ шаърий никоҳ билан яшаётган оила аниқланди. Ҳозирда уларнинг 4 мингтаси ФҲДЁдан ўтказилди. 300 яқин фуқаро қонуний никоҳдан ажрашмаган бўлса-да, бошқа оила қурган.

    Бунда улар тиббий кўрикдан ҳам ўтмай оила қурган. Ўйлаб кўринг, йигит ёки қиз ҳар хил, жумладан, юқумли касалга чалинган бўлиши ҳам мумкин. Яқинда бир аёл йиғлаб келди, шаърий никоҳ билан турмушга чиқиб, эридан сил юқтирган. Яна бир аёлни ўргандим. Турмуш қургач, олти ойдан кейин соғлиғи ёмонлашган, ҳомиладор бўлсам керак деган фикрда шифокорга борса, СПИД аниқланган. Мана шаърий никоҳ оқибати. Бундай ҳолатда фарзанд соғлом бўлиши, унинг тақдири гўзал бўлишига ким кафолат беради?», — дейди Гавҳар Алимова.

    «Қайси ҳудудларда хотин-қизлар билан боғлиқ зўравонлик ҳолатлари, кам таъминланганлик, ишсизлик кўп учрайди?», деган саволга Гавҳар Алимова қуйидагича жавоб берди:

    «Оқдарёда тунги барларда юрган қизлар бизни қийнамоқда. Бунда асосий муаммо онада. Кечаси қизи чиқиб кетса, она қандай қилиб билмаслиги мумкин. Яқинда 16 ёш қизнинг ҳомиладорлиги аниқланди. У 15 ёшда шу йўлга кирган, она билмадим, дейди елка қисиб. Бу жавобми? Нима учун қизининг тарбияси билан шуғулланиб, дилдан суҳбатлашмайди. Нега ота ўғлининг юриш-туришини назорат қилмайди, ўтириб гаплашмайди. Қани оилада отанинг ўрни?

    Тўғри, мактаб-чи, деймиз, у таълимга жавоб беради. Маҳалла деймиз, қарайди қиз кўчада тинч юрибди. Ҳамма нарса оилада, уйда юз бермоқда. Мисол учун, куни кеча 17 ёш қиз уйдан чиқиб кетган. Онаси телефон қилиб ‘Илтимос, шу қизимни қаматиб юборинғ, дейди. Ёш қиз ичаркан, чекаркан, уйдан чиқиб кетиб, бир ҳафта, ўн кун йўқ бўлиб кетармиш. Ҳаракат қилиб бир кунда топдик. Шаҳарга олиб келиб, психолог бириктирдик. Битта дарсдан кейин қочиб кетди. Психолог ҳафтасига уч марта қатнаб, қизнинг уйига бориб дарс ўтмоқда. Тарбия оилада бўлмагандан кейин қийин экан.

    Пасдарғом, Ургут туманларида ҳам қатор масалалар мавжуд. Бу ҳудудларда аҳоли зич жойлашган, кам таъминланганлар ҳам нисбатан кўпроқ. Ургутдаги энг катта муаммо қизларни эрта турмушга берилиши. Аёл фақат бола катта қилади, рўзғор қилади, деган тушунчалар даври ўтди. Қизларга замонавий билим бериш, ўқитиш, керак бўлса, кучли тадбиркор ва сиёсатчи қилиб тайёрлашимиз керак».

    » » Самарқандда бир йил ичида 5 мингдан ортиқ расмий никоҳсиз яшаётган оилалар аниқланди