21:44 / 13.01.2020
4 034

Ўзбекистонда юқори қувватга эга қуёш ва шамол электр станцияларини қурилади

Ўзбекистонда юқори қувватга эга қуёш ва шамол электр станцияларини қурилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 январь куни электр энергетикаси соҳасини янада ривожлантириш бўйича жорий йилга асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

2019 йил 1 февралдаги президент қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ташкил этилган бўлиб, ўша йилнинг 27 мартидаги қарорга асосан эса, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти ислоҳ қилиниб, унинг негизида “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятлари ташкил топди.

Хабарда айтилишича, ўтган йили мамлакатимизда 6 та йирик лойиҳа доирасида жами 1076 мегаватт электр энергия қувватлари ишга туширилди.

Жорий йилда электр энергияси истеъмоли 71 миллиард киловатт-соатни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан ўртача 9 фоизга, яъни, иқтисодиёт тармоқлари талаби 10, аҳолиники эса 8,5 фоизга ошиши кутилмоқда.

Фото: president.uz
Жорий йилда иссиқлик электр станцияларида 1177 мегаватт, гидро электр станцияларида 120 мегаватт қувватлар ишга туширилиши режалаштирилган. Шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига 3 минг 500 мегаваттли буғ-газ қурилмалари, 400 мегаваттли шамол ва шундай қувватга эга қуёш электр станцияларини қуриш бўйича лойиҳалар шакллантирилган.

Йиғилишда тармоқ корхоналарида рентабелликни таъминлаш, энергия истеъмоли учун қарздорликни бартараф этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Электр энергиясини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими бу борада яхши самара бераётгани қайд этилиб, “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятига йил якунигача яна 4 миллион 500 минг дона замонавий ҳисоблагичлар ўрнатиш вазифаси қўйилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга бориб юртимизда электр энергияси истеъмоли ҳозиргига нисбатан 2 баробар кўп бўлиши кутилмоқда. Шу боис Энергетика вазирлигига кейинги ўн йилда умумий қуввати 7 минг 900 мегаваттни ташкил этадиган янги иссиқлик электр станцияларини ишга тушириш бўйича топшириқлар берилди.

Шунингдек, инвесторларни жалб қилган ҳолда, 8 минг мегаватт қувватга эга қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, гидро электр станциялари қувватини 1 минг 935 мегаваттга ошириш, кичик гидро электр станциялар барпо этишни хусусий секторга бериш юзасидан вазифалар белгиланди.

Мутасадди ташкилотларга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда электр энергияси соҳасида замонавий технологиялар билан бевосита ишлайдиган ўрта ва кичик бўғин мутахассисларини тайёрлаш бўйича беш йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда юқори қувватга эга қуёш ва шамол электр станцияларини қурилади